Нью-Йоркдаги Ўзбекистон Бош консулхонаси қабулига онлайн ёзилиш мумкин

uzconsulate1

Ўзбекистон Республикасининг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси расмий сайти янгиланмоқда. Консулхона берган маълумотларга кўра, консуллик хизматларини соддалаштириш ва тезлаштириш, қабулни узоқдан-узоқ кутиш ҳамда кўриб чиқилган ҳужжатлар бўйича саволларга жавоб олиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш мақсадида алоҳида консуллик ҳаракатлари бўйича фуқаролар билан интерактив фаолият жорий қилинди.

Хусусан, илгари тақдим қилинган хизматлар бир қаторда сайтдаги қўшимча хизматлардан фойдаланиш мумкин:

2013 йил 20 сентябридан Бош консулхона қабулига онлайн ёзилиш мумкин. Консулхона вакилларига кўра, ҳозирча фақат биринчи ўринда дастлабки қабул вақтини белгилаш ва келиш кунини аниқлаш учун ушбу хизматдан фойдаланиш мумкин бўлади. 2013 йил 20 октябрдан эса Бош консулхонага барча ташриф буюрувчилар сайт орқали тақдим этилган махсус қайднома орқали қабул қилинади. Дастлабки қайдномасиз қуйидаги шахслар қабул қилинади:

–         Виза бўйича мурожаат қилаётган фуқаролар

–         Консул билан келишилган тартибда ёки сайтда ҳужжат тайёр бўлгани ҳақидаги ахборот пайдо бўлгандан сўнг Бош консулхонага келадиган шахслар.

Сайтда консуллик хизматлари ҳақида кўп сўраладиган саволларга жавоблар билан танишиш мумкин (У ҳозирги кунда якуний босқичда). Сайтда, шунингдек, консуллик фаолиятини тартибга соладиган ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида ҳам ахборотлар жойлаштириб борилади.

Сайтда, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасидаги тегишли жисмоний ва юридик шахслар номига юбориладиган Бош консулхонада нотариал тасдиқланадиган ҳужжатларнинг асосий турлари намуналари ҳам тақдим қилинган. Ҳужжатлар Бош консулхонага дастлабки қабулга ёзилиш қайдномаси тўлдирилгандан сўнг пайдо бўлади.

Тақдим этилган ҳужжатлар намуналарини юклаб олиб, тўлдириб, notary@uzbekconsulny.org электрон почтасига дастлабки қабул вақти ва санасини кўрсатган ҳолда юбориш талаб қилинади. Шундан сўнг шахснинг ўзи келиб, тўлиқ кўриб чиқилган ҳужжатни имзолайди ва у консул томонидан тасдиқланади. Консулхона вакилларига кўра, ушбу амалиётнинг татбиқ этилиши узоқдан-узоқ навбатга туришларнинг олдини олади, ҳужжатларни қўлда тўлдириш учун кетадиган вақтни тежаш имконини беради.

Сайтда, шунингдек, “Ҳужжатларни кўриб чиқиш ҳолати” бўлими ташкил этилган. Унда ташриф буюрувчилар ўзлари топширган ҳужжатларнинг кўриб чиқилиши қандай босқичда эканлигини кузатиб боришлари мумкин. Ҳозирда у қуйидаги консуллик хизматларига татбиқ этилади:

1.Ўзбекистон Республикаси фуқароларига АҚШ ва Канада доимий яшаш учун ҳужжатларни расмийлаштиришга;

2.Ўзбекистондан Республикасидан тегишли ҳужжатни талаб қилиш учун ариза;

3.Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортини алмаштириш (Бунда 1995 йилда жорий этилган паспорт намунаси ҳақида гап бормоқда).

Ушбу саҳифада Бош консулхонага 2013 йил 1 июлидан кейин топширилган ҳужжатлар ҳақида маълумотлар жойлаштирилади.

Ҳозирги кунда Бош консулхона сайтининг ўзбек тилидаги версияси маромига етказилмоқда, инглиз тилидаги шакли эса янгиланмоқда. Веб-сайт иши бўйича Бош консулхона вакиллари таклиф ва мулоҳазаларни info@uzbekconsulny.org электрон почтаси орқали қабул қилади.

Шуни айтиш керакки, Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси фаолият худудига АҚШнинг 32 штати, Канада, Мексика ва Марказий Америка мамлакатлари киради.