«Билайн—Ўзбекистон»га оид миш-мишлар давлат учун жиддий “сигнал”

73075

Бугун «Билайн—Ўзбекистон» мобиль алоқа операторининг ёпилиши ҳақидаги ёлғон ахборот ижтимоий-тармоқлар, интернет сайтларининг бош мавзуи бўлди. Кимдир ҳақиқатни билишни истаган бўлса, яна кимдир бунинг орқасида «учинчи кучлар» ётганини гапирди, яна кимдир халқимизнинг соддалигидан ёзғирди.

Аввало, мана шундай миш-мишларнинг бўлиб тургани ҳам қандайдир ижобий аҳамиятга эга. Боиси ушбу миш-миш тарқаганидан сўнг орадан кўп ўтмай нафақат «Билайн-Ўзбекистон» компанияси вакиллари, балки Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси расмий баёнот берди. Ўзбекистонда расмий идораларнинг бундай тезкорлик муносабат билдириши камёб ҳодиса бўлгани учун истиқболда шу ва шунга ўхшаш ҳодисалар юз берганида, бошқа давлат органлари учун ҳам етарлича сабоқ бўлди.

Иккинчидан, ижтимоий тармоқларда бундай ёлғон ахборот тарқатганларни жазолаш кераклиги ҳақида жуда кўп мулоҳазалар билдирилмоқда. Бизнингча, бундай ҳолатда ушбу қилмишни содир этганлар мақсадини аниқлашнинг аҳамияти катта бўлса-да, асосий саъй-ҳаракатни аҳолининг бундай миш-мишларга ишонмаслигига қаратиш айни муддаодир. Бу давлат учун жуда муҳим сигнал. Давлат бундай ҳолатга истаган вазиятда тушиб қолиши ва истаган давлат ташкилоти билан юз бериши мумкинлигини ҳисобга олиши лозим. Энг муҳими, одамларнинг миш-мишларга ишонмаслиги учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг янада очиқлигини таъминлаш, ҳар бир масала юзасидан имкон қадар расмий ахборот бериб боришни йўлга қўйиш, оммавий ахборот воситаларида, айниқса, телевидениеда бу ҳақда мунтазам чиқишлар қилиниши керак.

Давлат одамлар учун биринчи ахборот манбаи бўлмас экан, одамлар ваҳима кўтаришда давом этади, тегишли вазирлик эмас, балки кўчадаги пистафуруш гапига ишониб иш тутади. Демоқчимизки, интернет ва бошқа технология воситалари жадал ривожланаётган бир шароитда давлат бундай тенденцияларга тайёр турмоғи керак.

Мурод ҒОФУРОВ.

SHARE