АҚШ Сенати Обамага Сурия бўйича ваколатларини белгилаб беришга киришди

130124_kerry_climate_ap

АҚШ Конгресси Сенатининг ташқи сиёсат масалалари қўмитаси Сурияда ҳарбий амалиётни бошлаш тўғрисидаги резолюция юзасидан келишувга эришган. Бугун мазкур ҳужжат қўмитада овозга қўйилади. Резолюцияга кўра, Барак Обама 60 кун давомида ҳарбий амалиёт олиб боради, бу муддат заруратга қараб яна 30 кунга узайтирилиши мумкин.

Жон Керри кеча конгрессменлар олдида чиқиш қилиб, Барак Обаманинг ҳарбий режасида фақатгина ҳаводан зарба бериш борлигини айтиб ўтди. “Биз бирор бир америкалик аскар Сурия ерига қадам қўймаслигига розимиз. Президент алоҳида белгилаб бердики, АҚШ Суриядаги фуқаролар уруши учун жавобгарликни ўз зиммасига олмайди. У Башар Ассаднинг кимёвий қуролни қўллаш имкониятлари йўққа чиқариш ва кучсизлантиришни маъқуллаб беришларингизни сўрамоқда”, деди у, жумладан.

Айни пайтда БМТ Бош котиби Пан Ги Мун АҚШга тезкор ҳаракатлардан тийилишга чақирди. Унинг фикрича, ҳарбий аралашув фақатгина БМТ Хавфсизлик кенгаши рухсати билан амалга оширилиши мумкин, ўзини ўзи мудофаа қилиш бундан истиснодир. “БМТ Низомининг 51-моддасига кўра, куч (ҳарбий куч) ишлатиш ўзини мудофаа қилиш ёки БМТ Хавфсизлик кенгаши маъқуллаши билан амалга оширилган ҳолатда қонуний ҳисобланади.

Барак Обама маъмурияти эса БМТ Хавфсизлик кенгаши рухсатисиз ҳам ҳаракат қилишини маълум қилди. Чунки Хитой ва Россия ҳарбий амалиётларга кескин қаршилик кўрсатмоқда. АҚШ дипломатлари Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган G20 саммитидан кейин ўзгартиришига умид қилишмоқда. Жон Керрининг айтишича, Барак Обама Владимир Путинга саммит доирасида тегишли далилларни тақдим этади.

SHARE