АҚШда осиёлик иммигрантлар сони кўпаймоқда

file42449906_f527ce65

Ўтган йили АҚШга келган иммигрантлар сони инқироздан аввалги даврга қайтди, яъни ўсди. American Community Survey тадқиқотларида келтирилишича, Америка аҳолиси ҳар доимгидек “латинос”лар эмас, балки осиёликлар ҳисобига кўпайган. Аҳолини ҳисобга олиш бюроси маълумотларига кўра, агар 2011 йилда Америкада хорижликлар сони 422 минг нафарга кўпайган бўлса, 2012 йилда бу кўрсаткич 447 мингга етган.

Вашингтондаги Brookings Institution тадқиқотлар маркази таҳлилларига кўра, 2011-2012 йилларда Америкага келган осиёликлар сони 207 мингдан 309 минг нафарга етган. 2011 йилда Ҳиндистондан 76 минг, 2012 йилда 111 минг нафарни, Хитойдан эса 2012 йилда 61 минг нафар иммигрант келган. Ўтган йили АҚШга бор-йўғи 47 минг нафар “латинос” келган. Бу ўз ватанига қайтаётган мексикаликлар сони кўпайгани билан ҳам изоҳланади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, иммигрантлар сони ўсгани АҚШ иқтисодиёти турғунликдан чиқаётганидан далолатдир. Лотин Америка давлатлари вакилларининг камайиши бевосита инқироз пайтида қурилиш ва шунга ўхшаган соҳаларда кам ҳақ тўланадиган иш жойларининг камайиши билан боғлиқдир. Чунки ушбу вакант жойлар одатда “латинос”лар томонидан эгалланарди.

Ўтган йили ўтказилган ижтимоий тадқиқотлар шуни кўрсатаяптики, АҚШда энг яхши пул топаётган, тез ўсаётган ҳамда яхши таълим олганлар асосан Осиёдан келган иммигрантлар экан. Чунончи, 1980-2010 йиллар давомида АҚШдаги осиёликлар сони 18 миллионга етган. Бу мамлакат аҳолисининг 6 фоизини ташкил этади. Уларнинг асосий қисми Хитой, Ҳиндистон, Япония, Корея, Филиппин ҳамда Вьетнамдан келган иммигрантлардир.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, осиёликлар асл америкаликларга қараганда оилани, ота-она бўлишни, карьера қилишни кўпроқ қадрлашади. “21-асрда осиёликлар энг малакали меҳнат кучидир. Аммо улар ўзлари билан анъана ва қадриятларни олиб келаётганини унутмаслик лозим”, дейди Пью тадқиқот маркази ижрочи вице-президенти Пол Тайлор.

АҚШда аҳолининг бор-йўғи 30 фоизи коллеж даражасига эга бўлган бир шароитда, осиёликларнинг ярми олий маълумотга эга. Қувонарли жиҳати, америкаликларнинг ўртача йиллик даромади 49 минг доллар бўлса, кунчиқар мамлакатлардан келганлар йиллик топар-тутари 66 мингдан ошади.