Ўзбекистон миллий терма жамоасига хориждан мутахассис жалб қилиниши мумкин

logo1

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам мундиал финал босқичи йўлланмасини қўлга киритишга ҳар қачонгидан яқин келганди. Бироқ Миржалол Қосимов бошчилигидаги терма жамоа ЖЧ-2014 саралашининг сентябрь ойида Иордания миллий терма жамоаси билан бўлиб ўтган плей-офф баҳсларида кутилган натижага эриша олмади.

Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон учун ЖЧ-2014 саралаш кампанияси якунига етганидан сўнг, Ўзбекистон футбол Федерацияси раҳбари Мираброр Усмонов миллий терма бош мураббийи Миржалол Қосимов билан учрашди ва саралаш якунларини атрофлича муҳокама қилди. Плей-офф босқичидаги муваффақиятсизликдан сўнг 2012 йил июнь ойидан бери миллий термага устозлик қилиб келаётган Миржалол Қосимов ЎФФ президентидан истеъфога чиқиш учун рухсат сўради.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси олдига 2015 йилги Осиё Кубогининг финал босқичига чиқиш вазифаси қўйилган. Мусобақа саралаш босқичи доирасидаги Вьетнам терма жамоасига қарши кечадиган ўйин (15 октябрь)га жуда оз муддат қолган. Шундан келиб чиқиб, Мираброр Усмонов истеъфо бироз кечиктирилишини, ҳозир эса кайфиятни туширмай, бўлажак масъулиятли ўйинларга жиддий хозирлик кўриш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош мураббийи лавозимига ҳозирда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган мутахассислар орасидан муносиб номзодлар кўриб чиқилмоқда. Мираброр Усмоновнинг қайд этишича, терма жамоа бошқарувига хориждан тажрибали мутахассисларни жалб этиш режаси ҳам бор. ЎФФ раҳбарининг сўзларига кўра, бош мураббий масаласи 2014 йил январь ойига қадар ҳал этилади.