“Одноклассники”нинг ўзбекистонлик фойдаланувчилари сони 7 миллион нафарга етди

ok_02012012

Россиянинг «Одноклассники» ижтимоий тармоғининг ўзбекистонлик фойдаланувчилари сони 7 миллион нафарга етди. Бу ҳақда ICTEXPO меҳмон бўлган “Одноклассники” вакиласи Ольга Андре маълум қилди. Бу ҳақда “ICTNEWS”га асосланиб, kun.uz сайти хабар берди.

Ольга Андрега кўра, ҳар куни ижтимоий тармоққа Ўзбекистондан 1,5 миллион киши киради. Айни вақтда, уларнинг 92 фоизи сайтнинг мобил версиясидан фойдаланади.

«Одноклассники»нинг Ўзбекистондаги аудиторияси –  ўртача 18-26 ёш оралиғидаги ёшлардан иборат бўлиб, тармоқда рўйхатдан ўтган эркаклар ва аёллар сони деярли тенг Ўзбекистондаги «Одноклассники»нинг аёл фойдаланувчилари ёши асосан 18-22 оралиғида бўлиб, ундан катта ёшдаги аёллар ушбу ижтимоий тармоққа эркакларга нисбатан камроқ қизиқиш билдиришади.

Ольга Андренинг маълум қилишича, ўзбекистонликлар «Одноклассники»да ҳар куни тахминан 10,5 миллионта хабар жўнатишади, 450 мингта шарҳ (изоҳ, коммент) ёзишади, 120 мингдан ортиқ сурат юклашади, 800 мингга яқин «класс», 1,5 миллионга яқин баҳо қўйишади ва 130 мингга яқин янги статус ёзишади. Таққослаш учун, «Одноклассники»да кунига жами 220 миллион дона хабар ёзилади – бунда Ўзбекистоннинг улуши тахминан 5 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистонлик фойдаланувчилар ҳар куни «Одноклассники»дан 120 минг мартадан кўпроқ қўшиқ эшитишади, 300 мингдан ортиқ видео кўришади, 150 мингдан ортиқ ўйин кўчириб олишади, 15 мингга яқин совға жўнатишади. Маълумот учун, «Одноклассники»да кунига умумий 90 миллионта қўшиқ эшитилиб, 50 миллионта видеоролик кўрилади.

Ўзбекистонда «Одноклассники»га Android платформасидаги илова-дастур орқали кирувчи фойдаланувчилар сони iOSдагилардан икки баробар кўп. Айни вақтда, Ольга Андренинг алоҳида таъкидлашича, ўзбекистонлик фойдаланувчилар одатда ихтисослаштирилган илова-дастурларни кўчириб олмай, асосан m.odnoklassniki.ru манзили орқали сайтга киришади.

Маълумот учун, ҳозирги кунда «Одноклассники»да жами 183 миллион фойдаланувчи рўйхатдан ўтган бўлиб, улар ортида тахминан 40 миллион одам турибди. Ҳар куни сайтга 70 миллионга яқин фойдаланувчи киради, уларнинг 56 миллиони сайтга веб-версия орқали кирса, 32 миллион мобил версиядан фойдаланади.