АҚШ тарихида илк марта Федерал захира тизимини аёл киши бошқариши мумкин

Fed's Plosser, Yellen and Bullard Speak At AEA Annual Meeting

Барак Обама бугун АҚШ Федерал захира тизимининг раҳбари лавозимига Жанет Йеллен номзодини илгари суради. Бу ҳақда BBC Оқ уйдаги манбасига таяниб, хабар тарқатди.

Сўнгги икки йил давомида Йеллен Федерал резерв раҳбари ўринбосари сифатида фаолият юритиб келган. Агар конгресс унинг номзодини тасдиқлайдиган бўлса, у мазкур идорани бошқарган АҚШ тарихидаги илк аёл бўлади. Жанет Йеллен номзодини эълон қилиш билан боғлиқ тадбир бугун Тошкент вақт билан 24.00да ўтказилиши кутилмоқда.

BBCнинг ёзишича, Йеллен собиқ молия вазири Лоуренс Саммерс ўз номзодини илгари суришни рад қилгач, асосий номзодга айланди.

Амалдаги Федерал захира тизими раҳбари Бен Бернанкенинг ваколат муддати 2014 йил январь ойида тугайди. У идорани 2006 йилдан бери бошқариб келади. Сўнгги пайтлар у янги муддатга қолмаслигини таъкидлаб келади.

Таҳлилчилар фикрича, Жанет Йеллен Бен Бернанке сиёсатини давом эттиради.

67 яшар Йеллен Нью-Йоркда таваллуд топган бўлиб, Гарвард ва Лондон иқтисодиёт мактабида дарс берган. У, шунингдек, АҚШ президенти ҳузуридаги иқтисодий консультантлар кенгашини ҳам бошқарган. Қайд этилишича, АҚШ Сенати унинг номзодини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

АҚШ Федерал захира тизими (Марказий банки (регулятор) 1913 йилда ташкил этилган бўлиб, АҚШ тижорат банклари фаолияти устидан марказлаштирилган назоратни амалга оширади.