Туркманистонда одам органларини кўчиришга рухсат берилди

802274_3

Туркманистон парламенти — Мажлис ўзининг тўртинчи чақириғида “Одам тўқималари ва (ёки) органлари трансплантацияси тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун билан Туркманистонда одам органлари ва тўқималарини кўчиришга қонун билан рухсат этилади.

“Тренд” ахборот агентлиги тарқатган хабарда қайд этилишича, ушбу қонун трансплантация соҳасидаги барча муносабатларга татбиқ этилади. Шу билан бир қаторда, давлат донор ва уни қабул қилувчи ҳақидаги ахборотларни сақлашни кафолатлайди, шунингдек, фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарар учун жавобгарликни ўрнатади.

Туркманистонда 2016 йилга қадар соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишга дио умуммиллий дастур қабул қилинган бўлиб, ушбу йўналишга 500 миллион доллар жалб қилиниши кўзда тутилмоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Туркманистонда тиббиётга қаратилаётган эътиборнинг замирида айнан мамлакат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг тиббиёт соҳаси вакили бўлгани мужассамдир.