АҚШ элчихонаси ходимлари пахтазорларга нега чиқишган?

    p091107

    АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ходимлари болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларига оид маълумот йиғиш учун Ўзбекистон пахтазорларида бўлишган. Бу ҳақда Даврон Мамадалиев 12news.uz сайтида ёзади. Муаллифга кўра, Америка дипломатия миссияси ходимлари, шу жумладан, юқори мартабали дипломатлари пахтазорларга чиқишган.

    Даврон Мамадалиевга кўра, улар “тирноқ орасидан кир қидириш”ган. “Шуни алоҳида қайд этиш керакки, АҚШ бизнес доиралари хоҳиши асносида бир қатор “ҳуқуқ ташкилотлари” Ўзбекистонда гўёки болалар меҳнатидан фойдаланилмоқда, деган ахборотни тарқатишга киришишди, улар шу йўл билан дунё пахта бозоридан жиддий рақобатчисини чиқариб юборишга интилишмоқда”, дейилади мақолада.

    Сайтда келтирилишича, ана шундай асоссиз айбловларнинг олдини олиш мақсадида бу соҳада ваколатли бўлган Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) вакиллари Ўзбекистонга таклиф қилинган. Уларга Ўзбекистон пахта далаларидаги вазият ҳақида тегишли ахборотларга эга бўлиш учун барча шарт-шароитлар яратилган.

    “ХМТ мутахассислари хулосаси америкаликлар хоҳлагандек бўлиб чиқмаслиги боис пахта йиғим-терими бошланиши билан Тошкентдаги элчихона вакиллари ҳеч ким таклиф қилмаса-да, пахта далаларига чиққан. “Уларнинг пахта далаларида болаларни кўриш иштиёқи ХМТ вакиллариникидан кўра ортиқ эди”, деб ёзади муаллиф.

    Мақола муаллифининг ёзишича, америкалик дипломатларнинг мақсади ўз “инсон ҳуқуқлари ташкилотлари”ни Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани ҳақидаги маълумотлар билан қуроллантиришдир.

    Муаллифнинг ёзишича, америкаликларнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид масала юзасидан “хавотир” билдириши фақатгина тижорат мақсадини кўзлайди. “Маълумки, АҚШ дунёдаги йирик пахта экспорт қиладиган мамлакатдир. Шунга қарамай кейинги вақтларда кўплаб мамлакатлар сифатли ва анча арзон бўлган Ўзбекистон пахтасини харид қилиш истагини билдирмоқда, бу америкаликларга тўғри келмайди”, дейилади мақолада.

    Даврон Мамадалиев “Ўзбекистон пахтазорларида мажбурий болалар меҳнати” мавзуидаги ахборот кампанияси ташқаридан инсонпарвар бўлиб кўринса-да, истеъмолчи-мамлакатлар жамоатчилик фикрига жадал психологик босим ўтказиш орқали кучайиб бораётган рақобатчини йўқ қилишни кўзлайди, деб ёзади.

    Муаллиф “АҚШнинг ўзида бу соҳада жиддий муаммолар бўлиб турганида бошқаларни танқид қилишга маънавий ҳаққи борми?” деб савол беради. “Америка махсус хизмат вакиллари томонидан ўтказилган уч кунлик рейд натижасида 105 нафар вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий қуллик қўлланилгани аниқланган. Уларни фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбурлашган”, деб ёзади муаллиф. Даврон Мамадалиев 2012 йилда 3 миллион нафардан ортиқ бола америкалик педофиллардан жабр кўрганлигини айтади.

    “Ўзбекистон хулоса чиқарадиган вақт етиб келди. Агар америкаликлар биз билан дўст бўлишни истамаётган бўлса, демак, икки томонлама муносабатларга тегишли ўзгартиришларни киритиш лозим”, деб хулоса қилади муаллиф.

    SHARE