Сурия Кимёвий қуролга қарши курашиш бўйича халқаро конвенцияга қўшилди

q623

Сурия БМТнинг Кимёвий қуролга қарши курашиш халқаро конвенциясига тегишли ҳужжатларни топширди ва БМТ ушбу ҳужжатларни қабул қилиб олди. Бу ҳақда Reuters хабар тарқатди. “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Дамашқдан бирча ҳужжатларни қабул қилгач, Сурия “юридик” жиҳатдан конвенциянинг тўлиқ аъзоси бўлди”, деди ушбу мамлакатнинг БМТдаги вакили Башар Жафарий.

Бундан аввалроқ, Сурия президенти Башар Ассад расман БМТга Кимёвий қуролга қарши курашиш халқаро конвенциясига қўшилиш ҳақидаги мурожаатни юборганлигини маълум қилган эди, кейинроқ ушбу маълумот БМТ вакиллари томонидан тасдиқланди.  “Сўнгги бир неча соат ичида биз Сурия ҳукуматидан Конвенцияга қўшилиш ҳақидаги ҳужжатларни қабул қилдик, ҳозирда улар таржима қилинаяпти”, деди БМТ вакили Фархан Ҳақ.

АҚШ, ўз навбатида, Сурияга ўн кунлик муддат ичида БМТга барча ҳужжатларни топшириш талабини қўйди. Шу билан бирга, мамлакат раҳбарияти Дамашқ бу ишни охиригача етказишига ишонмаяпти. АҚШ расмийларига кўра, бу чалғитувчи ҳаракат бўлиши мумкин.

Айни шу дамларда Женевада АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Сурия масаласида музокара олиб бормоқда. Унда кимёвий қуролни халқаро назоратга топшириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Учрашувда дунёнинг кимёвий қурол бўйича етакчи экспертлари иштирок этишмоқда.

SHARE