Покистон бош вазири ШҲТ ҳукумат раҳбарларининг Тошкент мажлисига келмайди

    9-ШОС

    Покистон бош вазири Навоз Шариф шу ҳафта Тошкентда бўлиб ўтадиган ШҲТ ҳукумат раҳбарларининг мажлисида қатнашмайди. Покистондан бош вазирнинг миллий хавфсизлик ва ташқи ишлар масалалар бўйича ўринбосари Сартай Азиз мазкур тадбирда қатнашади.

    Покистон ташкилотга 2005 йили кузатувчи сифатида жалб қилинган бўлиб, ШҲТнинг тўлиқ аъзоси бўлиш учун интилиб келади. The Nationнинг ёзишича, дастлабки режаларга кўра, у саммитда қатнашишни режалаштирган ва буни тасдиқлашган.

    Мамлакатда хавфсизлик масаласида турли муаммолар бўлиб турганида бош вазирнинг хорижга сафар қилиши танқид остида бўлгани боис тадбирга бош вазир ўринбосари Сартай Азизни юборишга қарор қилинган.

    Сартай Азиз шу йилнинг сентябрь ойида Бишкекда бўлиб ўтган ШҲТ давлат раҳбарларининг саммитида ҳам Покистон номидан қатнашган.

    ШҲТ ҳукумат раҳбарлари саммитида, оммавий ахборот воситаларига кўра, шу йилнинг 28 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтади.
    Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон ва Тожикистон ШҲТ аъзоларидир, Афғонистон, Ҳиндистон, Монголия, Эрон ва Покистон эса кузатувчи мақомига эга. Шри-Ланка ва Туркия мулоқот бўйича шериклар ҳисобланади.