Судья Нью-Йоркда полиция томонидан кишиларни кўчада сўроққа тутиш ва титкилаш амалиётини конституцияга зид деб топди

7951149832_93d748731f_z

Нью-Йорк  суди шаҳарда полиция ходимлари томонидан қўлланиб келинган “тўхтат, сўроққа тут ва тинтув ўтказ” амалиётини мамлакат конституциясига зид деб топди. Бу полиция вакиллари учун жиддий зарба бўлди, дейиш мумкин.

Душанба куни судья 2008 йилдан бери кўриб чиқилаётган Нью-Йорк полиция департаменти (NYPD) қўллаб келаётган амалиётнинг қонунийлиги бўйича иш юзасидан ҳукм чиқарди. Шаҳар маъмурияти эса бу амалиётни ҳудудда жиноятчиликни камайтиришнинг муҳим омили сифатида баҳолаб келаётган эди. Судья Шайра Шейдлинга кўра, бундай амалиёт ирқий камситишнинг бир кўриниши бўлгани учун ҳам бекор қилиниши керак.

Нью-Йорк кўчаларида йўловчиларни тўхтатиш, сўроққа тутиш ва тинтув қилиш амалиёти АҚШнинг бошқа штатларида ҳам қўлланилади. 1968 йили АҚШ Олий суди агар полиция вакили қўлга олинажак шахснинг жиноят содир қилгани ёки қилишга ҳозирлик кўраётгани бўйича асоси бўлса, бу амалиёт конституцияга зид келмаслиги ҳақида қарор қабул қилган эди. Полиция вакили кишини қурол-яроқ бор ёки йўқлигини аниқлаш учун қўл билан пайпаслаб кўриши мумкин. Шаҳар маъмуриятига кўра, мазкур амалиёт жиноятчиликнинг олдини олиш ва уни қисқартиришда муҳим омил бўлган ҳамда кўплаб ёшларнинг ҳаётини сақлаб қолган. Шаҳар полициясига кўра, қўлга олинган саккиз нафар шахсдан бири жиноятчилиги исботланган.

Шунга қарамай 2008 йилда судга мурожаат бўлади. Унга кўра, полиция вакиллари ушбу амалиётдан фойдаланишда, авваламбор, қора танли ҳамда Лотин Америкаси вакилларини тўхтатишга кўпроқ урғу берган.

Нью-Йорк полицияси ёнини олишга эса Нью-Йорк шаҳар мэри Майкл Блумберг бутун кучини йўналтирди. Аммо кутилган натижага эриша олмагач, судьяни кескин танқид қилди. У судьяни NYPDнинг одил судловга бўлган ҳуқуқидан маҳрум қилганликда айблади. “Ҳеч қандай тезкор хатти-ҳаракатлар бўлмайди. Мен кўп сонли одамлар нобуд бўлишини ўз зиммамга олмайман”, деди у, жумладан..

Шаҳар мэрияси нафақат юқори инстанцияга мурожаат қилади, балки апелляция кўриб чиқилаётан пайтда мазкур амалиётни қўллаш учун суд рухсатини ҳам олишга ҳаракат қилади.