Сенатор Жон Маккейн Владимир Путин мақоласига жавоб ёзди

1277535_10151709277198800_608091571_o

Россия Президенти Владимир Путиннинг The New York Times газетасида эълон қилинган мақоласига нисбатан сенатор Жон Маккейн “Правда” газетасида жавоб мақоласини чоп этди.

Маккейн “Правда” газетаси муҳаррири Дмитрий Судаков ўз изоҳини чоп этиш таклифи билан чиққанида уни “узоқ йиллар давомида Россияга қарши фикр юритадиган” сиёсатчи сифатида айтиб ўтганлигини тилга олади. “Келинг, шундай бошлай: мен Россияга қарши эмасман, мен бугун мамлакатни яхши бошқара олмаётган режимдан кўра Россия тарафдориман”, деб ёзади америкалик сенатор.

Жон Маккейн Россиянинг ютуқларини, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ҳурмат қилишини айтади. Россияликлар қонун устувор бўлган, адолат қарор топган ҳуқуқий давлатда яшашга муносиб, дейди у.

Сенатор Путин ва унинг атрофидагилар рус халқининг ютуқларини ҳурмат қилмаслигини, халқ уларнинг устидан назорат қилиши кераклиги тан олмаслигини айтади. “Улар норозиларни жазолайди, рақибларни ҳибсга олади. Улар сайловларни манипуляция қилади, улар Сизнинг оммавий ахборот воситаларингизни назорат қилади”, деб ёзади Маккейн.

“Президент Путиннинг фикрича, унинг мақсади фуқаролари кўз ўнгида Россиянинг буюклигини тиклаш. Аммо у қайси йўл билан сизнинг буюклигингизни тиклади? У табиий ресурсларга асосланган иқтисодиётни яратди. У айнан шу табиий ресурслар билан кўтарилади ва у билан пасаяди”, давом этади Маккейн.

Сенаторнинг фикрича, Путин Россиянинг халқаро обрўсини энг агрессив ва диктаторлик қарор топган давлатларни ўзига шерик сифатида танлаш орқали кўтармоқда. Ўзининг ўн минглаб фуқароларини ўлдираётган Сурия режимини сақлаб қолишни қўллаб-қувватлаш ҳамда бундай ваҳшийликни БМТ орқали қоралашга ҳам йўл қўймаслик орқали ҳам ўз обрўсини шакллантирди. “У (Путин) Россияни мустабид давлатлар дўстига айлантирди, дунёни хавфсиз, тинч ва фаровон қилишни истаган халқлар Россияга ишонмай қўйди”, деб ёзади, жумладан.

Путин бу қадриятларга ишонмайди, чунки у Сизга (Россия халқига) ишонмайди, дейди у.

“Мен Сизга ишонаман. Мен Сизнинг ўзингизни бошқара олиш қобилиятингизга ва адолат ҳамда тинчликка бўлган интилишингизга ишонаман… Мен Россия ҳукуматини Россияга қарши бўлганим учун танқид қилмайман, балки Сиз Сизга ишонадиган ва Сизга ҳисобдор бўлган ҳукуматга муносиб бўлганингиз учун танқид қиламан”, деб хулоса қилади сенатор.

Россия Федерацияси Президенти матбуот котиби Д. Песков Путин, албатта, Жон Маккейннинг мақоласини ўқиб чиқишини, лекин унга жавоб ёзилмаслигини айтиб ўтган. “Россияликлар нимага муносиблигини кўрсатиш сенаторга эмас”, деди у.