The Washington Post: чет элликлар Америкадаги отишмаларга ажабланмай қўйишди

USA-American-Flag-HD-Wallpaper

Америкадаги нуфузли нашр — The Washington Post мамлакат ҳарбий денгиз ҳаво кучларининг Вашингтондаги марказида бўлиб ўтган отишмага дунё аҳлининг муносабатини ўрганиб кўрди.

Лондонлик 41 яшар Жимми Дэвиснинг айтишича, АҚШ шундай жойки, бу ерда “қурол сотиб олиш магазиндан ширинлик харид қилишга ўхшайди”. “Шунинг учун Америкада қанақадир отишма ҳақида эшитсак, унчалик ҳам ваҳимага тушмаймиз. Албатта, Navy Yardдаги отишмадан кўнглим хира бўлди”, деди у.

Кўплаб одамларнинг умрига зомин бўлган бу отишма даҳшатли воқеа бўлса-да, лекин у даражада ҳайратланарли воқеа эмас, деб ёзади газета. Бу АҚШдан ташқарида одамлар тасаввурида Америкага хос нормаль ҳолат сифатида қабул қилинмоқда.

Хорижликлар АҚШда бўлиб ўтган охирги оммавий қирғинларни яхши билишади. Вашингтонда бўлиб ўтган отишмани ҳам шулар ҳиссасига қўшиб қўйишади.

Хитойдаги машҳур Weibo ижтимоий тармоғида ушбу ҳодисага изоҳ қолдирган хитойликлар қуролга эмин-эркин эгалик қилишга оид ҳуқуқий норма жуда хавфли эканлигини қайд этишган.

Фойдаланувчилардан бири АҚШ учун қурол-яроғни назорат қилиш вақти етиб келганини ёзади.  “Мазкур воқеа қуролни назорат қилмасликнинг тўлови”, деб ёзади яна бир хитойлик.

Ҳиндистон сингари айрим мамлакатларда эса АҚШда юз берган отишма оммавий ахборот воситаларининг кун мавзусига айланмади ҳам. Европанинг айрим мамлакатларида эса ушбу воқеа асосий мавзу сифатида кенг муҳокама қилинди.

Қурол-яроғдан фойдаланишни қонун билан жиддий назоратга олган Буюк Британияда ушбу масала жиддий муҳокама қилинди. Масалан, ушбу мамлакатда сўнгги 15 йилда 200 мингдан ортиқ қурол ва 700 тоннадан ортиқ портловчи моддалар кўчалардан йиғиштириб олинди.

“Американинг қурол-яроғ муаммоси унинг ҳақиқий кучига соя ташламоқда. Бу муаммо АҚШни бошқа давлатлар учун модель сифатида эмас, балки бошқа мамлакатлар кўпроқ эътибор бермасликка интиладиган кераксиз буюмга айлантирмоқда”, дейди The Guardian газетаси колумнисти Жонатан Фридленд. Унинг фикрича, бундай қирғинлар юз берганида айрим мамлакатларда, масалан, Британияда қонун ижодкорлари қаттиқ назорат қилиш чораларини кўради.

Россияда мазкур отишмага АҚШнинг халқаро ўрни ва мамлакат олиб бораётган ички сиёсат нуқтаи назаридан ёндашилди. Масалан, Россия Федерацияси Давлат Думаси ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси Алексей Пушков отишмани В. Путиннинг The New York Times газетасидаги мақоласида назарда тутган “Американинг ўзига хослиги”га йўйди.

“Вашингтондаги ҳарбий денгиз кучлари штабида янги отишма. Бир қотил ва етти мурда. Ҳеч ким ажабланмади. “Америкача ўзига хослик”нинг ёрқин тасдиғи”, деб ёзади Пушков ўзининг твиттердаги саҳифасида.