“Ватандош” жамияти “Бахтли оила”совчилик хизматини йўлга қўйди

Baxtli-oilaҲеч кимга сир эмаски,  хорижда,  хусусан,  Америкада ўз урф-одатларимизга мос равишда ўғил-қизларимизни уйли-жойли қилиш осон эмас.  Бир тарафдан,  бу ерга келиб истиқомат қилаётган ватандошларимиз орасида шу иш билан шуғулланувчи хизматлар йўлга қўйилмаган бўлса,  иккинчи томондан,  бу ерда келин ёки куёв топиш жараёнида,  Ўзбекистонда бўлганидек,  маҳалла ва қўни-қўшнилардан суриштиришнинг имкони йўқлиги муаммони янада қийинлаштиради.   Айрим ёшларимиз эса урф-одатларимиз,  динимизга хилоф тарзда,  ўзбошимчалик билан учрашувларга чиқаётгани,  бирга яшаб,  кейин ёқса турмуш қурамиз қабилида ўйлаб,  бизга ёт одатларни ўзлаштириб бораётгани маънавияти соғлом ҳар бир кишини безовта қилмай иложи йўқ.

“Ватандош” жамияти шу эҳтиёждан келиб чиқиб,  Америкадаги ватандошларимиз учун “Бахтли оила” совчилик хизматини йўлга қўйишга қарор қилди.  Ушбу муҳим,  айни пайтда,  масъулиятли вазифани ўз зиммамизга олишимизга ундаган сабаблар ҳақида қуйида қисқача тўхталиб ўтсам.

Аввалига,  бу хизматни қай тарзда йўлга қўйиш ҳақида узоқ ўйландик.  Ижтимоий тармоқ ёки алоҳида вебсайт очиш ҳақидаги фикрлар биз кўзлаган самарани бермаслиги маълум бўлди.  Сабаби оддий,  қизларимиздаги ибо-ҳаё,  кўпинча,  бунга йўл қўймайди.  Эҳтиёж эса эҳтиёжлигича қолаверади.  Айни пайтда жамиятимизни очганимиздан бери кўплаб ота-оналар худди шу масалада ёрдам сўраб бизга мурожаат қилаётганларининг гувоҳи бўляпмиз.

Шуларни инобатга олиб,  жамиятимиз аъзоларидан икки онахонимизни ушбу савобли ишга бош-қош бўлишга жалб қилдик.  Америкадаги ватандошларимиз орасида катта обрў-еътиборга эга,  совчилик удумлари ва йигит-қизлар учун муносиб жуфт топиш масаласида етарли тажриба ва ишончга эга бўлган  <Диёра Раҳманова ва Мунира Толипова бизнинг таклифимизни қабул қилиб,  ушбу хайрли ишни ўз қўлларига олишга рози бўлди.

Жамиятимиз етакчилари билан биргаликда пухта ишлаб чиқилган режа асосида совчилик хизматининг ишлаш тартиби қуйидагича бўлади:

Келин ёки куёвликка даъвогар шахс ёки уларнинг ишончли вакили  971-333-1178  телефон рақамига қўнғироқ қилиб,  Диёра опага турмуш қурмоқчи бўлган шахснинг тўлиқ исм-шарифи,  ёши,  жинси,  қайси штатда ва шаҳарда яшаши,  иши,  маълумоти,  Ўзбекистондаги яшаш жойи ҳақида маълумот бериши керак.  Шунингдек,  талабгор томон қидирилаётган куёв ёки келиннинг қандай бўлиши лозимлиги ҳақидаги шартларини ҳам айтиши мумкин.

Совчиларимиз,  аввало,  ўзларига келиб тушган маълумотлар асосида номзодларни ўрганади.  Лозим бўлса,  улар билан кўришиб,  суҳбат ўтказади.  Сўнг номзодлар орасидан бир-бирига мос ва маъқул деб топилганларини танлаб олиб,  томонлар билан музокарага киришади.  Ҳар икки тараф билан дастлабки келишувга эришилса,  йигит,  қиз ва унинг ота-онаси ёки бошқа яқин кишилари билан учрашув ташкил қилинади.

Келин ва куёвга оид барча маълумотлар қатъиян сир тутилади.  Мурожаат этувчилар барча алоқани тўғридан тўғри Диёра ёки Мунира опа билан олиб боради ва улар ўртасида айрибошланган ҳар қандай маълумот томонларнинг розилигисиз бошқа учинчи бир тарафга етказилиши мумкин эмас.  Совчиларимиз фақат мурожаат қилувчиларнинг истакларидан келиб чиққан ҳолда ва келин ёки куёв топиш мақсадига қаратилган қидирув ишлари доирасидагина номзодларга оид маълумотларни бошқа шахсларга ҳавола қилиши мумкин.

Совчилик жараёни “Ватандош” Ўзбек-Америка федерацияси бошқарув кенгашининг умумий назорати остида олиб борилади.  Аммо кенгаш аъзоларидан ҳеч бири совчиларимизга етказилган номзодларга оид маълумотлар билан шахсан танишиш ҳуқуқига эга эмас.  Совчиларимиз олдиндан ишлаб чиқилган тартиб асосида мустақил иш олиб борадилар.

Жамиятимиз кенгаши тасдиғидан ўтган ушбу хабарни эълон қилиш билан,  “Бахтли оила” совчилик хизматининг расман ишга тушганини эълон қиламан.

Хизмат бўйича қўшимча саволларингиз,  фикр-мулоҳазаларингиз бўлса,  уларни тинглашга тайёрмиз.