Яқин Шарқ ҳарорати…

arab spring2

Сўнгги вақтларда Яқин Шарқ минтақасида бўлиб ўтаётган ҳодисаларни нафақат инқирозга юз тутган мамлакатлардаги ижтимоий ва иқтисодий жараёнлар мисолида, балки катта мамлакатларнинг минтақада ўз таъсирини кучайтириш, геосиёсий қарама-қаршиликларининг кучайиб кетгани билан ҳам ўрганиб, нигоҳ ташлаб кўриш керак бўлади.

Жуда муҳим бўлган бу минтақадаги мамлакатларнинг пешволик учун шиддатли ўзаро  курашлари баъзан муваффақиятли, баъзан эса мағлубиятли бўлди ҳамда минтақа мамлакатлари ўртасидаги тузилмаларга ҳам ўз таъсирини ўтказди. Иттифоқчилик асосида қурилган тузилмаларнинг баъзилари заифлашиб кетди, баъзилари эса умуман касодга учраб, йўқ бўлиб кетди. “Араб баҳори” нафақат режимларнинг ағдарилиши, балки минтақа геосиёсий ўйинларида асосий рол ўйнаётган Миср, Сурия ва Либия каби мамлакатларнинг жуда заифлашиб кетишига сабаб бўлди (баъзи мамлакатлар эса, “ўйиндан” умуман чиқарилиб ташланди).

ҲАММАСИ ИРОҚДАН БОШЛАНГАН…

Яқин Шарқдаги “янги давр” Буш ташаббуси билан бошланди, десак муболаға қилмаган бўламиз. “Яқин катта Шарқни демократлаштириш” деб номланган АҚШнинг улкан режаси шу минтақа ҳамда Каспий денгизидан то Ҳинд океанигача бўлган ҳудудда устунликка эришиш ва ўзига қарам бўлган режимларни пайдо қилишга қаратилганди. Бунинг учун Оқ уй “совуқ уруш” қолдиқлари ҳисобланган Ироқ, Ливия, Сурия ва Эрондан қутилиб олиши керак эди.

Ироқдаги уруш Яқин Шарқ тизимига берилган биринчи зарба бўлди. (Бироқ, энг аввалгиси Афғонистон деб ҳисобласак ҳам бўлаверади. Бу мамлакат минтақадан узоқда жойлашган бўлса ҳам, у кўп жиҳатлари билан шу минтақа билан боғлиқ, масалан Эрон билан умумий чегаранинг мавжудлиги). Мазкур минтақада ҳали ҳеч қачон АҚШ мавжуд режимни алмаштириш бўйича ҳарбий босқинда иштирок этмаган эди. Ўғил Буш отаси каби бир вақтлар Саддамни Қувайтдан қувиш учун тузилган коалицияга бош бўлганидаги муваффақиятни такрорламоқчи бўлди. Бироқ ўшанда ҳарбий ҳаракатлар кенг қамровли бўлмагани учун Бағдоддаги режим ағдариб ташланмаган эди. Ўшанда Ироқ Эрон олдидаги буфер мамлакат сифатида сақланиб қолинган эди.

Ироққа берилган янги зарба ва мамлакатнинг бўлиниб кетиши, З. Бзежинский истилоҳи билан айтадиган бўлсак, “қора тешик”нинг пайдо бўлишига олиб келди. Бироқ, Эрон ўз чегараси олдидаги беқарорлик омилини ўзига фойда келтира оладиган нарсага айлантира олди. Бир қарашда ажабланарли бўлса ҳам, АҚШ Эрон учун катта хизмат қилиб, заиф бўлса ҳам ҳали ҳам катта хавф туғдириши мумкин бўлган Саддамни йўқ қилишга ёрдам берди.

Эрон-Ироқ ўртасидаги (1980-1988) урушда Ироқ Эронга катта зарар келтирган эди, хусусан ўта заифлашган Эрон ўзининг исломий инқилоб экспортини давом этира олмади. Америкаликларнинг Ироққа бостириб кириши билан мазкур мамлакат ўзининг геосиёсий мустақиллигини бой берди. Мамлакат бир неча бўлакларга бўлиниб кетди, шиаларга мансуб бўлган унинг аҳолиси Эронга умид кўзлари билан қарай бошлади. Вашингтондан урушни давоми этишга чақириқлар узоқ вақтгача янграб турди, яъни Эронга ҳужум қилиб, ундаги режимни ағдармасдан туриб Ироқда ғалаба қилиш мумкин эмаслиги айтиларди. Бироқ, кенг миқёсли уруш учун АҚШда на куч, на ғайрат топилди. АҚШнинг Ироқда ботиб қолганини кўрган Эрон минтақа пешволиги учун дадил қадамлар қўя бошлади.

ЭРОННИНГ ЮКСАЛИШИ ВА ЗАИФЛАШИШИ

Яқин Шарқ минтақасидаги аксар мамлакатлар ўзининг таъсирини янада кучайтириш учун минтақанинг турли хил сиёсий партиялари, ташкилот ва ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб турадиган бўлди. Бу ишда энг катта муваффақият қазонган Эрон эди. Унинг ўз вақтида, хусусан араб дунёсидаги сиёсий кучларни қўллаб-қувватлаб туриши керак пайтда ўз самарасини бера бошлади.

Масалан, 1979 йилнинг ўзидаёқ эронликлар Ливанда шиа гуруҳларидан иборат “Ҳизбуллоҳ” партиясини ташкил қилишди. 2006 йилда Исроилга қарши туриш тимсолига айланган ушбу партия жуда кўп арабларнинг ҳурматига сазавор бўлиб улгурганди. Авваллари Ливандан ташқаридагиларга деярли таниш бўлмаган шиаларнинг ушбу партияси вақт ўтиши билан жуда машхур бўлиб кетди (Аҳли сунна вал жамоатга қарши бўлган ОАВлари ҳам бунга ўз ҳиссаларини қўшишди). Эрон ўзининг ғалабасини янада қувватлироқ қилиш мақсадида Фаластин майдонида ХАМАС ҳаракатини ҳам қўллаб-қувватлай бошлади. Уларнинг 2006 йилда ўтказилган сайловлардаги ғалабаси Теҳроннинг ғалабаси деб ҳам қаралди. Эроннинг собиқ президенти Аҳмадинажод барча минбарлардан Исроилни қаттиқ танқид қилиб, араб кўчаларида энг машхур сиёсатчига айланди. Минтақада Эроннинг таъсири ошиб кета бошлади. Тарихда ҳали бунга ўхшаш ҳодиса бўлмаган эди. Саксонинчи йилларда Эроннинг исломий инқилоб экспорти Ироқ тарафидан тўхтатиб қолинган бўлса, энди Эрон учун ҳеч қандай тўсиқ қолмаган эди.

Европа ва АҚШнинг босимларига қарамай, мазкур мамлакат бошқа геосиёсий ўйинчилар билан алоқалар ўрнатди, ўзининг технологиялари ва имкониятларини ишга сола бошлади. Унинг таъсир кўлами ҳам ошиб борди. Бу орада Форс кўрфазининг мамлакатлари Эрон қуролидан ҳамда ўз мамлакатларида озчилик ҳисобланган шиаларнинг нарозилик намойишларидан чўчиб, АҚШ ва Европадан қурол-яроғ сотиб олишга мажбур бўлишди (Эрон билан қўрқитилган Форс кўрфази мамлакатлари ўзини Ғарб қучоғига отишга ҳамда улардан жуда катта пул эвазига қурол-яроғ сотиб олишга мажбур қилинди). Ғарб таҳлилчилари ва Яқин Шарқ бўйича мутахассислар Эрон билан бўладиган янги уруш ҳақида башоратлар бериб, одамларни чўчитиб қўйишди. Улар АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужум қилиш санасини аниқлашга ҳам роса урунишди. Бироқ, Яқин Шарқнинг геосиёсий қайта қурилиши умуман кутилмаган бошқа жойда – Тунис кўчаларида Буазизи деган шахснинг мусулмон дунёсида ғайриодат ҳисобланган ўзига ўзи ўт қўйиш амалиётини содир қилиш билан бошланди. Сўнг эса, араб дунёсига ўт кетди…

“Араб баҳори” деб аталган нарса Эронни ғалати ҳолатга солди – бир тарафдан ғарбпараст тузумлар ва Эронга қарши (ёки Эрон билан совуқ муносабатларда бўлган) мамлакатлар вайрон бўла бошлади. Бу аланга Эронга ҳам ўтиши мумкин эди. Бошқа араб мамлакатларининг (авваламбор Суриянинг) режимлари ағдарилиши минтақадаги кучлар мувозанатини жиддий таҳликага солди. Эрон шунча йиллар давомида ўз манфаатларига тўғрилаган, мослаган нарсалар кетма-кет бузила бошланди. Агар Тунис, Миср ва Либиядаги ҳодисалар Теҳронга бевосита таъсир қилмаган бўлса ҳам, Сурия уруши унга бевосита таъсир қила бошлади. Эрон Сурияни йўқотишга асло рози бўла олмади, Асадни қўллаб-қувватлагани эса уни “Араб уйғониши”нинг энг катта душманига айлантириб қўйди. Араблар 2006 йилда Ливан-Исроил ўртасидаги урушда “Ҳизбуллоҳ”нинг қозонган ғалабасини мадҳ қилганларини тезда унутиб қўйишди. Исроилнинг энг катта душмани сифатида кўрилаётган Эрон ва унинг президенти Аҳмадинажоднинг юқори рейтинглари араб кўчаларида бир пастнинг ўзида тушиб кетди. Энди бу кўчаларда янги инқилобий андоза ҳукмрон эди. Яқиндагина олқишлар олиб турган Эрон ва “Ҳизбуллоҳ” Асадни қўллаб-қувватлаши билан нафратга лойиқ қора кучга айланди.

Асад режими йиқилиши хавфидан Эрон–Сурия–Ҳизбуллоҳ стратегик коалицияси хавф остида қолди, Баҳрайндаги шиаларнинг норозилик намойишлари қаттиқ бостирилди. Бундан ташқари, энди Эрон фаластинликларнинг асосий ҳимоячиси сифатида кўрилмайдиган бўлди  – Суриядаги уруш Эрон ва ХАМАС ўртасида низо чиқишига сабаб бўлди. Узоқ вақт Дамашқда қўним топган ХАМАС ҳаракатининг баъзи пешволари ички ихтилофлар ва иккиланишлар ортидан охири Сурия мухолифатининг тарафдорларига айланди. Бу ҳолда Эроннинг уларга кўрсатаётган молиявий кўмагини тўхтатиб қўйиши ҳам табиий эди. Фаластинликлар эса янги бош ҳомий бўлмиш Қатар қучоғига ўзини отди. Қатар амирининг 2012 йили Ғазога қилган сафари ХАМАСни Қатарнинг паноҳига ўтишининг тимсолий кўриниши эди. Туркиянинг Сурия мухолиф кучларини қўллаб-қувватлашлари Эрон билан муносабатлари совуб кетишига сабаб бўлди.

ТУРКИЯ ГАМБИТИ

Туркия раҳбарлари тарафидан қабул қилинган янги йўналишни тасодифий деб айтиш мушкулдир. Чунки Туркия минтақада Эронга устун кела оладиган мамлакатлардан бири сифатида кўрилаётган эди. Унинг иқтисодий ривожи ва сиёсий ташаббуслари айнан ўша мамлакатни Яқин Шарқдаги ҳамма сунний мусулмонлар учун мисол қилиб кўрсатишга имкон берар эди. Эрдоған Туркия иқтисодининг ривожланишига улкан хисса қўшди ва жуда қисқа муддатда мамлакатнинг ялпи иқтисодий маҳсулотининг икки бараварга кўпайишини таъминланди. Ҳарбийларни ҳам ўз жойига ўтқазиб, уларни бир ёқлама қилиб ташлади. Яқин Шарқ минтақасининг янги тарихида Туркия мўътадил исломий бошқаруви билан энг муваффақиятли модернизация қилинган ягона мамлакат сифатида кўрсатишга мисол бўла оларди. Туркия араб мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорликни қайта тиклади. Унинг “қўшни мамлакатлар билан муаммо йўқ” сиёсати ижобий натижаларни берди. Масалан, қўшни Сурия билан дўстона бўлмаган қўшничилиги турли хил соҳалардаги ҳамкорлик билан алмашди.

Туркия “фаластинликларнинг асосий ҳимоячиси” деган номга  ҳам эришди. (2009 йили Давосда Эрдоған Исроил президенти Ш. Пересни омма олдида танқид қилиб ташлади, 2010 йили эса қамал қилинган Ғазога инсонпарварлик ёрдамини олиб бораётган “Мави Мармара” кемасига Исроил қўшинларининг ҳужумини эслаш кифоя…). Араб ёшлари нигоҳида Эрдоған Исроилни танқид қилишда Аҳмадинажоддан ҳам ўзиб кетди. Араблар кўп вақтдан бери мавжуд бўлган туркларни ёмон кўришларини (Усмоний халифалигидан қутилиб олган баъзи араб мамлакатларидаги туркларга қарши қаратилган сиёсат оқибати) ҳам унутиб, Эрдоған борган араб мамлакатларида уни кўчаларга чиқиб кутиб ола бошлашди.

“Араб баҳори” Туркия учун жиддий синов бўлди. Анқара Бин Али ва Муборакнинг истеъфосини ҳамда ўша мамлакатларда “мўътадил” партияларнинг (Туркия режимига яқин мафкурага эга ҳаракатларнинг) ҳукуматга келишини олқишлади. Бироқ, катта шартномаларга эга ва жуда кўп турк мутахассислари ишлаётган Либиядаги ҳодисалар Эрдоғанни тараддудга солиб қўйди. Оқибат шу бўлдики, Туркия барибир мухолифат тарафини олди. Бу билан Ғарбга ўзини демократия тарғиботчиси сифатида кўрсатишни, шу билан бирга Яқин Шарқ аҳолиси кўз ўнгида “Араб уйғонишининг” душмани сифатида намоён бўлишни истамаганидир. Инқилоб олови қўшни Сурияга ўтганида ҳам Туркия мухолифатни қўллаб-қувватлади. Улар Асад режими тезда ер тишлайди, Суриянинг “иҳвончилари” тез орада ҳукумат тепасига келишига қаттиқ ишониб юборишди. Шундай бўлган тақдирда Туркия Сурия халқининг биринчи нажоткорига айланар эди.

Ўзининг собиқ шеригини қурбон қилиш Туркия ҳукумати тарафидан шахмат гамбити (ғалаба учун бирон бир фигурани қурбон қилиш) сифатида қаралиб, бундан сўнг Туркия Яқин Шарқ минтақасида янада мустаҳкам ўрнашиб олиши керак эди. Бироқ Асад кетмади, уруш эса янада катта маблағлар ва ҳомийларни талаб қила бошлади. Агар геосиёсий ҳолатга объектив тарзда нигоҳ соладиган бўлсак, Сурия масаласида Туркия катта хатога йўл қўйганини кўрамиз. Энди эса улар мухолифат ҳамда суриялик қочқинлар учун жуда катта маблағларнинг кулини кўкка совуришга мажбур бўлишяпти. Райхонли шаҳрида юз берган портлашлар эса Сурия билан чегарадош худудларда ҳукуматга қарши нарозилик намойишларига айланиб кетишига сабаб бўлди. Сурия можаросига аралашиб қолган “Адолат ва тарақиёт” партиясининг обрўсига катта зарба етгани ҳам маълум. Ғозий боғи атрофидаги норозилик намойишларига Туркиянинг Суриядаги сиёсатидан норози бўлганлар ҳам келиб қўшилишди.  “Қўшнилар билан муаммо йўқ” сиёсати ҳам ўтмиш бўлиб қолди. Туркиянинг Форс кўрфази мамлакатлари билан жуда яқин бўлиб олиши дунёвийлик ғоялари асосида тарбия топган жуда кўп туркиялик фуқароларнинг ғазабини келтириб чиқарди. Уларга  кўра, Туркия Ғарбга ўхшаши керак, ғарбча яшаши, уларга тақлид қилиши керак эди. Янги ҳукуматнинг эса, нигоҳи шарқда…

Либия ва Суриядаги ҳодисалар туфайли Эрдоғаннинг халқ дардига қулоқ солиш кераклиги ҳақидаги сўзлари ўзига қарши ишлатила бошланди. (Истамбулдаги “Тақсим” майдони ҳамда Туркиянинг бошқа шаҳарларидаги норозилик намойишларини тарқатишда полиция ишлатган кучларни эсга олинг). Мисрда Муҳаммад Мурсийнинг ағдарилиши ҳам Туркия учун жиддий имтиҳон бўлди, чунки мисрлик “Иҳвонул Муслимийн” Анқара тарафидан мухим шерик сифатида қараб келинаётган эди. Бу воқеаларнинг дебочаси Қатарда содир этилган “сарой тўнтариши” бўлди.

 

ҚАТАРДАГИ “БИР СОАТЛИК АМИР”

Ўн беш йилча олдин Форс кўрфазидаги кичкина бир  мамлакатнинг Яқин Шарқ минтақасига катта сиёсий таъсир ўтказа олишини тасаввур ҳам қилиш қийин эди. Тадқиқотчилар ҳали Қатар феноменини ҳамда табиий ресурслардан тушган пулларни ўзларининг сиёсий манфаатлари ва ўша манфаатлар қаердан пайдо бўлиб қолганини ҳали ўрганиб чиқишлари керак бўлади. Иқтисодчилар аллақачон Қатарнинг иқтисоддаги муваффақиятлари ҳақида баёнотлар бериб улгуришди. Халқаро андозаларга мос араб тилидаги биринчи оммавий ахборот воситаси бўла олган ҳамда Афғонстон, Ироқ ва Фаластиндаги урушларни холис ёритиб турган “Ал-Жазира” ҳам барчанинг оғзида эди. Қатар ташқи сиёсатда мурасосоз сиёсат юритаётган эди. Унинг Эрон ҳамда Европа мамлакатлари, АҚШ билан илиқ муносабатлари бор эди (Ҳатто араб қиролликлари ичида фақат Қатарда  1996 йили очилган Исроилнинг расмий тижорат вакиллиги ишлаб турибди). Қатар асосан бир-бирига қарама-қарши бўлган мамлакатларнинг манфаатлари орасида муваффақиятли тарзда мувозанатни сақлашга уринар, шунга риоя қилар эди.

Шундай бўлса ҳам, “Араб баҳори” Қатарнинг юлдузли онлари бўлганига шубҳа йўқ. Араб дунёсидаги воқеалар уни минтақадаги сиёсий жараёнларга таъсир ўтказувчи катта кучга айлантирди. Қатарнинг Либия ва Суриядаги ҳукуматга қарши нарозилик намойишларини ташкил қилишга қандай аралашиб қолгани – уни олдиндан режалаганми, ёки аввалги босқичда қўшилиб қолгани ҳали охиригача ўрганилган эмас. Нима бўлганда ҳам Қаззофий ва Асадни ағдариш учун мухолифатга Қатарнинг катта молиявий ёрдам бергани аниқ. Муаммар Қаззофийни ўлдиришдек шармандалик билан тугаган  Либиядаги ҳодисаларда Қатар жуда катта ва муҳим ролларнинг бирини ўйнади. Бундан ташқари, Тунис, Миср ва Марокашда ҳукуматга “иҳвончилар” келишида ҳам Қатарнинг ўрни беқиёсдир.

“Иҳвончилар” билан Қатарнинг иттифоқини Яқин Шарқда яқин орада ташкил қилинган энг муваффақиятли стратегик аҳамиятга эга тузилма, деб ҳисобласак бўлади. Ушбу муносабатларнинг асоси Қатар амири ҳамда иҳвончилар раҳбарларининг жуда яқин бўлган шахсий алоқаларига боғлиқдир. Минтақада энг йирик ташкилотларнинг бири ҳисобланган “иҳвончилар”га бой ҳомий топилмай турган эди. Қатарга эса минтақага қарши бошлаган босқинига ёрдамчи бўладиган “ихвончиларга” ўхшаган ҳаракат етишмай турган эди. Улар бир-бирларини ҳақиқатдан ҳам жуда керакли вақтда топиб олишди.

“Араб баҳори”нинг илк босқичларида Қатар ўзидаги мавжуд барча омиллардан унумли фойдаланиб қолишга муваффақ бўлди. Унинг қўлидаги энг йирик ахборий аждаҳо  ҳисобланган “Ал-Жазира” телеканали “озодлик курашчиларининг” ҳар бир қадамини ёритиб турди. “Диктатор режим” тарафидан содир этилган ҳар бир жиноятларни эса икир-чикиригача фош қилиб турди. Яқин Шарқда машхур мусулмон олимларидан бири саналган, Қатарда истиқомат қилаётган мисрлик уламо Юсуф Қарозовий минтақа давлатларидаги ўзгаришларда инқилоб даъватчиси ролини бажаришга тайёр эди. Либия ва Сурия мухолифатида ҳам Қатарнинг “ўз одамлари” бор эди.

Бироқ Қатарнинг юлдузли онлари узоққа бормади. Яқин кунларгача “Араб баҳори”нинг жарчиси ҳисобланган “Ал-Жазира”га “Иҳвончилар”нинг тарғибот машинаси” деган тамға урилиши билан унинг аввалги машҳурлиги бирдан пасайиб кетди. Сурия масалалари бўйича Қатарнинг иттифоқчиси Туркия ҳам нарозилик намойишлари гирдобида қолиб кетди. 2013 йили Сурия мухолифатининг раҳбари этиб “саудияликларнинг одами” тайинланди, Қатар қўйган одам эса олиб ташланди. Қатарнинг энг муҳим иттифоқчиси ҳисобланган мисрлик “иҳвончилар” ҳам ҳокимиятни ўз қўлларида ушлаб қола олишмади. 2013 йилнинг июл ойларида рўй берган ҳарбий тўнтариш оқибатида улардан ҳокимият тортиб олинди. Бироқ, 2013 йили июн охирларида Қатар амири Ҳаммаднинг сирли равишда ҳукуматдан кетиши ғаройиб ҳодиса бўлди. Расмий равишда у тахтини ўғли Тамимга топширди, бироқ барча аломатлар “сарой тўнтариши” юз берганига далолат қилар эди. “Араб баҳори”нинг меъморларидан ҳисобланган бош вазир ал-Таний ҳам ўз лавозимини тарк қилди. Эҳтимол, амир Ҳаммаднинг “буюк давлат” қуриш режаси ҳамда бу нарсани амалга ошириш учун “Араб баҳори”га сарф қилган харажатлари Қатар зодагонлари вакилларининг ғашига тега бошлагандир? Айниқса Саудия Арабистони ҳамда уларнинг АҚШдаги “республикачилардан” бўлган иттифоқчиларининг ғашига тегиши ҳам Қатардаги тўнтариш содир этилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

САУДИЯЧА ХОТИМАМИ?

Саудия Арабистонининг Қатар сиёсатидан норози бўлишига етарли сабаблар бор эди. Айниқса, “Араб баҳори” даврида Қатарнинг фаол ҳаракатлари Саудия ҳукмрон доираларининг ғазабини келтириб чиқарди. “Сурия мероси” бўйича баҳсларда  эса кўрфазнинг иккита қироллиги ўртасида жиддий ихтилофлар борлиги аниқ кўрина бошланди.

Саудияликлар “Иҳвонул муслимин” ҳаракатининг таъсири ошиб боришини ҳам мафкуравий тарафдан катта хавф деб билди. “Иҳвон”чиларнинг сиёсати мослашувчанлиги билан бирга “салафий”ларнинг сиёсатига кўра мурасасоз (либерал) ҳамдир. “Иҳвончи”лар сиёсий жараёнларда: масалан, партиялар ташкил қилиш, сайловларда иштирок этиш ва ҳоказоларда фаол бўлишга чақиради. Ўзининг ҳукмронлигини “ҳақиқий исломий” деб санайдиган Саудия Арабистони қироллиги учун булар умуман тўғри келмайдиган нарсалардир. “Иҳвонул муслимин” ҳаракатига яқин бўлган ва унинг жарчиси деб ҳисобланадиган уламолар эса ўз навбатида подшоҳликка қарши чиқишлар ҳам қилиб туради. Саудия Арабистони сиёсий Исломга бўлган монополияни “иҳвон”чиларга бой беришдан қўрқади. Мисрда бўлиб ўтган ҳарбий тўнтариш ҳамда қонуний сайланган президент Муҳаммад Мурсийнинг ҳибсга олинишини Саудия Арабистони қўшқўллаб қувватлашининг асосий сабаблари ҳам шунда бўлса керак. Мисрда бўлиб ўтган ҳодисалар бўйича тарқатилган мурожаатда Саудия қироли: “Саудия Арабистони халқи номидан ҳамда ўз номимдан тарихингизнинг муҳим даврида Миср раҳбариятини табрик этамиз”, деб ҳарбийларга табрик йўллаган. Бунга қўшимча тарзда ҳарбийларга молиявий ёрдам сифатида Араб қиролликларидан Мисрга қараб пул оқиб кела бошлади.

Саудия Арабистонининг турли мамлакатлардаги “салафий” деб номланадиган ҳар хил ҳаракатларга таъсир қилиш имконияти бор. Саудия ҳукумати сўнгги ўн йил ичида Ливан ва Ироқда Эрон таъсирининг ошиб кетишига қарши маҳаллий суннийларга суяна бошлади. Бироқ бу ҳаракатлар минтақавий кўринишга эга эди. Саудияликларда Эрон ва Туркияга ўхшаш ўзининг сиёсий модели мавжуд эмас. Яъни, ривожланиш ва тараққиётнинг муқобил лойиҳасини араб қиролликлари ҳали тақдим қила олишганича йўқ. Икки Ҳарам хизматчилари, ҳаж ибодатини ташкиллаштирувчилар ҳамда “ақидапарастлик”нинг асосий марказларидан бири бўлган Саудия шубҳасиз янгиланаётган Яқин Шарқ минтақасида муҳим хизмат қилиши керак эди, бироқ бунда юқорида санаб ўтилган омиллар етарли эмас. Бойлиги ва АҚШ билан яқин муносабатларини ҳисобга олмасак, Саудия Арабистони эскирган ва бесўнақай сиёсий тузилмага эга бўлиб, бу эса ўз ўрнида мамлакатни етарли даражада мурасасоз бўлишига ва ўз манфаатларини ҳаётга татбиқ қилишга йўл бермайди. Саудияликлар “Араб баҳори” натижаларидан фойдаланган ҳолда ўз мавқеаларини мустаҳкамлашга уринсалар ҳам, узоқ муддатга ушлаб туриш анча мушкилдир. Сурия ва Ливанда “шиалар хавфи” масаласини рўкач қилиб ўз одамларини олдинга суриш бу бошқа масала, минтақа пешвосига айланиш ҳамда жозибали ва самарали тарққиёт моделини тақдим қила олиш бу умуман бошқа масала. Ушбу тизимнинг инқирози эртами ё кеч албатта келажак. Бу инқирознинг келишига  унинг эски ва “содиқ” иттифоқчиси ҳисобланган АҚШ ёрдам бериб юборганини эшитсак ва кўрсак, ажабланмаса ҳам бўлаверади…

ҚАРАМ БЎЛГАН ЯҚИН ШАРҚ

Сўнгги вақтларда АҚШ минтақада аввалги таъсирини йўқотгани ҳақида кўп гапириладиган бўлиб қолди. Бу эса америкаликлар кетганидан сўнг Яқин Шарқ минтақасида ким пешво бўлар экан, деган гап-сўзларнинг пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлмоқда. Шубҳасиз, ҳозир АҚШ ўн беш йил олдингидек эмас, бироқ улар ҳозир ҳам кучли иқтисод ва ҳарбий қудратга мамлакат ҳисобланади ҳамда у ҳар қандай минтақавий жараёнларга ўз таъсирини ўтказиши мумкин.

“Араб баҳори” ҳодисаларидан ўзига манфаат олиш учун сиёсат юритаётган мамлакатлар ҳақида зикр қилиб, АҚШ ролини атайин айтмаётган эдик. Улар ўз ўрнида, аввалидан бошлаб сиёсий жараёнлардаги ўз ролларини кўз-кўз қилмаётган эди. Бироқ, Обама даврида ҳам АҚШ олдинги президентлардан кам бўлмаган фаол сиёсат юритмоқда. Яқин ўтмишда, яъни кичкина Буш даврида “ёмон давлатлар” ҳарбий аралашувсиз тезда маҳв қилиниши ҳақида орзу ҳам қилиб бўлмас эди. Америкалик ҳарбийларнинг ишини фейсбук ва твиттерлар билан қуролланиб олган араб ёшлари бажариб беришди.

Бир қарашда Бин Али ва Муборакларнинг ағдарилиши АҚШ учун зарар бўлгандек туюлади. Бироқ бундай қараш ақлга тўғри келмайди, чунки бунда АҚШнинг ўзидаги турли хил гуруҳларнинг геосиёсий тўқнашувлари ҳисобга олинмаган. Бу ерда гап аввало “демократлар” ва “республикачилар” ҳақида бормоқда. Бу номлар шартли равишда зикр қилинса ҳам,  АҚШ сиёсий  элитасида шаклланиб бўлган қарашларни акс эттиради. Либерализм тарафдорлари, енгил куч ишлатиш (soft power) ва тикка бормаслик тарафдорлари демократик партия атрофида бирлашган. Консерватор, фундаменталистлар эса қўпол куч ишлатиш  (hard power) тарафдорлари бўлиб, улар асосан республикачилар атрофида бирлашади. Албатта, хос ҳолатларда  истиснолар ҳам мавжуд бўлса ҳам, бироқ бундай бўлиниш шубҳасиз мавжуддир. Мазкур геосиёсий блоклар бир-биридан турли хил омиллари билан ҳам фарқ қилади. Буларнинг ичида диний фарқларга кўра асосланиш ҳам бор. Масалан, АҚШ республикачилар партиясининг мафкураси “протестант фундаментализмига” асосланади. Буларни ҳисобга олиб қуйидагиларни хулоса қилсак бўлади: ушбу блокларни ўзаро бир-бири билан боғлайдиган жойлари бу уларнинг англосаксон дунёсига мансублиги ва АҚШда жойлашганидир. Шу мамлакатга ҳукмрон бўлиш учун улар ҳар бир нарсага тайёрдирлар. Булар албатта, ушбу тузилмаларнинг ўзаро мақсадларга етиш учун бир-бирлари билан ҳамкорлик қилмайди, деганлари эмас. Агар уларга бирон бир масалада фойда келтириши аниқ бўлса, бир-бирлари билан дўст бўлиб кетаверадилар. Масалан, Россия ва Хитой каби умумий рақибларни заифлаштириш борасидаги ҳамкорликлари: Либияда Қаззофийни ағдаришдаги ҳамкорликлари бунга мисол бўла олади. Энди Сурия масаласида ҳам уларнинг ҳамкорлик қилаётгани кўзга ташланмоқда.

Тунисдаги Бин Али, Мисрда эса Муборак режимлари “республикачилар” таъсири остида экани маълум эди. Ҳамда ушбу геосиёсий лагернинг Саудия Арабистони билан ҳам яқиндан ҳамкорлиги борлиги маълум (ағдарилган Тунис президенти айнан ушбу қиролликдан бошпана топгани ҳам тасодифий ҳолат эмас). “Республикачилар”нинг вакиллари Тунис ва Мисрдаги ҳодисаларга эҳтиёткорона ёндашиб Оқ Уйни “исломийлар” билан мулоқат қилишда айблашди (ўзлари эса четдан исломийлар билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилишди). Обама ва бошқа демократлар эса, бўлаётган ҳодисалардан мамнун эканини яшириб ҳам ўтиришгани йўқ. Араб баҳорининг асл сабаблари нима бўлган тақдирда ҳам, Туркия ҳукумати қандай мақсадни кўзлаган бўлса ҳам, “Иҳвонул муслимин” бу жараёнга киришишдан нимани кўзлаган бўлса ҳам, америкалик демократлар Туркия, Қатар ва иҳвончилардан иборат ўзига қарам бўлган иттифоқчилар алянсини шакллантиришга муваффақ бўлдилар.

Қарамлик ҳақидаги сарлавҳа юқоридаги қаторларда тасодиф зикр қилинмаган. Ва бу масалада Миср мисоли ўта ибратлидир. Яъни, мамлакатдаги жиддий иқтисодий ва ижтимоий муаммолар, бунинг устига “иҳвончиларнинг” ҳукуматга келиб Ғарбдан мустақилликка эга бўлишга қаратилган сиёсат юритишига ҳеч ким йўл бермади.

“Иҳвончилар” турли баҳона ва мажбуриятлар билан  аввало АҚШ ва Халқаро Валюта фонли каби халқаро молия тузилмалари ёрдамида қўл-оёқлари боғланди (энг аввало иқтисодий масалаларда). Қачонлардир Носир собиқ Совет иттифоқи қучоғига қочиб, ҳолатдан чиқиб кета олган эди. “Иҳвончилар”га ҳозир ўзларига иттифоқчи топишга нима халақит берганини айтиш қийин. Ва охири “Иҳвонул муслимин” Мисрда ҳокимиятни қўлдан бой беришди: уларнинг Тунис ва Марокашдаги иттифоқчилари ҳам катта қийинчиликларга дуч келдилар. Қатарда уларнинг тутган йўли ҳам мавҳумлигича қолмоқда. Сурияда эса улар муваффақиятга эриша олмади, билъакс улар барча жабҳаларда чекинишга мажбур бўлмоқдалар. Суриялик “иҳвончилар” учун коалициядаги собиқ шериклари, яъни Саудия Арабистонидан молиявий кўмак олаётган радикал гуруҳлар ҳам уларга қарши бўлиб қолди. Суриядаги қатарликлар қўйган мухолифат пешвоси Саудиянинг одамига алмаштирилиши ҳам булар орасида ихтилофдан дарак беради. Энди эса, улар орасида очиқчасига қарама-қаршиликлар ҳам бошланди (Изоҳ: 1) “АҚШ демократлари” – Туркия, “иҳвончилар” (Қатарнинг ҳам бу сафда бўлиши эҳтимоли бор, лекин ҳали бу аниқ эмас); 2) “республикачилар” – Саудия Арабистони салафийлари).

КЕНГ МИҚЁСЛИ МЎЛЖАЛ

Ҳодисаларни режалашда кенг кўлам ва узоқ мақсадни кўзлаган нарса айнан геосиёсий мўлжалнинг асосий хусусиятларидан бири ҳисобланади. Буни биринчи, ҳатто иккинчи қадамда ҳам илғаб олиш қийин бўлади. Шуни ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, “Араб баҳори” шароитида қайсидир режимни ( у хоҳ қарам бўлсин, хоҳ қайсар) ағдариш геосиёсий ўйинчиларининг асосий мақсади ҳисобланмайди. Бугунги кунимизда дунёда, ҳусусан Яқин Шарқдаги энг муҳим стратегия бу, ҳеч қайси бир фаол иштирокчининг устун бўлиб кетмаслигини таъминлаш, керак бўлса уни оммавий норозиликлар ва вайронагарчиликлар билан касодга учратиш бўлиб турибди. Мисрликларнинг халқаро ташкилотидаги офисларидан Мисрнинг бир неча бўлакларга бўлинганини акс этувчи хариталарнинг топилиши ҳам қизиқарлидир. Шундан бери анча вақт ўтиб, керакли хулосалар чиқариш вақти ҳам келди, бироқ мусулмонлар ўзларига ўзлари зарба беришдан тўхтаётганлари йўқ. Бу эса маккор ва золимлар фойдасига ишламоқда.

Ҳақиқатан ҳам ғарб ўз қарашларига кўра, Яқин Шарқда бутун минтақани бирлаштиришга қодир бўлган пешволар бўлиши керакми? Шунинг учун ҳам минтақадаги халқаро тузилмаларнинг асосий иши “ҳукмрон” бўлишни истаганларни бир-бирига тўқнаштириб қўйиш ва ҳеч қайси тарафни устунликка эриштирмаслик, низо оловлари ўчиб қолмаслигини таъминлаётганидан  ҳайрон қолмаслик керак. Эҳтимол, шунинг учун Суриядаги уруш ҳам тугамайди, Либияда эса қабилалар орасидаги уруш сурункали равишда узоқ  давом этади. Мисрдаги тўнтаришларнинг илдизи шудир. “Бошқариладиган тартибсизлик” ҳам ўн йиллар давом этиши мумкин. Муҳими, АҚШ асосий қурол-яроғ етказиб турувчи ҳамда нефт ва газнинг асосий истеъмолчиси сифатида қолса бас…

 

Интернет материаллари асосида АБУ МУСЛИМ тайёрлади.