Ёдгор Саъдиев театрдаги фаолиятини қайта бошлади

15496

Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ижодида жорий  йилда туб бурилиш юз берди, яъни театрдаги узоқ йиллик ижодий танаффусдан сўнг яна Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга қайтди. Бу ҳақда “Даракчи” газетасидаги суҳбатида маълум қилган.

Ёдгор Саъдиев театрга яна қайтганидан хурсандлигини айтади. “Театрни жуда соғинган эдим. Ўтган вақт давомида ижоддан чекинмай, ҳаракатда бўлдим. Аммо, доим театр ўзига оҳанрабодек тортаверди, саҳна соғинчи тинч қўймади. Бир қарашда баъзилар “Студия ишидан чарчагани учун театрга қайтгандир”, деб ўйлаши мумкин. Лекин, улар қаттиқ янглишишади! Чарчаган одам қандай қилиб театрга келиб ишлаши мумкин? Театрда катта куч-қувватга эга актёргина ишлай олади”, дейди таниқли актёр.

Актёрни театр жамоаси қарсаклар билан кутиб олган. “Қисқаси, нон тишлаб, ҳарбий хизматга кетган ва орадан ўн беш йил ўтиб уйга қайтган аскардек ҳис қиламан ўзимни”, дейди Ёдгор Саъдиев.

Актёр ҳозирча Спектаклларни кузатиб, муҳокамаларда иштирок этаётганини айтади.

Журналистнинг негадир кўпчилик “Ёдгор Саъдиев театрдан аразлаб қолгани  туфайли кетган…” деган фикрда эканлиги ҳақида саволига бу нотўғри тахминлигини айтади. “Меҳнат дафтарчамда ҳам Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги қошидаги “Қалқон” студиясининг бадиий раҳбари лавозимига ўтганим муносабати билан театрдан кетганим қайд этилган. Театрдан гина қилиб бўлмайди!”, дейди актёр.

Ёдгор Саъдиев суҳбатда акаси Хайрулла Саъдиев билан биргаликда “Қалқон фильм” деб номланган янги студия очдганини айтади.