Владивостокда туғуруқхонага қабул қилинмаган ўзбекистонлик аёл Россиядан чиқариб юборилиши мумкин

    Шоира Улашева (с) kp.ru
    Шоира Улашева (с) kp.ru

    Владивостокдаги туғуруқхона акушерлари тиббий суғуртаси бўлмагани учун ўзбекистонлик ҳомиладор аёлни қабул қилмагани сабабли жиноий иш очилмади. Вазиятни ойдинлаштириш билан шуғулланаётган ҳуқуқ-тартибот вакиллари хулосасига кўра, шифокорларнинг ҳаракатини жиноят деб ҳисоблаб бўлмайди.

    “Терговгача бўлган текшириш натижасида тиббиёт ходимлари ҳаракатида жиноят аломатлари бўлмагани учун жиноий иш қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинди”, дейилади Россия Тергов қўмитасининг ҳудудий бўлинмаси баёнотида.

    Шундай бўлса-да, ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли ҳолатда бўлган шахсни тиббий ёрдамсиз қолдириш ёки касалга тиббий ёрдам кўрсатилмаганлиги бўйича алоҳида материаллар иш учун ажратиб олинган. Энди вазият юзасидан полиция вакиллари иш олиб боради.

    Болакай. (kp.ru)
    Болакай. (kp.ru)

    Эслатиб ўтамиз, 6 ноябрь куни Владивосток аҳолиси полиция идорасига мурожаат қилиб, маҳаллий туғуруқхона ҳомиладор аёлни қабул қилмаётгани учун у кўчада туғаётганини айтишади. Туғуруқхона вакиллари эса ҳомиладор аёлнинг ёнида ҳужжати бўлмагани учун қабул қилмаганини айтишган. Дастлабки маълумотларда улар тиббий суғуртаси ва пули бўлмагани учун қабул қилмаганини қайд этишган эди. Воқеа жойига етиб келган полиция вакиллари, қолаверса, журналистларнинг мажбурлови остида аёлни қабул қилишади ва гўдак дунёга келади.

    Маълум бўлишича, аёл ўз гўдаги билан туғуруқхонадан қочиб кетган. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, у депортация қилиниши мумкинлигидан қўрқиб шундай йўл тутган. Чунки унинг Россияда вақтинчалик рўйхати 2011 йилда тугаб бўлган. Кейинчалик аёлни барибир топишга муваффақ бўлишибди. Уни тумандаги кўпқаватли уйлардан бири ертўласидан топишибди. Россия Федерал миграция хизмати ҳудудий бошқармаси вакилига кўра, ертўлада янги туғилган гўдак билан бирга, яна икки нафар бола аниқланган. Миграция хизмати вакиллари ҳозирча тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, уни судга оширишади. Айтилишича, уни депортация қилиш эҳтимоли юқори. “Ҳозирги вақтда аёлни мамлакатдан чиқариб юбориш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда. Аммо йўловчиларни ташиш қоидасига кўра, бортга 1 ойдан кичик бўлган шахслар қабул қилинмайди, шу боис чиқариб юбориш жараёни бирмунча кечикиши мумкин”, деди миграция хизмати вакиллари.

    Ўз навбатида, рус оммавий ахборот воситаларида ушбу воқеа юзасидан турли фикрларни билдирмоқда. “Бечора ўзбек аёли йўл ёқасида лойга ташлаб қўйилди. Бундай шароитда одам узоққа боролмайди. Яхшиям, гувоҳлар шифокорлардан кўра меҳрибон экан”, деб ёзади “Московский комсомолец” газетаси. Газетанинг қўшимча қилишича, аслида россияликлар ҳам кўп ҳолатларда туғуруқ пайтида конвертда тегишли миқдорда маблағни жойлаб қўймаса, ўз ҳаётини хавф остида қолдиради.

    “Комсомольская правда” газетаси журналистлари эса ўзбекистонлик аёлнинг “тоза”лигига шубҳа билан қараган. Туғуруқхона бош шифокори Виталий Мельниковнинг айтишича, “бу масалада аёл анча тажрибали. Ана шундай йўл билан бир марта Красноярскда туққан. Вазият шуни кўрсатдики, ундан пул талаб қилишларини билган”. Шундай бўлса-да, газета инсон ҳаёти ва соғлиғига таҳдид туғилганда, тиббиёт муассасалари бепул хизмат кўрсатиши кераклигини уқтириб ўтади.

    “КП” журналистлари, шу билан бирга, ўзбекистонлик 28 яшар аёл Шоира Улашева билан мулоқот қилишга муваффақ бўлишган. “Владивостокка келганимга анча бўлди. Уйда ўтираман. Бу тўртинчи фарзандим. Энг кичкинам 1 ёшу 2 ойлик, каттаси 7 ёшда. Хўжайним қоравул бўлиб ишлайди, баъзан бошқа қора иш ҳам қилади. Баъзан тиланчилик қилишимга тўғри келади”, деган у.

    Газета ходимлари ўзбекистонлик аёл уйда туғиши мумкинлигини ҳам тахмин қилишган бўлса-да, шифокорлар бунинг инсон ва гўдак ҳаёти учун анча фойдалидир. Уларнинг фикрича, анча тажрибали бўлган Шоира Улашева туғуруқхонада боланинг туғилиши ФҲДЁ органларидан туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олишда керак бўлишини яхши тушунган.

    “Ватандош” газетаси ўқувчилар ҳам мазкур ҳодиса юзасидан ўз мулоҳазаларини билдиришди. Уларнинг қарийб барчаси шифокорларнинг ўз вазифасига совуққонлик билан қараганини жиддий танқид қилишган:

    Shakhrom Rustamov: Odamiylik haqqini ham o’ylab qabul qilishlari kerak edi, bunaqa hayvonlk qilmasdan. Yana urush davrida shu o’zbek xalqi qanchadan qancha xalqni farzandlarini va odamlarini qabul qilib yeb turgan nonini bo’lib bergandi.

    Malika Yuldasheva Ocak: avvalo, insoniylik, vijdon, to’g’ri, boshqa mahluqotlardan farqimiz va ustunligimiz ham shu хususiyatlarimiz tufayli. Lekin bu sharoitta bo’lishinin sabablarini ham hisobga olish kerak, o’zbekistonlik homilador ayolni ko’chada qolishiga, yonida bu ahvolda ekan yaqinlari bo’lmasligi (rus, o’zbek, qaysi millatdan bo’lmasin, farqi yo’q), ko’z ko’ra-ko’ra bu holatga tashab qo’yishlari… Ya’ni bu faqat vladivostoktakilarni aybi emas. Qolaversa, farzandini dunyoga keltirish arafasida bo’lgan ona qayerda bo’masin, (bu vaziyatta ayol rus tilini bilishi plyus), oldindan doktor yoki kasalxonaga borib habar berishi keredi, ona o’zi uchun bo’masayam farzandi uchun hamma imkoniyatidan foydalanib ko’rishi keredi, qonunbuzarlik hisoblanmidi bu ahvol, ammo qonunbuzarliktan boromasligi ham mumkindir, ya’ni bu vaziyatga sababchi bo’lganlar uyalsin.