Ўзбекистонда тўлов-контракт тўлови миқдори яна ошди

gazeta.uz/press-photo.uz
gazeta.uz/press-photo.uz

2013/2014 ўқув йили учун Республика олий таълим муассасаларида таълим йуналишлари ва мутахассисликлар бўйича битта талабани бир йиллик ўқитиш қийматига ўзгартириш киритилди. Ушбу ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган.

Блогер Хушнудбек Худайбердиевнинг ёзишича, ҳозирги ҳолат бўйича энг баланд тўлов-контракт суммаси ҳуқуқ, халқаро муносабатлар, жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар йўналишларида бўлиб, мазкур йўналишларнинг бакалавриатурасида тўлов-контракт суммаси 6 млн. 750 минг сўмни, иккинчи таълим ҳамда магистратурасида эса 7 млн. 420 минг сўмни ташкил қилмоқда.

Бакалавриатура бўйича энг кичик сумма 4 млн. 600 минг сўмни, иккинчи таълим ва магистратурада 4 млн. 990 минг сўм қилиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йил 11 июнда қабул қилинган «2013/2014 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, жорий йилда олий ўқув юртларига 56607 нафар бакалавр қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази маълумотларига кўра, жорий йилда олий ўқув юртларига кириш учун абитуриентлардан аввалги йиллардагига нисбатан анча кўп – 480 мингдан ортиқ ариза тушган.