Франциялик фермерлар кунига 100 минг дона тухумни йўқ қилиш орқали ўз норозилигини билдиришмоқда

8XRa0mOGhB_tYHnUA24cPg

Франциялик фермерлар Бретанидаги Каре-Плуге шаҳри солиқ хизмати биноси олдида 100 минг дона тухумни уриб, ёришди. Улар шу йўл билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун паст нархларга ўз қаршиликликларини намойиш этган.

BBCRussianнинг ёзишича, Франция шимоли-ғарбидаги мазкур минтақа фермерлари ҳар куни 100 минг дона тухумни шундай намойишкорона йўқ қилиш билан дўқ уришмоқда.

Бу, уларнинг фикрича, Бретанида етиштирилаётган ҳар кунги тухумнинг 5 фоизи демакдир. Улар Францияда тухум етиштиришни 5 фоизга қисқартириш орқали тухум нархини оширишга эришмоқчи.

“Бизнинг ҳиқилдоғимизга келди. Бу тухумларни ривожланаётган давлатларга беришга тайёрмизки, лекин асло Францияда бу маҳсулотлар қолмайди”, деди фермерлардан бири маҳаллий L’Express газетасига.

Шуни айтиш керакки, Европа Иттифоқи томонидан уй ҳайвонлари ва паррандаларини сақлаш учун янги қоидалар ишлаб чиқилиб, унга кўра, товуқларни каттароқ ҳажмдаги товуқхоналарда сақлаш талаб қилинади. Европа комиссиясининг мазкур ҳужжати 2012 йил 1 январдан кучга кирган. Унга кўра, товуқхоналар қўшимча қулайликларга эга бўлиши керак.

Фермерларнинг фикрича, бу ҳужжат уларнинг даромадига салбий таъсир кўрсатди. Фермерлар ҳар килограмм тухум учун 75 евроцент олишмоқда, ваҳоланки, бу учун 95 евроцент чиқим қилишга тўғри келмоқда.

Фермерларнинг айтишича, агар ҳукумат бу масалада ён босмаса, уларнинг намойиши радикал кўриниш олади.