Ўзбекистон таэквондо усталарининг Нью-Йоркдаги ғалабаси

1384097_360183344116018_1979821535_n (1)

Шу йилнинг 5 октябрь куни Нью-Йоркда Таэквондо I.T.F. бўйича BIG Apple 9-халқаро турнири бўлиб ўтди. Унда дунёнинг кўплаб мамлакатлари қатори Ўзбекистон таэквон-до миллий ассоциацияси вакиллари ҳам иштирок этишди. Мусобақада Лазиз Ҳасанов ва Бахтиёр Исроилов бошчилигидаги 8 нафар ҳамюртимиз Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишди.

Нью-Йоркдаги ватандошлар қўллаб-қувватлови остида ўтган мазкур мусобақаларда ўзбекистонлик таэквон-до усталари яккалик баҳсларида ҳам, умумжамоа ҳисобида ҳам яхши натижаларни қўлга киритишди. Вакилларимиз, хусусан, тиль ва массоги йўналишларида 7 та олтин, 5 та кумуш ва иккита бронза медални қўлга киритишди.

1383341_360354030765616_1404526649_n

Ҳамюртларимиздан Камронбек Тоҳиров тиль, яъни комплекс машқларни бажариш бўйича биринчи ўриндан, шунингдек, массоги машқларида ҳам шоҳсупанинг юқорисидан жой олди. Худди шундай муваффақиятларни Иброҳим Зоҳидов ҳам такрорлади.

Ҳасанжон Иномжонов тиль бўйича биринчи, массоги бўйича иккинчи, Абдулазиз Аъзамов массоги бўйича иккинчи, тиль бўйича учинчи, Суҳроб Нафуллаев эса массоги бўйича иккинчи, Заргуна Аҳроқулова массоги бўйича биринчи, тиль бўйича иккинчи, Муҳаммаджон Аҳмеджонов тиль бўйича биринчи, массоги бўйича иккинчи, Амиржон Абдураимов массоги бўйича совринли ўринларни қўлга киритишди.

Ғолиб бўлганларга турнир ташкилотчиларининг қимматбаҳо совғалари ва медаллари топширилди.

SHARE