Россияда тожик тилида телеканал ташкил этилди

imagesРоссияда рус ва тожик тилларида намойиш этиладиган тожикистонликларнинг биринчи телеканали иш бошлади. «САФО-ТВ»нинг рус таҳририяти муҳаррири Темур Варқийнинг айтишича, тожик тилидаги биринчи хабарлар дастури 8 август — пайшанба куни соат 20:00да эълон қилинди, бир соатдан сўнг рус тилида эфир юзини кўрди. Бу ҳақда «Новый век» газетаси хабар тарқатди.

Темур Варқий сўзларига кўра, телеканални ташкил этиш ғояси Россияда иш олиб борадиган тожикистонлик бизнесменларга тегишлидир. Кун давомида намойиш этиладиган телеканал россиялик томошабинларга тожиклар ва Тожикистон, Марказий Осиё, Афғонистон ҳамда Эрон ҳақида кўрсатув ҳамда ахборотлар бериб боради.

«Телеканал янгиликлар, таҳлилий кўрсатувларга ҳам эътиборни кучайтиради, шу билан бирга, Россиядаги мигрантларнинг ижтимоий-маданий ҳаётини ёритиб боради, айни чоғда рус тилида сабоқ бериб борилади», деди телеканал вакили.

Темур Варқий тожиклар қадимий маданиятга эга халқ эканлигини айтиб, тожикистонликларни бунга муносиб бўлишга ундади. «Ҳар бир тожик ўз мамлакати имижи учун масъул. Россияликлар онгида давлатимиз ҳақида шаклланган салбий тасаввурда бизнинг одамларнинг ҳам айби бор», деди у жумладан.