Дилёр ҲАКИМОВ: “Ўзбекистон ташқи сиёсати учун Марказий Осиё устувордир”

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ва Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Дилёр Ҳакимов
БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ва Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Дилёр Ҳакимов

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги доимий вакили Дилёр Ҳакимов 2013 йил 28 март куни БМТ Бош котиби Пан Ги Мунга ишонч ёрлиқларини топширган эди. У шу пайтга қадар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг АҚШ ва Америка департаментини бошқариб келаётган эди.

“Ватандош” газетасининг Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги Доимий вакили билан суҳбатида Ўзбекистоннинг БТМ доирасидаги фаолиятига бағишланди.

Аввало, Ўзбекистон Республикасининг БМТдаги доимий вакили сифатидаги вазифангиз нималардан иборат? Шу ҳақда батафсил тўхталиб ўтсангиз?

— 1992 йили Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тўлақонли аъзоси бўлди. Айнан шу куни БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Ўзбекистон байроғи кўтарилди.

Ўзбекистон БМТ ва унинг ихтисослаштирилган тузилмалари билан турли йўналишларда фаол иш олиб бормоқда. Айниқса, хавфсизликка таҳдидлар ва хавфларга қарши курашиш, Афғонистонни барқарорлаштириш ва қайта тиклаш, оммавий қирғин қуроллари тарқалишга қарши курашиш, экологик муаммоларни ҳал қилиш, чунончи, Орол денгизи инқирози оқибатларини енгиллаштириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш каби йўналишларда ўзаро ҳамкорлик жадал олиб борилмоқда.

—   Ўзбекистонга қўшни бир қатор мамлакатлар трансчегаравий дарёларнинг юқори оқимида улкан ГЭСлар қуришга интилмоқда. Ўзбекистон бундай лойиҳалар халқаро ҳуқуқ доирасида амалга оширишни талаб қилмоқда. Айтинг-чи, Доимий вакил бу борада БМТда қандай ишларни амалга оширмоқда?

—   Бугун Оролбўйида бутун дунё учун салбий оқибатларга олиб келувчи нафақат экологик муаммолар, балки ижтимоий-иқтисодий, демографик муаммолар йиғилиб қолди. 2010 йили Оролга ташриф буюрган БМТ Бош котиби Пан Ги Мунга бунга амин бўлди.UN-UZ

Ўзбекистон Марказий Осиё сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш тарафдори ҳисобланади. Биз шунга аминмизки, минтақамиздаги сув-энергетика муаммоларига оид барча масалалар БМТ Конвенцияларида мустаҳкамлаб қўйилган халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига мувофиқ кўриб чиқилиши керак. Зеро, Амударё ва Сирдарё асосий трансчегаравий дарёлар бўлиб, улар ушбу минтақада яшовчи миллионлаб кишилар ҳаётининг асосий манбаидир.

Биз ушбу дарёларнинг юқори қисмида ГЭС қурилишига оид барча лойиҳалар БМТ шафелигида халқаро экспертизадан ўтиши ҳамда дарёларнинг қуйи оқимида жойлашган давлатлар билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилиши лозим, ҳисоблаймиз. Гигант тўғонли йирик ГЭСлар қурилишига оид лойиҳаларни ўйламасдан амалга оширишга бўлган интилиш экологияга тиклаб бўлмайдиган даражада зиён етказиши билан бир қаторда, техноген фожеаларга сабабчи бўлиши мумкин.

—   “Талко” ДУК ишлаб чиқариш фаолиятининг атроф муҳит ва одамлар соғлиғига таъсири бугун долзарб масалалардан бирига айланди. Бу борада яқинда Сенат қарор қабул қилди. Қолаверса, қарийб 1 миллион киши имзоси йиғилган мурожаат БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига юборилган. Бу борада қандайдир ўзгаришлар борми?

—   Тошкентда 20-21 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Ўзбекистон Экологик ҳаракати билан ҳамкорликда ташкил этилган “Тожикистон “Талко” давлат унитар корхонасининг ишлаб чиқариш фаолияти экологияга ва одамлар соғлиғига кўрсатаётган ҳалокатли таъсирни бартараф этиш чоралари” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди. Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенаторлари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Европа, Америка ва Осиё давлатларидан парламент аъзолари, жумладан, Тожикистон парламенти депутатлари, тадқиқотчилар, экспертлар, БМТ Тараққиёт дастури ва ЕХҲТ каби халқаро ташкилотлар, мамлакатимиздаги тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 22 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси очилди. Сенаторлар ўз ишларини Олий Мажлиснинг юқори палатаси муҳокамасига мамлакат Экологик ҳаракати ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан тақдим этилган материаллар асосида “Тожикистон “Талко” ДУК корхонасининг ишлаб чиқариш фаолияти экологияга ва одамлар соғлиғига кўрсатаётган ҳалокатли таъсирни бартараф этиш чоралари тўғрисида”ги масалани муҳокама қилишдан бошладилар. Муҳокама якунлари бўйича сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Талко” ДУК чиқиндиларининг одамлар соғлиғига ва табиий муҳитга салбий таъсирини бартараф этиш ҳамда камайтириш, минтақада экологик вазиятни соғломлаштириш бўйича шошилинч чораларни кўриш, бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий нормалар ва ресурсларни сафарбар қилишни, ушбу муаммони ҳал қилишга манфаатдор экологик ташкилотлар, БМТнинг тегишли тузилмалари, мамлакатлар парламентлари ва ҳукуматлари имкониятларини жалб этишни назарда тутадиган қарори қабул қилинди. Қарорда кўрсатиб ўтилганидек, трансчегаравий ифлослантириш муаммолари халқаро ҳуқуқнинг умумқабул қилинган принциплари ва нормаларини, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиниши керак.

—   Маълумки, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси қабул қилинди. Халқаро ҳамжамият, хусусан, бу ҳужжатда илгари сурилган ғояларни қандай қабул қилди?

—   Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепцияси асосий устуворлиги шундаки, Ўзбекистон ташқи сиёсати учун Марказий Осиё устувор минтақа ҳисобланади, зеро у давлатимизнинг ҳаётий манфаатлари билан бевосита боғлиқдир. Марказий Осиё муаммолари минтақа давлатлари томонидан ташқи кучларнинг аралашувисиз ҳал қилинмоғи керак. Ўзбекистон ўзининг яқин қўшниларига нисбатан очиқ, дўстона ва амалий сиёсат олиб бориш тарафдори бўлиб, минтақанинг мавжуд сиёсий, иқтисодий ва экологик муаммолари ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, конструктив мулоқот ҳамда халқаро ҳуқуқ қоидалари асосида ҳал қилишга интилади.

—   Яқинда БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги саммити бўлиб ўтади. Ўзбекистон мазкур саммитда қайси йўналишдаги масалаларга алоҳида урғу беради?

—   24 сентябрдан 1 октябрга қадар БМТ Бош қароргоҳида Бош Ассамблеянинг 68-сессияси бўлиб ўтади. Бу БМТга аъзо барча давлатлар юқори мансабдор шахслари иштирок этадиган асосий йиллик тадбирлардан ҳисобланади. Ўзбекистон делегацияси саммитда қатнашади ва республиканинг миллий манфаатлари учун муҳим аҳамиятга эга масалалар юзасидан маъруза қилади.

—    Доимий вакил томонидан амалга оширилаётган маданий тадбирлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

—   Ўзбекистоннинг БМТдаги Доимий ваколатхонаси иштирокида ташкил этилган сўнгги энг ёрқин маданий лойиҳалардан бири, шубҳасиз, ўзбек мумтоз мусиқасининг ноёб йўналиши — шашмақомга бағишланган халқаро фестивалдир. Фестивал доирасида Нью-Йоркдаги “Квинс-театр”да Ўзбекистон, Исроил ва АҚШ мақомчиларининг концерти бўлиб ўтди. Концертда Тошкентдан махсус таклиф этилган Ўзбекистон халқ артисти, академик Юнус Ражабийнинг авлодлари қатнашди. Маълумки, 2013 йилда шашмақом дунё маданиятининг дурдонаси сифатида эътироф этилиб, ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бундай тадбирлар дунё халқларини бир-бирига яқинлаштиради, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги дўстона, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлайди.

563949_336909616443391_1298760992_n

—   Ватандошларимизга байрам тилакларингиз

—    1 сентябрь куни мамлакатимиз ҳаётида тарихий сана сифатида, яъни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 22 йиллигини кенг нишонладик. Шуниси аниқки, 22 йил тарих олдида, дунё харитасида бир давлатнинг шаклланиши жараёни учун жуда қисқа давр. Аммо шу қисқа давр ичида Ўзбекистон асрларга тенг йўлни босиб ўтди. Биз ўз олдимизга ривожланган демократик давлатлар қаторидан жой олиш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш ҳамда ҳаётнинг барча жабҳаларини янгилаш, иқтисодиётни модернизация қилиш ва диверсификация қилиш мақсадини қўйганмиз.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 4 баравар, аҳоли жон бошига реал даромад 7 бараварга, пенсияларнинг ўртача миқдори 9 бараварга, ойлик маош 18 бараварга кўпайди, одамларнинг умр кўриши ўртача 7 йилга узайди.

Бугун биз дунё ҳамжамияти билан ҳамқадам кетяпмиз, яқин ва узоқ мамлакатлар, халқаро ташкилотлар ва институтлар билан дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини мустаҳкамлаб бормоқдамиз. Бунда, албатта, мамлакатни янгилаш ва модернизация қилиш бўйича бошланган ислоҳотларнинг босқичма-босқич изчил давом эттирилишини таъминлаш, демократик ислоҳотларни ва либераллаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада ошириш жуда муҳимдир.

Имкониятдан фойдаланиб, “Ватандош” газетасининг барча ўқувчиларини Мустақиллик айёми билан чин дилдан қутлайман, уларга соғлиқ, бахт, омад ва фаровонлик тилайман.

SHARE