Ўзбекистонлик журналист Мустақиллик байрами тантанаси ғояси нега “қотиб қолгани” билан қизиқди

evrkfk13780106243865_b

Ўзбекистонда Мустақиллик байрамининг асосий тантаналари жуда кўпчиликнинг эътиборидаги тадбир ҳисобланади. Чунки ким қачон қўшиқ куйлайди, ким охирги қўшиқни айтади, буни оддий томошабиндан тортиб, санъат аҳлигача диққат билан кузатади.

Ўзбекистонда шоу-бизнес янгиликларини ёритиб борадиган Жасур Ҳамроевнинг ёзишича, Алишер Навоий боғида ўтказилган Мустақиллигимизнинг 22 йиллигига бағишланган тантанани томоша қилар экан, сўнгги хулосаси “ҳеч янгилик бўлмас экан-да”дан бошқаси бўлмаган! “Ёшига ёш қўшилаётган байрам баҳона ҳаётимизда қанча ўзгаришлар бўлмоқда?! Наҳот, байрамнинг тантанаси ҳеч ўзгармаса!”, деб хуноб бўлади журналист.

Кўпчиликнинг фикрича, бу йил юртимиз вилоятларида ўтказилган ва пойтахтимизда ўтган бош тантана ўртасида мусобақа ўтказилгандай. Таъбир жоиз бўлса, Андижон шаҳри стадионида бўлиб ўтган байрам бу йил энг қизиқарлиси бўлди!

Журналистнинг фикрича, одамлар бир неча йиллар майдонда Усмоновани кўрмай кўникди ҳам. Унинг Ватан ҳақидаги байрамдан байрамгача бўлган оралиқда кечган воқеалардан руҳланиб ёзилган қўшиқларини кутарди.

Сўнгги йилларда бу қоидадан воз кечилиб, финалда куйлаш бахтини бошқа санъаткорлар ҳам тота бошлади.  «Финал қурсин-а! Кичик хонандаларни катта юлдузга ҳам айлантириб қўйди, финал. Гулсанамнинг ғоздек виқорини кўрмайсизми? Мамазоитова жуда эрта унвон олиб, юлдузлардек димоғдорликка баттар ружуъ қўйди.  Тавба, бу ёш халқ артисти халққа қанчалар яқин?! Байрамда “Ажаб-ажаб”и билан сунъий кулишга уринган хонанда бир амаллаб “номер”ини ўтказди», деб ёзади Жасур Ҳамроев.

Бироқ унвон Гулсанамга кўпроқ ижод қилиш, эл билан бирга бўлишлик учун берилганини яхшилаб англамоғи керак.  Мансаб мансабдан устунлик қилади, бироқ одам одамдан эмас. Унвонлар ҳам шундай…Кичик ё катта бўлиши мумкин. Бироқ, бу халқдан баландроқ туриш дегани эмас, деб маслаҳат беради муаллиф.

Жасур Ҳамровега кўра, Севара Назархоннинг “Улуғимсан, Ватаним” қўшиғи ҳали ҳануз долзарб. Ватанпарваликка тўла бу қўшиқдан бу йил андижонликлар баҳраманд бўлишди.  Ботир Қодиров, Асилбек Неъматовнинг мухлислари камми? Уларнинг ижодидан ҳам андижонликлар баҳраманд бўлди.

Журналистнинг ёзишича, Насиба Абдуллаева, Ғуломжон Ёқубовлар сўнгги йилларда байрам тантаналарида унутиб қўйилди. «Дастур бўм-бўш. Қўл учида қилингандек. Саҳнада гавжумлик йўқ. Кийимларда байрамона руҳ йўқ. Тикувчи дизайнерлар нега маҳоратини кўрсатишга уринмаган? Энг ёққани саҳнани гир айлантириб безатилган тирик гуллар бўлди. Экранларда турли ранглардан бошқа нарса йўқ. Улар асосий вазифасини унутиб қўйгандек. Ҳозир “юлдузлар”  “Истиқлол” саҳнасига шундай йирик экранларни ўрнатаётган маҳалда катта байрамга ҳайратланарли декорациялар қурдиришга қурбимиз етмайдими?!», деб савол беради муаллиф.

Жасур Ҳамроев режиссёр иши деярли кўринмаганини ёзади. «Ё унда янги ғоя тугаган ё янги ғояларга йўл берилмаган. Озодбекнинг “Найда бор”и яна неча йил янграркин, а?! Эски қўшиқ бўлса-да, Назарбеков бу йил кийинишига катта эътибор қаратибди. Унинг аристократ қиёфасини кўриб, ҳеч ким Андижоннинг Шаҳрихонидан демайди! Қўшиқчи қолиб, депутат куйлашга ўтибдими дея ўйланиб ҳам қоласиз.  Кийимга гап йўқ, наҳот, “гап йўқ” даражада бирон янги қўшиқ ярата олмаган бўлса?!», деб савол остига олади муаллиф.