Плагиат «юлдузлар» ёки бир қўшиқнинг қўш ўғрилари

plagiarism-music

«Даракчи» газетасида хориждаги хит қўшиқлар Ўзбекистонда бир варакайига икки хонанда томонидан ўғирланаш ҳолатлари кўп учраётганини ёзади. “Бугун шоу бизнесимизда хорижга нисбатан тақлид тобора ажб олиб боряпти. Авваллари бир икки қўшиқнинг мусиқаси бироз хориж қўшиқларига ўхшашига кўз юмиб кетаверардик. Энди эса бутун бошли қўшиқлар ўғирланиб, уялмай нетмай уларга клип ҳам ишланяпти. Бирор бир хонанда томонидан бошқа халқлар қўшиқларини ўғирлаб куйлаб чиқишнинг ўзи куракда турмайдиган ҳолат саналарди. Буни қарангки бугун “Ўғрини қароқчи  урди” деганларидек хориждаги хит бўлган қўшиқни бир эмас икки хонанда куйлаб чиқяпти», деб ёзилади газетада.

Газетага кўра, бундан чамаси бир йил муқаддам Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Комиловнинг давомчиси Фарруҳ Комилов мухлислар эътиборига тақдим этган “Кел-кел” номли қўшиғи ва унинг клипи орадан кўп ўтмай бу қўшиқ Рухшона ва Сирожиддин томонидан “Сени дея” номи остида куйлангани маълум бўлди. «Қўшиқни ким, кимдан ўғирлади деган саволни ўртага ташлаётганимизда эса Фарруҳ Комилов бу қўшиқ асли Руминиялик хонандалар томонидан куйланганини маълум қилди», деб ёзади газета.

 Турк эстрадасида катта шов-шувларга сабаб бўлган хонанда Гулшеннинг “Оф-оф” номли қўшиғини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Асалхўжаева ўзбекчасига “Ўх-ўх” дея куйлаб чиқди. «Ва кўп ўтмай бу қўшиқ Мавлуда Асалхўжаеванинг тўйда куйлайдиган қўшиқлари қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Хонанданинг маълум қилишича у турк хонандаларидан кўчириб куйлаган қўшиқларининг барчасини муаллифлик ҳуқуқи асосида сотиб олган», дейилади газетада.

 Орадан кўп ўтмай Ҳосила Раҳимова туркияга сафар уюштириб, “Оф-оф”ни ҳеч қаерини ўзгартирмай турк тилида куйладию, унга клип ҳам олдириб келди. «Миш-мишларга қараганда қўшиқ сабаб ғазаб отига минган Асалхўжаева ҳамда Раҳимова ўртасида қисқа тортишув ҳам бўлиб ўтган экан», деб таҳририят.

 «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Аваз Олимов ва хонанда Гули Асалхўжаева ўғирлаб куйлаш борасида устаси фаранглардан саналишади», дейилади мақолада. Гули Асалхўжаева томонидан турк эстрадасидан олиб айтилган “Сен ва мен” номли қўшиғини кўп ўтмай Аваз Олимов “Танхо сенга ёрман” дея куйлаб чиқибди.

 Газета плагиатлик ҳақида сўз очилганда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Асалхўжаевани такрор ва такрор эслаб ўтмасликнинг имкони йўқлигини    ёзади. Бундан 2-3 йил аввал хонанда “Мўжиза” номли қўшиқни мухлислари эътиборига ҳавола этган эди. Бу қўшиқни ёш хонанда Афсона ҳам куйлайди. «Устига устак фалон пулга клип суратга олдиришга ҳам улгурган. Маълумотларга қараганда клип бор йўғи 2-3 марта ТВ орқали намойиш этилгач Асалхўжаева Афсонага қўшиқни сотиб олиб куйлагини рўкач қилиб, бу қўшиқни куйлашга ҳаққи йўқлигини айтган”, деб ёзади «Даракчи».

 Турк эстрадасида узоқ йиллик тарихга эга ва кўплаб хонандалар томонидан айтилган “Sene donmeyecegim” номли қўшиқни хонанда Севинч Мўминова ҳам ўзбек тилида, ҳам турк тилида куйлаб, клипини ТВ орқали намойиш этган эди. Ўшанда бу қўшиқ турк эcтрадасидан ўғирланган. Бундан 10 йиллар муқаддам хонанда Озода Нурсаидованинг “Сен бўлмасанг бошқаси” номли қўшиғи ҳам “Sene donmeyecegim”нинг ўзбекча талқини бўлиб чиқди.

 “Хоразмда кўплаб мухлислар орттиришга улгурган Наврўзбек Собиров ҳали ёш бўлишига қарамай ижодни ўғирлашдан бошлаган кўринади”, деб ёзади газета. Унинг ижросидаги “Бошимда яна ғавғолар” номли қўшиқни Лейла исмли хонанда ҳам шу қўшиқни куйлаб чиқади. Бу қўшиқ ҳам турк эстрада юлдузларидан ўғирланган экан.

 “Озарбайжонлик таниқли хонанда Узейирнинг “Мана гал” номли қўшиғи нафақат Озарбайжон ёки Ўзбекистонда балки бутун Марказий Осиё мамалакатларида машҳур бўлиб, тилга туша бошлаганидан сўнг бизникилар ҳам отни қамчилашга тушишди”, деб ёзади мақола муаллифи. Биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Аваз Олимов қўшиқни қандай бўлса шундайлигича куйлаб чиқади. Фақатгина тўйларда куйлайди. Умида Мирҳамидова эса қўшиқни ўзбекчалаштириб, уни энди мухлислар эътиборига ҳавола этмоқчи бўлиб турганда йўқ ердан Юлдуз Турдиева пайдо бўлдию қўшиқнинг ўзбекча талқинини ва клипини тайёрлаб эфирга бериб юборди.

Газета Ўзбекистонда 2006 йилдан буён Муаллифлар ва ижрочилар Гильдияси фаолият юритиб келаётганини ёзади. «Наҳот оддий мухлис ва тингловчилар пайқаётган юқоридаги каби плагиатликларни мазкур ташкилот ходимлари билмаётган ёки бу қўшиқлар уларнинг қулоғига етиб бормаётган бўлса?» деб савол беради нашр.

«Наҳот мен санъаткорман дея бошини баланд кўтариб юрган санъаткорларимиз бировнинг меҳнати эвазига чўнтакларини қаппайтиришдан ор қилишмаса.  Бу кетишда санъатимизнинг эртасини қандай тасаввур қилиш керак?”, деб хулоса қилади “Даракчи”.