Ўзбек тили қотиб қолдими?

122184_original

Яқинда Озарбойжоннинг “Тренд” ахборот агентлигида шундай бир ахборотга кўзим тушди. Унга кўра, Озарбойжон миллий фанлар академияси тилшунослик институти мутасаддиси Масъуд Маҳмудов Қозоғистон Республикаси фан ва таълим соҳаси вакиллари билан Озарбойжоннинг лотин ёзувига ўтиш тажрибаси ҳақида ўртоқлашибди. У лотин ёзувига асосланган қозоқ тили имло қоидаларини жорий қилишда ўз мамлакати тажрибаларига суянишни тавсия қилибди.

Ушбу ахборотни ўқиш баробарида хаёлимдан бундан қарийб йигирма йил бурун ислоҳ қилиш ташаббуси илгари сурилган ва бугунги кунда ўлда-жўлда қолиб кетган лотин тилига асосланган ўзбек тилидаги муаммолар кўз ўнгимдан ўта бошлади.

Бугун лотин ёзувига асосланган ўзбек тили имло қоидалари турли соҳа вакиллари, айниқса, тилшунослар, таржимонлар ҳамда журналистлар орасида (асосан интернетда) кенг муҳокама қилинади, ҳамма ҳар хил фикр билдиради. Гап бу ерда лотин алифбосини жорий этиш ёки эмасликда эмас, балки лотин ёзувига асосланган ўзбек тили имло қоидаларини маромига етказиш хаёлдан кўтарилганидадир.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ҳозирда турмушимизнинг барча соҳасида лотин ёзувини қўллаш билан турли муаммоларга дуч келинмоқда, турли ҳарфларни ўз билганича қўллаш ҳоллари учрамоқда. Тегишли тартибда тасдиқланган имло қоидаларининг мубоҳасага муҳтожлигини инкор қилиб бўлмайди. Айниқса, паспорт ва шунга ўхшаш ҳужжатларни расмийлаштираётганда лотин ёзуви қоидаларига турлича ёндашилаётгани ҳеч ким сир эмас.

Лотин ёзувига асосланган қайсидир муаммоларни тилга олишдан йироқмиз, ҳар бир ўқувчида бу борада тегишли фикр ва тавсиялар бор. Аммо кишини куюнтирадиган жиҳат шундаки, Ўзбекистонда бундан қарийб йигирма йил бурун қабул қилинган имло қоидаларини такомиллаштириш масаласи ёддан кўтарилганидир.

Бугунги кунда на жамоат ташкилотлари, на давлат ташкилотлари томонидан лотин ёзувига асосланган ўзбек тили имлосини такомиллаштириш бўйича муаммолар кўтариб чиқилмаётгани, улар оммавий равишда муҳокама қилинмаётгани ташвишланарлидир.

Албатта, шундай масалалар борки, улар давлат сиёсати даражасида муҳокама этилмоғи, давлат раҳбарияти даражасида қарор қабул қилинмоғи керак. Аммо тил ва ёзув жамиятнинг мулки, жамият доирасида ҳал қилиниши ва кенг муҳокамадан ўтадиган масала. Унга қанақадир сиёсий тус бериб бўлмайди. Минг афсуски, лотин ёзувига асосланган ўзбек тили имло қоидаларини такомиллаштириш, уни қўшни давлатлар, умуман, хориж тажрибаси асосида маромига етказиш масаласи эътибордан четда қолган.

Биргина “Ц” ҳарфи имлосини олайлик. Ушбу ҳарфни қўллаш шу даражада чалкаштириб юборилганки, айрим сўзларда унинг талаффузи бузилади, маъноси йўқолади, айрим ҳолатларда уни талаффуз қилиш ёки ёзишга ҳижолат бўласиз. Ҳатто Қорақалпоғистонда “ц” ҳарфини лотин алифбосида ёзишнинг мақбул вариантини топа олишган. Блогер Муҳрим Аъзамхўжаев ўз блогида ёзади: “ 2009 йили 8 октябрь куни Қорақалпоғистон Жоқарғи Кенеси бошлиғи Ерниязов «Латын жазыўына тийкарланған Қарақалпақ әлипбесин енгизиў ҳаққында»ги қонунни имзолаган экан («низом» дейишар экан — қонунга тенг бўлса керак).

Қонуннинг биринчи бандида алифбога «c» ҳарфини киритиш кўзда тутилган бўлиб, у рус ёки бошқа Европа тилларидан ўзлашган сўзлардаги кириллча «ц» ҳарфи ўрнида қўлланилади. Конкрет мисоллар ҳам келтирилган: tsement, tsentner, tsirk каби эмас, cement, centner, cirk каби ёзилади, деб”. Лотин ёзувига асосланган ўзбек тили имло қоидаларига кўра, ушбу сўзлар sement, sentner, sirk шаклида қўлланиши керак.

Бундай баҳсли, турк тилида сўзлашувчи халқларнинг тажрибаси асосида қайта кўриб чиқиладиган жиҳатлар жуда кўп. Биз у ёки бу ёзув қоидаси тўғри ёки шуни жорий этиш керак, деган фикрдан йироқмиз. Тил ижтимоий ҳодиса, у халқ билан бирга ривожланиб, такомиллашиб боради.

Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш мақсад қилиб олинган. Бу ғоянинг бош шарти жамият ҳаётидаги энг муҳим масалаларда фуқароларнинг, жамоатчилик ташкилотчиларининг фаол иштирокидир. Афсуски, ўзбек тилини давлат тили сифатида жорий қилиш ва имло қоидаларини такомиллаштириш масаласида на жамоатчилик, на давлат идоралари жиддийроқ ишга қўл урмаяпти. Бир сўз билан айтганда, ўзбек тили имло қоидалари эгасиз қолиб кетди, ҳар ким билганича иш тутмоқда. Бу эса жуда ачинарли ҳолатдир.

Кўча тўла саводсиз эълонлар-у, шиорлар мутлақо жавобгарликсиз қолмоқда. Шу боис Ўзбекистонда имкон қадар тезроқ имло қоидаларини янада маромига етказиш бўйича тегишли жамоатчилик баҳсларини бошлаш, мамлакатдаги барча тилшуносликка оид институтларни жалб қилган ҳолда такомиллаштирилган имло қоидаларини ишлаб чиқиш ва уни омма муҳокамасига эълон қилиш ҳамда  тегишли тартибда қабул қилиш зарур.

Мурод ҒОФУРОВ.