Акмал Саидов БМТга Ўзбекистон маърузасини тақдим этди

    Human Rights Council, High-Level

    Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳукуматлараро органи — Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 19 сентябрь куни учта мамлакатнинг, хусусан, Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича маърузасини тинглади.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Кенгаш томонидан 203 та тавсия берилганини, уларнинг 115 таси қабул қилинганини, 30 таси амалиётга татбиқ этилаётганини ҳамда 58 таси Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига кирмаслиги учун рад қилинганини айтди.

    Унга кўра, Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича институтлари билан изчил ҳамкорлик қилиб келади. Тавсиялар асосида Миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, уни рўёбга чиқаришда миллий ва халқаро ҳамкорларнинг конструктив ҳамкорлиги йўлга қўйилган.

    Жорий йилнинг май ойида БМТ Бош котибининг инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ёрдамчиси Иван Симонович Ўзбекистонга ташриф буюриб, ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари, фуқаролик жамияти институти вакиллари билан учрашди. БМТнинг тегишли тузилмаларига 32 та ҳисоботлар тақдим қилинган. Ўзбекистон бола меҳнатига барҳам бериш бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилган.

    Ўзбекистон маърузаси юзасидан кенгаш аъзолари — давлатлар вакиллари ўз муносабатларини билдиришди. Хусусан, Эквадор вакили Ўзбекистон томонидан бир қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинганини, барча жабҳаларда камситишларга барҳам бериш чоралари кўрилаётганини олқишлаган.

    Ҳиндистон вакили эса Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича саъй-ҳаракатларини олқишлаб, Кенгашга Ўзбекистон ҳисоботини маъқуллашни тавсия қилган.

    Индонезия вакили ҳам Ўзбекистон халқаро ҳамжамият тавсияларини бажарганини эътироф этиб, мамлакатда мустақил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтларини шакллантиришга эътиборни кучайтиришни тавсия қилди. Эрон, Қозоғистон ва Кувайт вакиллари ҳам Ўзбекистон олиб бораётган саъй-ҳаракатларни олқишлаб, бу борадаги ишларни изчил давом эттириш кераклигини таъкидлади. Бир сўз билан айтганда, Кенгашда Ўзбекистон маърузаси бўйича фикр билдирган барча давлатлар Ўзбекистон олиб бораётган ишларга юксак баҳо берган ва тегишли тавсияларни берган.

    Шу билан бирга, қатор халқаро ташкилотлар ҳам ўз фикрларини билдиришиб, қилиниши керак бўлган масалалар юзасидан тавсия беришган.

    Акмал Саидов Кенгашга конструктив мулоқот учун ташаккур билдириб, Ўзбекистон Кенгаш томонидан билдирилган тавсияларнинг 145 тасини қабул қилиганини айтиб ўтган. У Ўзбекистон бу борада ўз саъй-ҳаракатларини давом эттиришини маълум қилган.

    Кенгаш Ўзбекистон тақдим этган маърузани маъқуллади.