Ўзбекистонда 2014 йил учун Давлат бюджети ишлаб чиқилган

    11092013-013

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2014 йилга мўлжалланган “Бюджетнома” – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳаси ва солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларни ишлаб чиққан ва уни парламентга тасдиқлаш учун киритган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати маълум қилди.

    2014 йил учун солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклиф этилаётган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида Давлат бюджети даромадлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 21,0 фоизни, харажатлари 22,0 фоизни ва тақчиллиги 1,0 фоизни ташкил этиши кўзда тутилмоқда.

    Бундан ташқари, давлат молиясини бошқаришнинг ҳуқуқий асосларини янада мукаммаллаштириш, бюджетдан ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ва давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида 2014 йил 1 январдан бошлаб Бюджет кодексини эксперимент тариқасида 2014-2015 йиллар давомида синов шарти билан амалга киритиш таклиф этилмоқда, ушбу даврда унга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

    Бюджет кодексини амалга киритишдан мақсад амалиётда мавжуд зиддиятларни ва эскириб қолган меъёрларни бартараф этиш ҳамда амалиётда қўлланилаётган нормативларни, бюджет жараёни қатнашчиларининг ваколатларини тизимлаштиришга имкон яратадиган ягона ва тўлиқ қонун хужжатда барча бюджет жараёнини тизимли акс эттиришдир.

    2014 йил учун белгиланган солиқ сиёсати концепциясида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида иқтисодиётга солиқ юки ўтган йилга нисбатан 0,5 фоизга камаяди.

    Ижтимоий харажатларда муҳим ўрин тутувчи таълим соҳасига ажратилаётган маблағлар ЯИМга нисбатан жорий йилда кутилаётган 7,6 фоиз ўрнига 2014 йилда 7,8 фоизни, соғлиқни сақлаш тизимида ушбу йилда кутилаётган 3,2 фоиз ўрнига 3,3 фоизни ташкил этади.

    SHARE