Ўзбекистон Тожикистон йўловчи поезди вагонларини таъмирлаб берган

c3c6b76281_186669

Ўзбекистон шу йилнинг октябрь ойида мамлакат ҳудудида ҳалокатга учраган Тожикистон йўловчи поезди вагонларини таъмирлаб берган. Бу ҳақда “Тожикистон темир йўллари” давлат унитар корхонаси йўловчиларни ташиш хизмати бошлиғи маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик темирйўлчилар 8 та вагонни таъмирлаб ва тиклаб бўлгач, тожикистонлик ҳамкасбларига тақдим қилган. “Тожикистон темир йўллари” давлат унитар корхонаси мазкур вагонларни қабул қилиш бўйича махсус комиссия тузган. Ҳозирги кунда вагонлардан фойдаланилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 10 октябрь куни “Душанбе — Конибодом” йўналиши бўйича Тожикистон ҳарбийларини олиб кетаётган йўловчи поезди рельсдан чиқиб кетганлиги ҳақида хабар берилганди. Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу ҳодиса натижасида 12 киши турли даражада тан жароҳати олган.
Воқеа Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида юз берган. Поезд вагонларида жами 283 нафар йўловчи, 23 нафар хизмат кўрсатувчи персонал бўлган. Ҳозирча номаълум сабабларга кўра, 6 та вагон ағанаб тушган.
Жабрланганларга Ўзбекистон темир йўл хизмати, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, тез ёрдам хизмати томонидан барча зарур ёрдамлар кўрсатилган. Ўша куни соат 17.20да “Ўзбекистон темир йўллари” йўловчиларни ўз манзилига элтиб қўйган.