АҚШ ҳукумати тўлов қобилиятини йўқотса…

84368783-capitol-dome-flag_custom-00b36a18eb2fed3ab9cad2c15430674d6f1487d0-s6-c30

Агар Конгресс ҳукуматнинг қарз олиш бўйича лимитини оширмайдиган бўлса, ҳукумат ўз қарзлари бўйича қачон тўлов қобилиятини йўқотишини ҳеч ким билмайди. Шундай бўлса-да, Reuter’нинг экспертлари АҚШ Марказий банки (ёки АҚШ Миллий захира тизими)нинг 2012 йил октябрь ва ноябрь ойларидаги кундалик баёнотларига асосланиб, АҚШ ҳукумати банкрот бўлишининг тахминий динамикасини ишлаб чиқишди.

17 октябрь

Марказий банк ҳукуматнинг қарз олиш бўйича лимити доирасидаги барча воситалардан фойдаланиб,  миллий қарзни кўпайтириш имкониятига эга бўлмайди. Ўшандай ҳолатда ҳам Марказий банкнинг қўлида 30 миллиард доллар миқдорида маблағ қолади, ўша куннинг кирим-чиқимлари орасида 6,75 миллиард доллар солиқ тушуми бўлса-да, 10,9 миллиард доллар миқдорида маблағни пенсия тўловлари учун ажратиб беришга мажбур бўлади. Куннинг охирига бориб, ғазнада 27,5 миллиард доллар маблағ қолади.

18-29 октябрь

Марказий банкнинг пул маблағлари камайишда давом этади. Вашингтон сарфлаётган ҳар 1 бир долларига 70 цент қайтиб келади. Энг муҳими, ушбу тафовутни қоплаш учун янги қарз олишга ҳаққи йўқ.

22 октябрь куни ҳукумат учун бирмунча омадли келади, ўша куни ҳукумат сарфлаганидан кўпроқ маблағ кирим қилади, жами 3,5 миллиард доллар.

Аммо бу вақтинчалик омад бўлиб, энг оғир кун 24 октябрь куни юз беради. Ўша куни ҳукумат ҳарбийларга 1,8 миллиард, қарияларни даволаш учун касалхона ва шифокорларга 2,2 миллиард, шунингдек, Ижтимоий таъминотга 11,1 миллиард доллар ўтказиб бериши керак бўлади. Ваҳоланки, ўша куни ҳукумат бор-йўғи 9,6 миллиард доллар кирим қилади.

Кутилмаган зарбалардан бири, шубҳасиз, АҚШ миллий захира тизими қимматли қоғозлар бозорининг ишончини йўқотиши мумкин. Албатта, ҳукумат янги қарз ола олмаса-да, эски қарзларни чўзиши мумкин, муҳими, лимитдан ошиб кетмаслиги керак. Инвесторлар 100 миллиард доллар миқдорида АҚШ қимматли қоғозларини қайта харид қила олишлари мумкин, аммо бунинг барқарор кечишини кафолатлаб бўлмайди.

30 октябрь

Ҳукумат тўлов қобилиятини йўқотади. Кун охирига бориб 7 миллиард доллар миқдорида маблағ ўтказиб бериши керак.

Хўш, ким мушкул аҳволда қолади?

Обама маъмуриятига кўра, ҳамма оғир аҳволда қолади. Марказий банкка кўра, у кимнинг харажатларини молиялаштириш, кимники молиялаштирмаслик қобилиятига эга эмас. Охирги марта ҳукумат 2011 йилда худда шундай вазиятга дуч келган, ўшанда ҳукумат харажатларни амалга ошириш учун куннинг тугашини кутган эди. Яъни тушумга қараб, харажатлар белгиланган эди. Умуман, бу маҳаллий мактабларнинг 680 миллион, ижтимоий таъминот олувчиларнинг 553 миллион, ҳарбий хизматчиларнинг 972 миллион долларлик тўлови кечиктирилади, дегани. Ҳукумат буюртмаларини бажарадиган компаниялар учун оғир дамлар бошланади. Тўловдаги кечикишлар кўлами жуда кенгаяди.

31 октябрь

Вазият ҳақиқатда ҳам даҳшатли тус олади. Чунки ўша куни ҳукумат ўз қимматли қоғозлари бўйича акциядорларга 6 миллиард доллар дивиденд тўлаши керак бўлади. Агар ҳукумат бу мажбуриятини бажара олмаса, дунё иқтисодиётида мисли кўрилмаган ваҳима ва жараёнлар бошланади.  Шуни қайд этиш керакки, АҚШ ўз қарзларини қайтариш бўйича яхши тарихга эга бўлганлиги учун дунёдаги энг паст ставкада дивиденд тўлайди. Аммо АҚШдаги вазият дунё миқёсида истеъмолчилар фаоллигининг сусайишига олиб келиши мумкин.

Ҳукумат жиддий қарорлар қабул қилиш керак бўлади, яъни Хитой харид қилган қимматли қоғозлар учун улуш тўлаш ёки Афғонистондаги ҳарбийларни молиялаштириш бўйича қарор қабул қилиши талаб қилинади. Экспертларга кўра, қимматли қоғозлар бўйича ўз вақтида тўловни амалга оширмаслик ҳар қандай тўловни кечиктиришдан кўра даҳшатли оқибатларга олиб келади.

1 ноябрь

АҚШ ҳукумати учун ҳақиқий синов даври бошланади.

Назарияга кўра, ҳукумат қимматли қоғозлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришда давом этиши мумкин. Чунки кунлик солиқ тушумлари қимматли қоғозлар бўйича тўловлардан кўра кўпроқ. Қолаверса, Марказий банк кредиторларга алоҳида тизим бўйича ўз мажбуриятларини бажариши мумкин. Аммо АҚШ ҳарбийлари, ижтимоий таъминот олувчилар, таълим тизими ходимлари жиддий қийинчиликларга дуч кела бошлайди.

Гарчи бу шунчаки тахминий кўриниш бўлса-да, АҚШ ҳукуматининг ўз тўлов қобилиятини йўқотиши бутун дунё иқтисодиётини мислсиз инқирозга етаклаши мумкин. Буни ҳамма: АҚШ маъмурияти ҳам, молиячилар ҳам, экспертлар ҳам, бизнесменлар ҳам таъкидлашмоқда.