Ўзбекистон халқ артисти Коммуна Исмоилова 86 ёшида вафот этди

© Husniddin Ato/Daryo.Uz
© Husniddin Ato/Daryo.Uz

Кеча Тошкентда Ўзбекистон халқ артисти Коммуна Исмоилова 86 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Дарё.Uz» хабар тарқатди.

У 1927 йил Хива яқинида ўқитувчи оиласида туғилган. Асл исми Уллибиби бўлиб, унинг санъаткор бўлиб етишишида ота-онасидан эшитган халқ қўшиқлари, раққосаларнинг рақслари туртки бўлди. 13 ёшида Илк бора “Фарҳод ва Ширин” спектаклининг оммавий саҳнасида чиқди. Уруш йилларида Гавҳар Раҳимова, Фахриддин Содиқов раҳбарлигида ташкил топган концерт ансамбли Урганчга келганда, Коммуна улар билан танишиб, ансамбль таркибига қўшилади. 1943 йил 14 ёшида Тошкентга келади.

Коммуна Исмоилованинг овози сопрано типида бўлиб, юқори регистрдаги учинчи октаванинг ре-ре-диэз нотасигача етади. Хонанда овозини усталик билан ишлата олган, ашулачилик анъаналарига хос қочиримлар, нолалардан моҳирона фойдалана олган. Унинг “Гўрўғли” достони “Равшан” қисмидаги “Болама ўхшайди овозинг сани…” қўшиғи ҳали-ҳануз аҳамиятини йўқотмаган. Шунингдек, “Шошмақом”дек бебаҳо дурдонани ҳам ижро этган.

Яқин кунгача Коммуна Исмоилова Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида дарс берган.

Санъаткор ҳақидаги кўрсатув:

 

SHARE