Шавкат Мирзиёев Хитой бош вазирини Тошкентга таклиф қилди

F201305251104241840325459

Хитой давлат кенгаши бош вазири Ли Кэцян Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан шу йилнинг 28-29 ноябрь кунлари Тошкентга ташриф буюради. У мазкур учрашув доирасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзо-мамлакатлари ҳукумат раҳбарларининг 12-учрашувида қатнашади.

Хитой оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, мазкур ташриф доирасида Хитой ҳукумати раҳбари ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида амалий ҳамкорликни кучайтириш бўйича музокаралар олиб боради, айрим аъзо-давлатлар ҳукумат раҳбарлари билан икки томонлама учрашув ўтказади.

Маълумки, шу йилнинг 8-10 сентябрь кунлари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлган эди.

Хитой Халқ Республикаси Раисининг ушбу ташрифи доирасида умумий қиймати 15 миллиард долларга тенг лойиҳаларни амалга оширишга оид 31 ҳужжат имзоланди.

Ташриф давомида имзоланган Ўзбекистон – Хитой газ қувурини қуриш ва ишга тушириш тамойиллари тўғрисидаги битимга қўшимча протокол йилига 30 миллиард куб метр газ етказиб бериш қувватига эга тўртинчи линия қурилишини назарда тутади.