Халқ тилида тумов, шамоллаш деб аталадиган касалликлар юқори нафас йўлларининг ўткир респиратор вирусли инфекциялари авлодига мансуб бўлиб, касаллик чақирувчиси вируслар ҳисобланади. Вируслар турига қараб грипп, парагрипп, аденовирус, ретровирус, реовирус ҳамда респиратор синсациал вирус номлари билан тавсифланади. Ўзбекистонда вирусли инфекциялардан ҳисобланган грипп кўпроқ учрайди. Шамоллаш ва кучли йўталлар ҳам ана шу грипп касаллиги белгиларидир.
Ҳар қандай юқумли касаллик йил фасллари билан боғлиқ. Куз, қиш ва баҳор ойлари касалликнинг динамик кўтарилиш давридир. Ушбу мавсумларда касалликнинг ортишига ҳаво ҳароратининг пасайиши, ўзгарувчанлиги сабаб бўлади.
Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач Нуриддин Тошбоевнинг “Ўзбекистон овози” газетасида ёзишича, шамоллаш ва грипп — тана ҳароратининг кўтарилиши ва юқори нафас йўлларининг яллиғланиши билан кечадиган ўткир юқумли вирусли касаллик бўлиб, ҳаво томчиси йўли билан юқади. Жуда тез тарқалади. Бемор гапирганда, йўталганда, аксирганда вирус ҳавога чиқади ва шу ҳаводан нафас олган соғлом киши ҳам касалликка чалиниши мумкин. Шунингдек, бемор фойдаланган дастрўмол, сочиқ, ўйинчоқ ва бошқа маиший буюмлар ҳам унинг тарқалиш манбадир. Ҳаво ҳарорати ўзгарувчан ҳозирги пайтда очиқ ҳавода ёки деразаларни очиқ ҳолатда қолдириб ухлаш касалликка мойиллик яратади.
Касаллик эт увушиши, тана ҳароратининг кўтарилиши, бошда ва мушакларда оғриқ пайдо бўлиши билан бошланади. Кейинчалик танглай муртакларининг қизариши, бош айланиши, кўнгил айниши, уйқунинг бузилиши, бурун битиши ва оғриқли йўтал кузатилади. Гриппнинг оддий шамоллаш касаллигидан фарқи шундаки, шамоллашга қарши ишлатиладиган антибиотиклар гриппга таъсир қилмайди. Бундай пайтда шифокор кўриги ва тавсияси керак бўлади.
Баъзилар грипп касаллигига етарли даражада эътибор бермасдан, оёқда ўтказади ёки шифокор тавсиясига амал қилмай ҳар хил турдаги дори воситалари, айниқса, антибиотикларни нотўғри қўллайди. Оқибатда вируснинг чидамлилиги ортишига сабабчи бўлади. Натижада, ўпка тўқимасининг яллиғланиши (зотилжам), мия пардасининг яллиғланиши (менингит), ўрта қулоқнинг яллиғланиши (отит), бурун ёндош бўшлиқларининг яллиғланиши (синусит), буйракнинг яллиғланиши (нефрит, пиелонефрит) каби оғир асоратлар юзага келиши кузатилади. Шунинг учун грипп аломатлари пайдо бўлаётган бўлса, дарҳол оилавий поликлиникалар, ҚВП ва юқумли касалликлар шифохоналарида фаолият юритаётган шифокорларга мурожаат қилиш ёки уйга чақириб, уларнинг тавсияларини олиш талаб этилади.
Грипп касаллигининг мавсумий авж олишидан аввал аҳоли орасида эмлаш ишларини ўтказиш яхши натижа беради. Вакцина гриппнинг юқишидан ҳимояловчи самарали восита ҳисобланади. Эмланган аҳолида бир-бир ярим йилгача грипп касаллигига қарши иммунитет пайдо бўлади ва ушбу турдаги касалликлар юқмайди.
Шамоллаш ва гриппдан сақланиш учун қуйидаги тавсияларга амал қилиш фойдадан холи бўлмайди.
Эпидемик жиҳатдан муҳим бўлган ишлаб чиқариш корхоналари, даволаш-профилактика ва ўқув-тарбия муассасалари, коммунал-маиший хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда жамоат транспортларида ишловчи ходимлар грипп эпидемияси даврида ниқоб тақишлари ва уларни ҳар 3-4 соатда алмаштириб туришлари зарур.
Яшаш хоналарини вақти-вақти билан шамоллатиш, исириқ тутатиш тавсия этилади. Исириқ таркибидаги гармалин моддаси вирусни нейтраллаш хусусиятига эга.
Соғлом инсон бурун кавакларига оксалин мазидан суриб юрса, грипп юқишининг олдини олишда яхши самара беради.
Ҳар бир шахс кун ва иш режимига риоя қилиш, ҳаракатли машқлар, сув муолажалари билан танани мунтазам равишда чиниқтириш, тўғри овқатланиш, мавсумга мос кийинишга риоя қилиши зарур.
Мева ва сабзавотлардан кўпроқ истеъмол қилиб туриш фойдали.
Грипп билан касалланган беморларга ва соғлом инсонларга суюқликлар (малина, смородина, лимон ва асал қўшилган чой, иссиқ сут, наъматак дамламаси) ичиш тавсия этилади. Уларнинг таркибида С витамини мавжуд. С витамини қонда лимфоцитлар сонини кўпайтириб, қон-томир деворларининг ўтказувчанлигини яхшилайди ва вирусларнинг қонга тушишини олдини олади.