Физика соҳасида Нобель мукофоти совриндорлари номи маълум бўлди

22

Физика соҳасида Нобель мукофоти Питер Хиггс ва Франсуа Энглерга насиб қилди. Нуфузли мукофот олимларнинг элементар қисмларда массанинг пайдо бўлишини тушунтиришга ёрдам берадиган назарий иш учун берилди. Хиггс ва Энглер назариясини 2011 йилда ўтказилган тажриба тасдиқлади. Ўшанда физиклар Хиггс бозони мавжудлигини исботлаб беришга муваффақ бўлишган эди.

Питер Хиггс 1929 йилда таваллуд топган бўлиб, у Лондон қироллик коллежини тамомлаган ва у ўша ерда физика бўйича диссертациясини ҳимоя қилган.

Бельгиялик Франсуа Энглер эса 1932 йили таваллуд топган бўлиб, 1955 йилда Бельгия озодлик университетини муҳандис-электромеханик мутахассислиги бўйича тугатган.

BBCUzbek’нинг ёзишича, 2011 йили Европа ядровий тадқиқотлар маркази олимлари фанда “Хиггс бозон”и деб аталган ўта митти атом таркибий қисмни кашф этган. Хиггс бозони бундан олдин назарий жиҳатдан мавжудлиги эълон қилинган, бу нарса жисмларни масса ёки оғирлик билан таъминловчи қисм эканлиги айтилган.

Олимларга кўра, Хиггс бозони коинот қандай тузилгани борасидаги назарияда шу пайтгача етишмай турган ёки илмий исботланмаган занжир эди. Ливерпул университети олимаси Тара Ширснинг айтишича, Хиггс бозони масса ёки оғирлик ўзи нимадан тузилганини тушунтириб бериш учун зарур бўлган.

“Агар бу қисмнинг массаси бўлмаганда, юлдузлар ҳам, галактика ҳам, атомлар ҳам бўлмас эди. Хиггс бозони кашф этилгани биз коинотни англаш тушунтириб бериш йўлида тўғри қадам ташлаётганимизни кўрсатади”, деган Тара Ширс.

Барпо этиш учун 10 миллиард доллар миқдорида маблағ сарфланган Улкан Адрон Коллайдери атом таркибий қисмларини ёруғлик тезлигида ҳаракатга келтирадиган тезлаштирувчи иншоотдир. Унда олимлар протонларни ёруғлик тезлигида айлантирганлар ва кейин протонлар бир-бирларига тўқнаштирилган.

Ушбу тўқнашув натижасида бозон юзага келиши мумкин, деган мақсадда тажриба ўтказилган, тадқиқотчилар оғирлиги 125 гигаэлектронволт тенг оғирлик қисми ҳақидаги сигнални олишга муваффақ бўлганлари ҳақида эълон қилдилар.

Бироқ илмий талабларга кўра, топилган мўъжаз қисм айнан бозон эканига тўлиқ ишонч ҳосил қилиш учун чуқур таҳлил ва яна қўшимча тадқиқотлар ўтказилиши лозим.