Газета-журналлар куни битяптими?

newspapers-future-news-600x400

Бугун оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда босма матбуотнинг “куни тугаб” бораётгани ҳақида турли мақола ва таҳлиллар бериб борилмоқда. Лекин шундай бўлса-да, узоқни кўзлаб иш тутадиган йирик инвесторлар эса газета харид қилишда давом этишмоқда. Масалан, Amazon асосчиси Жефф Безос яқинда The Washington Post’ни харид қилди, Boston Red Sox клуби хўжайини Жон Генри эса The Boston Globe’ни сотиб олди. Гарвард журналистика лабораторияси тадқиқотчиси Кен Доктор матбуот нашрларининг келажаги билан қизиқиб кўрди.

У ўз ҳамкасблари билан матбуот нашрларининг истиқболи ҳақида 8 та жараённи таҳлил асосида очиб беришга ҳаракат қилади.

1. Ўқувчилар сони кўпайишда давом этмоқда. Босма нашрларнинг рақамли платформалари ноширлар учун потенциал аудитория кўламини кескин кенгайтирди. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, қўлимизда янги технологик қурилмалар қанча кўпайса, янгиликларни кузатишга шунча кўп вақт ажрата бошладик.

2. У ёки бу нашр контентидан пулли фойдаланиш кўлами ҳам изчил ортиб бормоқда. Масалан, ҳозирги кунда дунё миқёсида 500 дан ортиқ газета ўз сайтидаги у ёки бу ахборотни ўқиш учун пуллик мутолаа татбиқ қилган.

3. 2014 йилда пуллик асосда матбуот нашрларини онлайн мутолаа қилишнинг бирмунча самарали шакллари пайдо бўлади. Шундоқ ҳам самарали янги пуллик маҳсулотлар хизматини The New York Times ва шунга ўхшаш етакчи нашрлар жорий қилган. Бу дастурлар, аввало, ўқувчиларнинг хулқ-атвори ва психологиясини чуқур ўрганган ҳолда ҳамда нархларни шакллантиришнинг анча истиқболли моделларига асосланган.

4. Ноширлар ниҳоят ўз ўқувчилари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишади. Агар илгарилари нашриётлар ўз маҳсулотларини бозорга шунчаки чиқаришган бўлса, бугун ўз ўқувчиларини нима хоҳлашаётганини яхши тушунишади. Бу, айниқса, интернет орқали ўз маҳсулотларини оммага етказиш учун интилаётган реклама берувчиларни аниқлашда ҳам айни муддаодир.

5. Медиа-бизнес ўзининг даромадли соҳа эканлигини намоён этади. Хусусан, ноширлар 2018-2019 йилларга бориб ўз портфелидаги маҳсулотларини нарх ва сифат жиҳатдан кўпайтиришади.

6. Сторителлинг (воқеликни ёритиш)нинг янги даври бошланмоқда. Ноширлар томонидан катта ҳажмда ҳикоя қилувчи медиа-лойиҳалар пайдо бўлади. Масалан, The New York Times’нинг Snow Fall лойиҳасини ана шундан далолатдир.

7. Янги медиаинвесторлар янгиликлар индустриясига анча илғор ёндашувларни татбиқ қилишади. Безос ва бошқа инвесторларда кўпмиллионли ўқувчилар бор. Тадқиқотчиларга кўра, улар журналистлардан кўра ўқувчилар нима хоҳлаётганини жуда яхшироқ тушунишади.

8. Сифатли медиа-маҳсулотларга бўлган талаб ўсади. Дунё ҳамжамияти олдида глобал муаммолар — таълим, иммиграция ва иқлим ўзгариши сингари ўткир муаммолар турибди. Жамият учун бу жараёнларни чуқур таҳлил қилиб берадиган ва аниқ ёритадиган медиатузилмалар керак.

SHARE