Нуқтаи назар: Мисрда тинчликка эришишнинг охирги ва энг мақбул йўли қаттиққўл сиёсатми?

1000841_498528896885996_1467791063_n

Мисрдаги сиёсий инқироз тобора чуқурлашиб бормоқда. Ҳукуматнинг намойишчилар лагерларини тугатиш ҳақидаги қарори ва кенг қамровли амалиётидан сўнг мамлакат вице-президенти Муҳаммад ал-Барадей истеъфога чиққанини маълум қилди. Мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиниб, бир қатор шаҳарларда комендантлик соати жорий қилинди. Бу ҳақда The Washington Post хабар тарқатди.

BBCнинг мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, хабар қилишича, ҳукумат кучлари ва намойишчилар ўртасида юз берган тўқнашувларда қурбон бўлганлар сони 600 нафарга етди. Намойишчилар эса бу рақамнинг 2-3 мингга етганини айтишмоқда. 50 га яқин полиция вакили ҳалок бўлган, 200 нафарга яқин тан жароҳати олган. Мамлакат қарийб фуқаролар уруши ҳолатида турибди.

71 яшар Муҳаммад ал-Барадей бошида муваққат ҳукуматда тақдим этилган лавозимларга тайинланишга қаршилик қилган бўлса-да, сўнг мамлакат ташқи сиёсати учун масъул бўлган вице-президентлик лавозимига розилик билдиради. Барадейнинг ҳокимиятга келиши кўпчиликда катта умид уйғотган эди. Негаки, у халқаро миқёсда ҳам етарли даражада нуфузга эга. У ҳокимият тепасида бор-йўғи бир ой ишлади, холос.

Боз устига, чоршанба куни тушдан кейин Миср вақтинчалик президенти Адли Мансур фармони билан мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий қилинди. Бу билан мамлакат раҳбарияти (ҳарбийлар) намойишчиларга ҳеч қандай ён бермаслигини маълум қилди.

Ўз навбатида, “Мусулмон биродарлар” партияси “ҳарбий тўнтариш”ни амалга оширганларга қарши кураш давом эттирилишини маълум қилди.

Халқаро ҳамжамият ҳам Мисрдаги вазият юзасидан ўз муносабатларини билдирмоқда. Масалан, АҚШ Давлат котиби Жон Керри қон тўкилишларнинг олдини олиш ҳам имкон қадар тезроқ сайловлар ўтказишга чақирган бўлса, БМТ бош котиби Пан Ги Муннинг фикрича, Мисрдаги вазиятни куч билан бостириб бўлмайди. Барак Обама эса мавжуд қон тўкилишларда муваққат ҳукумат ҳамда ҳарбийларни “айблаб”, икки давлат ҳарбийлари ўртасида режалаштирилаётган ҳарбий ўқув машғулоти ўтказилмаслигини маълум қилди. Айни пайтда ўзаро ҳамкорлик “аввали йўналишда” давом этишини маълум қилган.

Шарҳловчимиз Мурод Ғофуровнинг фикрича, Мисрнинг амалдаги ҳукумати мамлакатда тартибга солишнинг охирги чорасини қўлламоқда. Бу, биринчи навбатда, ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларга нисбатан кескин чоралар кўришни назарда тутади. Фавқулодда ҳолатларнинг эълон қилиниши Миср ҳуқуқ-тартибот кучларига қўшимча ваколатлар беради. Чунки фавқулодда ҳолат, ўз талабига кўра, фуқароларнинг кўча-кўйда юришини, тунги вақтлардаги ҳаракатини кескин чеклайди. Бу вақт ичида турли намойишлар ва бошқа норозилик тадбирларини ўтказишга йўл қўйилмайди.

Миср раҳбариятининг бундай кескин чораларга қўл уришига, авваламбор, бир қатор омиллар сабаб бўлган. Биринчидан, ҳукумат қатъий чораларни қўллаш орқали “Мусулмон биродарлар” партияси раҳбариятини жуда кўп нарсадан, яъни мол-мулк, лидерлар, шунингдек, эркин ҳаракатланишдан чеклашни мўлжалламоқда. Чунки бу саъй-ҳаракатлар, алал-оқибат, ушбу партиянинг кучсизланишига олиб келиши мумкин.

Иккинчидан, Ғарб мамлакатлари, хусусан, АҚШ ва Европа Иттифоқи Мисрдаги вазият юзасидан ўз хавотирларини эълон қилса-да, “ҳарбий хунта”ни жазолаш, уларнинг фаолиятига тўғридан-тўғри ёки ҳарбий йўллар билан аралашиши эҳтимоли жуда паст. Чунки “Мусулмон биродарлар” партияси ҳокимиятга келган пайтдан эътиборан минтақада олиб борган хатти-ҳаракатлари халқаро ҳамжамиятни кўп ҳам хурсанд қилгани йўқ. Ғарб мамлакатлари Муҳаммад Мурсий ҳукуматининг радикаллашуви эҳтимолидан хавотирга тушди.

2013-07-07T001751Z_1_CBRE96600TU00_RTROPTP_2_EGYPT-PROTESTS

Учинчидан, Муҳаммад ал-Барадейнинг кутилмаганда истеъфога чиқишини ҳам унинг сиёсий саҳнадан бутунлай кетгани билан изоҳлаш қийин. У ўз истеъфоси билан ҳукумат олиб бораётган кенг кўламли рейдлар учун масъул бўлиш, айниқса, қўлини “қонга теккизмаслик”ка уринаётган бўлиши мумкин. Айни чоғда у ҳукуматнинг намойишларни бостириш сиёсати юзасидан аниқ бир позициясини маълум қилгани йўқ. Муҳими, у ўзини сиёсий айбловдан асраб қола қолди. Аммо “Al Jazeera” телеканалида намойиш этилган таҳлилий материалларда Муҳаммад ал-Барадей Нобель мукофотини қайтариб бериши кераклиги айтилган.

Тўртинчидан, ҳукуматнинг қаттиққўл сиёсати алал-оқибат намойишчилар орасида бирдамликка барҳам бериши, хусусан, уларнинг ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракати, айниқса, фавқулодда ҳолат пайтидаги фаолияти ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қаттиқ назорат қилинади. Арзимаган провокация кўчага чиққан мисрликнинг ҳаётига нуқта қўйиши мумкин. Ҳукумат қаттиққўллик билан жамиятда қурқувни шакллантира олади.

Бешинчидан, “Мусулмон биродарлар” партиясининг фаоллари агар курашни тўхтатадиган бўлса, бор-будидан, сиёсий эркинлигидан ажралиб қолишини яхши билишади. Бошқача айтганда, уларнинг йўқотидиган нарсаси қолмади. Шу боис партия тарафдорларининг охирги ҳаракатлари “Ё ҳаёт, ё мамот” таомили асосида қонли тўқнашувларга яна ёғ қўйиши мумкин.

Олтинчидан, “Мусулмон биродарлар” партиясининг мулоқотдан бўйин товлаган ҳолда оммавий буйсунмаслик ҳаракатларини амалга ошираётгани, қолаверса, айрим манбаларга кўра, норасмий кучлардан фойдаланаётгани (снайперлар, иғвогарлар) ҳақидаги хабарлар тарқаётгани ҳам уларга бўлган ишончни сусайтириши мумкин. Ҳозирги ҳолат икки курашаётган томон учун хатарли, икки тараф ҳам музокара столига ўтириши жуда қийин кечади. Бу конфликт шунчаки манфаатлар тўқнашуви эмас, балки том маънода ғоялар тўқнашувига айланди. Лекин “Мусулмон биродарлар” партиясининг қўлига қурол олиши партиянинг истиқболи учун ҳам, Миср келажаги учун ҳам яхшилик олиб келмайди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳозирги шароитда мисрликлар олдида икки йўл турибди: қон ва қурбонлар ҳисобига эришилган демократик қадриятларни сақлаб қолиш ёки мамлакат тартиб ва назорат оладиган ҳокимиятга буйсуниш орқали тинчликка эришишдир. Ҳар қандай шароитда ҳам мисрликлар, оддий араблар бу можаронинг асосий қурбони бўлиб қолади ва давом этади.

Миср халқи бир неча ўн минг йиллик давлатчилик тарихига, фалсафасига эга. Бу гал ҳам ана шу фалсафа ва мисрликларга хос ақл ҳамда донишмандлик мамлакатни ботқоқликдан қутқариб қолишига ишонамиз.