Юлдуз Усмонова «Ёнингдаман» деб номланган янги альбомини тақдим қилди

Daryo.Uz
Daryo.Uz

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Тошкентда «Ёнингдаман» деб номланган янги альбомини тақдим қилди.

«Ўзбек санъатида энг кўп қўшиқ куйлаган хонанда яна янги қўшиқларини тақдим этди. Ҳа, гап ким ҳақида бораётганини тўғри пайқадингиз. Юлдуздан бошқа ким ҳам бу қадар кўп қўши куйлаган? Унинг 1000дан ошиқ тароналарининг  аксарияти оммалашган», деб ёзади Shov-Shuv.Uz сайти раҳбари Жасур Ҳамроев.

Унинг ёзишича, “Дедеман” меҳмонхонасида Юлдуз Усмонова ўзбек тилидаги янги альбомини тақдим этди. Томошабинлар фақат таклифномалар орқали ташриф буюрган.  Уларнинг орасида кўплаб таниқли юлдузларни учратиш мумкин эди. Юлдузнинг мини-концерти катта шов-шувларга бой бўлган. «Сўнгги бир неча йиллардан бери  концерт залларида яккахон концерт беришига рухсат ололмаётган хонанда ресторанда  ёпиқ тарзда бўлса-да, ичидаги гапларини айтишга, янги ва хит қўшиқларини куйлашга эришди», деб ёзади Жасур Ҳамроев.

Концертда иштирок этган кўплаб хонандалар ҳайратларини яшира олмай, ижтимоий тармоқларда концертдан фото ва видеолавҳалар жойлаштиришди. Уларнинг орасида Райҳон Юлдуз ҳақида таърифини мухлис сифатида баён этди. Ғаниева Усмонованинг ютуқларини унинг самимийли билан изоҳлади ва концерт қойил қолдирганини бот-бот ёзди. Манзура видеолавҳаларни тиндирмади. Яна ўнлаб қўшиқчилар Усмонованинг мини-концертида иштирок этганини шараф деб билди.  Юлдуз “Ёнингдаман” номли янги альбомини тақдим қилар экан, аввалгидек, яккахон концертлари каби қўшиқларини уч блокда куйлади.

Шоунинг пик-нуқтаси: замонамизнинг икки мега халқ артисти ижросидаги дуэт бўлган. Озодбек Назарбеков ва Юлдуз Усмонова ижросида “Дилфуза” қўшиғи жаранг сочган.  Назарбековнинг шоу сўнггигача ресторанни тарк этмагани, Юлдузнинг ҳиндча қўшиғига рақсга тушганини инобатга олсак, унинг Юлдуз санъатига ашаддий мухлис эканлигини англаш мумкин. «Ё сўнгги пайтда фонограммадан бутунлай воз кечган Озодбек ҳақиқий жонли ижро қанақа бўлишини ҳамкасбини кузатиб обдон ўрганишга имкон топган», деб киноя қилади журналист.

Журналист бир пайтлар Зулайҳо Бойхонова интервьюсида Юлдуз Усмонованинг ашаддий мухлиси эканлигини тан олганини ёзар экан, шоуда на у, на унга елкадош Абдуҳошим Исмоилов кўринмаганини айтади.

Концерт сўнгида Юлдуз Усмонова анъанасига мувофиқ, “Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон” қўшиғини ҳамма билан биргаликда куйлаган.

Халқ артистига мухлис бўлиб келган бошқа артистлар ҳам республикамиз байроғини кўтариб унга жўр бўлишган.

Альбомдан қуйидаги қўшиқлар ўрин олган:

1. Ёнингдаман

2. Девоналармиз

3. Айланаман

4. Дилфуза (Бу қўшиқни Зуҳриддин ўз рафиқаси Дилфузага бағишлаган)

5. Кетди

6. Ҳоразмча

7. Севишади ёр-ёр

8. Ёр-Ёр

9. Сени дейман

10. Севишганлар

11. Оқ қайин

12. Шакари

13. Адажон

14. Ўтади