“Ҳаж — 2013” мавсумида ўзбекистонликлар квотаси тўлиқ сақланиб қолади

muloqot.uz
muloqot.uz

Аввал хабар берилганидек, Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати “Ҳаж” ва “Умра” мавсумларида мамлакатга келадиган зиёратчиларга қулайликлар яратиш мақсадида Макка ва Мадина шаҳарларидаги икки харам ҳудудини кенгайтириш ишларини бошлаганлиги ҳамда муқаддас шаҳарлар инфраструктурасини тубдан ўзгартириш ишларини кенг кўламда давом эттираётганлиги сабабли “Ҳаж” ва “Умра” мавсумларида хориждан келадиган зиёратчилар сонини 20 фоизга қисқартириш масаласида барча дунё давлатлари қаторида Ўзбекистонга ҳам расмий мурожаат қилган.

Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати хабарига кўра, жорий йилнинг 15 июнида икки томонлама шартномага кўра, мамлакатда 5200 нафар зиёратчининг сафари билан боғлиқ барча режалаштирилган ишлар якунлангани ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида тузилган шартномада кўрсатилган ўринларни сақлаб қолиш масаласида Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири номига хат йўлланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Маданият ва ахборот вазири Абдулазиз Муҳиддинхўжа ҳамда Ҳаж ишлари вазири Бандар бин Муҳаммад Хажжор билан квотани сақлаб қолиш юзасидан учрашувлар ўтказган.

Ахборот хизматига кўра, Ўзбекистоннинг “Ҳаж-2013” мавсумида зиёратчилар сонини тўлалигича сақлаб қолиш масаласидаги уринишлари ўзининг самарали натижасини берган.

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Ҳаж мавсумида зиёратчилар сонини сақлаб қолиш бўйича қилган мурожаатларимиз Саудия Арабистони Подшоҳи девонида кўриб чиқилгани ҳамда Ўзбекистондан Ҳаж зиёратига борадиганлар сонини 5200 нафар этиб белгиланганлиги тўғрисида Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазирлигидан хат олинди.

Шунга асосан ҳозирда барча зиёратчилар ҳужжатлари белгиланган тартибда Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Тошкентдаги элчихонасига виза расмийлаштириш учун тайёрланмоқда.

SHARE