Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Саидов билан суҳбат

    akmal-saidovВатандош: Акмал Холматович, бугун Ўзбекистон дунё ҳамжамиятига ўзини қайси жиҳатлари билан намоён эта олди?

    Акмал Саидов: Саволингизнинг қамрови жуда кенг, моҳияти эса ниҳоятда чуқур. Маълумки, Ўзбекистон ўз мустақиллигининг салкам 23 йили давомида, яъни тарихан қисқа муддатда иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, асосан, пахта хом ашёси етказиб беришга мослашган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган қолоқ республикадан ҳар томонлама жадал тараққий этаётган мамлакатга айланиб бормоқда. Бу ҳақда биргина интервью ёки мақола доирасида батафсил маълумот бериш, албатта, ғоят мушкул иш.

    Комил ишонч билан айта оламанки, истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ халқимиз Президент Ислом Каримов ташаббуси билан ишлаб чиқилган ўзига хос ва ўзига мос миллий тараққиёт йўлини танлаб олгани ҳамда шу йўлдан оғишмай келаётгани – Ўзбекистоннинг энг улкан муваффақияти, башарият олдида ўзини муносиб намоён этишига асос бўлган ноёб жиҳатидир.

    Конституциямиз негизига қўйилган талаб ва қоидаларга тўлиқ мос келадиган, дунё ҳамжамиятида “ўзбек модели” деб ном қозонган, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш йўли нақадар тўғри эканини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда. Шу маънода, “ўзбек модели”нинг беш тамойилидан ҳар бирини ҳаётга теран татбиқ этиш бўйича ўтган даврда қандай самараларга эришилгани тўғрисида қисқача тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

    Нега деганда, кейинги икки йил давомида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган бир қатор халқаро анжуманларда элликдан ортиқ давлатдан иштирок этган хорижий мутахассислар она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, таълимни ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш, қишлоқ жойларда намунали уй-жойлар барпо этиш каби соҳаларда эришган ютуқларимизни “ўзбек модели”нинг тўғридан-тўғри самараси дея баҳоладилар. Ва Ўзбекистоннинг бу муваффақиятлари бошқа мамлакатлар томонидан ўрнак олишга муносиб эканини очиқ эътироф этдилар.

    Иқтисодиётни мафкурадан холи қилиш – “ўзбек модели”нинг биринчи тамойилидир. Бу тамойил бизга, авваламбор, собиқ совет иттифоқидан мерос мафкурабозлик асоратларидан қутилиш имконини берди. Юртимизда ҳамма нарса давлатники, хусусий мулкка ҳеч қандай ўрин йўқ, барча соҳалар, шу жумладан, иқтисодиёт “компартия”нинг яккамафкуравий сиёсатига хизмат қилади, ҳатто инсон ҳам давлат механизмидаги арзимас бир мурватча, деган эскича қарашлар Истиқлол шарофати билан барҳам топди. Жамиятимизни янгилаш борасидаги мақсад ва вазифаларимизнинг маъно-моҳиятидан келиб чиқиб баён этилган “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун” деган машҳур шиор эл-юртимиз ўртасида кенг ёйилди.

    Бунинг натижасида мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти 4,1 баробар ўсишига эришилди. Эътибор қилинг: мамлакатимиз аҳолиси айни шу даврда қарийб 9,7 миллионга кўпайиб, бугунги кунда 30 миллион 500 мингга яқин кишига етгани ҳолда, аҳоли жон бошига нисбатан ўсиш 3 баробардан зиёдни ташкил этмоқда. Шунинг ўзи ҳам Ўзбекистон ўтган йиллар мобайнида нақадар улкан тараққиёт йўлини босиб ўтганидан далолат бериб турибди.

    Яна бир мисол. Жаҳон миқёсида ҳали-бери давом этаётган молиявий-иқтисодий инқирознинг жиддий таъсирига қарамасдан, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиши 2008-2013 йилларда 8 фоиздан ошди. Ўз навбатида, халқимизнинг ҳаёт даражаси тобора ўсиб бораётир. Кейинги 23 йилда аҳолининг реал ялпи даромадлари жон бошига 8,2 баробар ошгани бу фикримизни яққол тасдиқлайди.

    Буларнинг барчасига Ўзбекистон иқтисодиётида туб демократик ва бозор ислоҳотларининг амалга оширилаётгани, жумладан, хусусий мулкка кенг йўл очиб берилгани туфайли эришилаётганини халқимиз яхши англайди, бугун жаҳон аҳли ҳам бу аён ҳақиқатни кўриб-билиб турибди.

    “Ўзбек модели”нинг иккинчи тамойили – қонун устуворлигини таъминлаш. Бошқача айтганда, Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратларининг “Куч – адолатда” деган ҳикматли сўзлари Ўзбекистон Президентининг “Адолат – қонун устуворлигида” деган пурмаъно даъвати билан янада бойитилди.

    Бу ҳақда гап борганда, аввало, мамлакатимизда демократик давлат қуришнинг энг асосий талаби бўлмиш ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши, улар ўртасидаги муносабатларда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлайдиган тизим барпо этилгани алоҳида эътиборга сазовор эканини таъкидлаш жоиз.

    Даставвал бир палатали, кейинчалик икки палатали миллий парламент томонидан жамиятимизни эркинлаштириш, бизнес юритиш учун ҳуқуқий ва қонунчилик базаси ҳамда зарур шароитларнинг мунтазам равишда такомиллаштириб борилаётгани иқтисодиётни изчил ва барқарор ривожлантиришда, аҳолимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтиришда катта ўрин тутмоқда.

    Давлатнинг бош ислоҳотчи сифатидаги бошқарувчилик ролини тан олиш  – миллий тараққиёт йўлимизнинг учинчи тамойилидир. Бу ўринда фақат биттагина рақам келтириш билан кифояланаман. Яъни, 2013 йилда “Обод турмуш йили” давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар ижроси доирасида барча манбалар ҳисобидан 6 триллион 930 миллиард сўм ҳамда 471 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфланган.

    Бу рақам, бир томондан, мазкур Дастур бўйича бажарилган ишларнинг ҳажми ва кўлами қанчалар кенг эканини кўрсатса, иккинчи томондан, ушбу маблағларни тўлиқ ва аниқ манзилли йўналтириш ҳамда оқилона тасарруф этиш борасида давлатнинг бош ислоҳотчи сифатида тутган ўрни нечоғли муҳим эканидан далолат беради. Зеро, умуммиллий аҳамиятга молик шу каби дастурлар Ўзбекистонда ҳар йили қабул қилиниб ва изчил бажариб келинмоқда.

    Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 2010 йилнинг ноябрь ойида Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси қабул қилингани ҳақида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Ўз моҳият эътиборига кўра узоқ муддатга мўлжалланган Дастур ҳисобланувчи ушбу Концепция юртимизда амалга оширилаётган демократик янгиланиш ва модернизация жараёнларининг қонуний ва мантиқий давоми бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

    Мазкур Концепцияда бугунги глобаллашув замонида, дунё шиддат билан ўзгариб бораётган бир шароитда ўзаро узвий боғлиқ бўлган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини, сўз ва ахборот эркинлигини, сайлов эркинлигини таъминлаш, сайлов тизимини такомиллаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган.

    Мустамлакачилик тузумининг асоратларидан халос бўлиб, суверен давлат сифатида ташкил топганига ҳали чорак аср ҳам бўлмаган навқирон Ўзбекистонда бундай чуқур миқёсдаги ва улкан қамровли демократик янгиланишларни тўлақонли амалга ошириш учун давлатнинг бош ислоҳотчилик роли, ҳеч шубҳасиз, беқиёсдир.

    Мамлакатимизнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, кучли ижтимоий сиёсат юритиш – бу тўртинчи тамойил. Ўзбекистонда ҳар йили давлат бюджетини қабул қилишда айни ижтимоий соҳани ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилади. Жумладан, 2013 йилда бу соҳага ажратилган маблағлар бюджет умумий харажатларининг 60 фоизини ташкил этган бўлиб, бу 2012 йилга нисбатан 1 триллион сўмга кўп, деганидир. Ана шундай юксак ва барқарор ижтимоий сиёсат дунёни лол этибгина қолмай, ўзининг амалий натижалари билан эл-юртимизнинг, ҳар бир оила ва ҳар бир инсоннинг турмуши обод ва фаровон бўлишига хизмат қилмоқда. Зотан, кўзланган асосий мақсад ҳам шу, аслида.

    Ўзбекистонда янгиланган иқтисодиёт ва янги ҳаёт одамлар умрининг давомийлигида ижобий акс этди, умр ўртача 7 йилга узайди. Бугун юртимиздаги оилаларнинг 98,5 фоизи ўз уйи ёки квартирасига, қишлоқдаги оилаларнинг 97,5 фоизи ер майдончасига эга. Ҳар учта оиланинг биттасида шахсий енгил автомобил мавжуд. Ҳар 100 та оилага ўртача 146 та телевизор тўғри келмоқда. Ҳар бир оилада ўртача 3 та уяли телефон бор. Шунингдек, мамлакатимизда интернет абонентлари сони ўтган йилга нисбатан 18,3 фоизга ўсиб, 7 миллион 100 минг нафарга етди.

    Албатта, ушбу рақамлар кейинги йилларда халқимизнинг нафақат турмуш даражаси ошиб, аввало, ҳаётимиз сифати тобора юксалиб бораётганидан далолатдир.

    Охирги, бешинчи тамойил – сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширишдан иборат. Дунё амалиёти, ён-атрофимиздаги айрим давлатларнинг аччиқ тажрибаси, керак бўлса, ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқдаки, демократик жараёнларни сунъий равишда тезлаштириш, шошмашошарлик, турли инқилобий тўнтаришлар йўли ўта аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.

    Шунинг учун Ўзбекистон танлаган босқичма-босқич, тадрижий ривожланиш йўли халқимиз кўзлаган эзгу ниятларга эришишга, замонавий демократик талабларга жавоб берадиган давлат, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият бўлган, қонун устуворлигини таъминлайдиган жамият барпо этишга олиб келиши муқаррар, деб ҳисоблаймиз.

    Айнан шу тамойилга қатъий риоя этаётганимиз учун, илгари собиқ СССРнинг ночор республикаси, фақат “хомашё базаси” бўлиб келган юртимизда истиқлол йилларида биз учун мутлақо янги бўлмиш автомобилсозлик, моторсозлик ва уларга бутловчи қисмлар тайёрлайдиган соҳаларга, нефть ва газни қайта ишлайдиган, фармацевтика маҳсулотлари, замонавий телевизор ва компьютерлар ишлаб чиқарадиган янги-янги саноат тармоқларига асос солинганига нима дейсиз?!

    Шунингдек, Ўзбекистонда эндиликда озиқ-овқат, енгил саноат, кимё, қурилиш материаллари саноати ва бошқа тармоқлар тўлиқ модернизация қилинган бўлиб, дунё бозорида рақобатдош бўлган товарлар ишлаб чиқарилмоқда. Яқин ўтмишда давлат захирасида қолган атиги икки кунга етгулик дон билан ўта таҳдидли вазиятларни бошидан кечирган мамлакатимиз тадрижийлик негизида ғалла мустақиллигига эришди. Бундай улуғвор натижалар давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида босқичма-босқич қўлга киритилаётгани юртдошларимизга ҳам қувонч, ҳам фахр-ифтихор бағишламоқда, албатта.

    Бундан ҳам аҳамиятли томони шуки, одамларимизнинг дунёқараши ва кайфияти, фикру зикри, уларнинг ҳаётга, ўз меҳнати натижасига муносабати тубдан ўзгариб, гражданлик ва сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти юксалиб бораётир. Бинобарин, инсон онг-тафаккурида кечадиган ўзгаришлар ўз-ўзидан, бирданига амалга ошиб қолмаслиги, айниқса бу йўналишдаги янгиланишлар муайян фурсатни, ислоҳотларнинг тадрижий ва босқичма-босқич жорий қилинишини тақозо этиши ҳар биримизга кундек равшан.

    Алқисса, мамлакатимизда замонавий демократик жамият қарор топмоқда ва изчил  ривожланмоқда, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати юксалмоқда. Бу каби ютуқларга замин бўлаётган иқтисодиётимиз барқарор суръатлар билан ўсмоқда. Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистон бугун шундай ибратли жиҳатлари билан дунё кўз ўнгида барала намоён бўлмоқда, назаримда.

    Ватандош: Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёни қандай кечмоқда? Қандай ютуқларга эришдик-у, қандай камчиликларимиз бор?

    Акмал Саидов: Мамлакатимизда мустақиллик шарофати туфайли  шахс ўз қадр-қиммати, ор-номуси ва ғурурини англаши, “Мен – эркин инсонман” деган туйғуни теран ҳис этиб яшаши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Зеро, мустақиллик – бу ҳуқуқ. Мустақиллик – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг асосий омили. Конституциямизда мустаҳамлаб қўйилган фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари орасида касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш ҳуқуқи мавжуд экани ҳам истиқлол самарасидир.

    Фуқаролик жамиятининг ноёб ва бетакрор миллий институти бўлмиш маҳаллалар фақат бизнинг халқимиз турмуш тарзига, жамиятимиз ҳаётигагина хос миллий демократия мактабидир. Маҳаллалар қадимдан юртимизда тарбия ўчоғи, эзгулик бешиги, урф-одатлар, анъана ва қадриятлар эъзозланадиган халқчил маскан сифатида эътироф этиб келинади. Бинобарин, маҳалла инсонни жамият билан бирга яшашга ўргатадиган, шу руҳда тарбиялайдиган беқиёс макондир.

    Ҳозирги кунда юртимизда 10 мингдан ортиқ фуқаролар йиғинлари ва ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллалар мавжуд. Мамлакатимизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларининг сони 6 минг 500 тадан ортди. Фуқаролик жамиятининг оммавий ахборот воситалари каби муҳим институти ҳам жадал ривожланиб бормоқда. Бугун фаолият олиб бораётган 1 минг 250 дан зиёд оммавий ахборот воситасининг аксарияти нодавлат ҳисобланади.

    Ўзбекистонда аҳолининг турли ижтимоий ва социал гуруҳлари манфаатларини ифодаловчи, юртимизда шаклланаётган фуқаролик жамиятининг асосий институтлари нуфузи ҳамда таъсирини кучайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ўз галида, “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамиятига” ўтиш жараёни ҳам мустаҳкам ҳуқуқий асосда, Конституция устуворлиги тамойилига мувофиқ равишда кечмоғи даркор.

    Шу маънода, истиқлол йилларида мамлакатимизни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтиришга, фуқароларнинг энг муҳим социал-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилингани диққат сазовордир. Кейинги йилларда фуқаролик жамияти институтлари тизимида нодавлат нотижорат ташкилотларини тобора ривожлантириш, уларнинг мустақил иш юритиши ва чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, шунингдек, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Ҳомийлик тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди.

    Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг «Нодавлат нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қўшма қарори  алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

    Ўз навбатида, Олий Мажлис ҳузурида Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда ушбу Жамоат фонди маблағларини бошқарадиган, таркибига ваколатли вакиллари билан бирга депутатлар, молиявий тузилмаларнинг масъул ходимлари кирган Парламент комиссиясининг ташкил қилингани ва самарали фаолият олиб бораётгани эътиборга сазовордир.

    Мазкур комиссиянинг фаолияти «учинчи сектор» деб ном олган фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга давлат бюджетидан ажратилган молиявий маблағларни янада очиқ, ошкора, аниқ йўналтирилган ва энг муҳими, демократик асосда тақсимлашни таъминлаш имконини бермоқда. Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан грантлар бўйича берилаётган маблағлар миқдори сўнгги уч йилда 2 баробар кўпайди. Бу эса нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ташкилий-техникавий ва иқтисодий негизини мустаҳкамлашга самарали таъсир кўрсатмоқда.

    Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда, 2013 йил 12 декабрда қабул қилинган “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллигини янада оширишга қаратилгани билан алоҳида эътиборга моликдир.

    Жумладан, 2014 йилнинг 1 январидан нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи миқдори 5 баравар, уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимлар миқдори 2,5 баравар камайтирилди. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатлари шу вақтгача амалда бўлган икки ой ўрнига, эндиликда бир ой муддатда кўриб чиқилади.

    Қарорда белгиланганидек, юридик шахслар олти ой мобайнида банк ҳисорб варақлари бўйича пул операцияларини ўтказиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган тақдирда уларни тугатиш учун асос бўлишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 53-моддаси қоидаси нодавлат нотижорат ташкилотларига жорий этилмайди.

    Шу каби яна бир қатор имтиёз ва енгилликлар, такомиллаштирилган ва соддалаштирилган ташкилий-ҳуқуқий механизм ва тартиб-таомиллар асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари тизимини кенг ривожлантириш, ўз навбатида, мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизациялаш бўйича ислоҳотларни амалга оширишда мазкур тизимнинг роли ва аҳамиятини тубдан кучайтиришга хизмат қилиши тайин.

    Бугунги кунда фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистонда демократик қадриятлар, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини оширишнинг муҳим омилига айланмоқда. Биргина нодавлат нотижорат ташкилотлари мисолида олиб қарайдиган бўлсак, бу тузилмалар соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, бандликни таъминлаш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш соҳаларидаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича дастурларни амалга оширишга, шунингдек, ҳуқуқий меъёрларни ишлаб чиқиш жараёнига кенг жалб қилинмоқда.

    Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида тайёрланаётган қонун лойиҳалари, айни пайтда катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бошқа қонун ҳужжатлари бўйича жамоатчилик ўртасида муҳокамалар ўтказилаётир. Бу ҳам, фикримизча, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг мавқеи ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини кўрсатувчи муҳим мезондир.

    Ватандош: Шу кунларда Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси, чунончи, сизнинг қўмитангиз “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси устида фаол иш олиб бормоқда. Жамоатчилик назоратини яхлит қонун остида тартибга солиш кўплаб мамлакатлар тажрибасида учрамайди. Бу, албатта, биринчи ўринда фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги билан боғлиқ жараён. Айтинг-чи, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги ишларимизга сунъийлик бағишламайдими? Бу қонун жамиятда қандай ўзгаришларга олиб келади?

    Акмал Саидов: Жамоатчилик назорати – фуқаролик жамиятининг ажралмас белгиси. Фуқаролик жамиятини шакллантиришда, айниқса, давлатнинг иқтисодий соҳага, хўжалик юритувчи тузилмалар, биринчи навбатда, хусусий сектор фаолиятига аралашувини чеклаш ҳамда қонунлар ижроси бўйича давлат ҳокимияти органлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш билан боғлиқ масалалар алоҳида устувор аҳамият касб этади.

    Ўзбекистонда жамоатчилик ва фуқаролик назорати институти жамиятнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлаш, одамларнинг кайфиятини, мамлакатда кечаётган ўзгаришларга муносабатини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланиб бормоқда. Бугунги кунда жамоат ташкилотларининг обрўси ошиб, мустаҳкамлангани сари фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги роли жамиятимизда тобора ортмоқда.

    Узоқ ўтмишда шаклланган ноёб жамоат институти бўлган маҳалла тизими бугунги кунда “маҳалла – халқ виждони” деган муносиб таърифга тўла жавоб беришини ва жамиятимиздаги ислоҳотлар учун мустаҳкам таянч бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлаш лозим. Табиийки, бу таъриф одамларнинг дардини, кундалик ўй-ташвишларини яқиндан тушунишда, уларнинг оғирини енгил қилишда энг халқчил идора бўлган маҳалла тизимига нисбатан юксак ишонч, демакдир.

    Ўзбекистонда маҳалла институтига фуқаролик жамияти тизимидаги ҳал қилувчи бўғин сифатида қаралаётганининг муҳим сабабларидан бири шундаки, маҳаллалар давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича кенг қонуний ваколатларга эга. Миллий қонунчилигимизда маҳалла тизимига бу борада йигирмадан ортиқ йўналишларда жамоатчилик назоратини амалга ошириш билан боғлиқ ваколатлар берилган.

    Юқорида қайд этиб ўтилган муҳим дастуриламал ҳужжат – Концепцияда, жумладан, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида” каби янги қонунлар қабул қилиниши зарурлиги белгилаб қўйилган. Албатта, бу қонунларнинг қабул қилиниши мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг янада ривожланишига эришиш, амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг очиқ-ошкоралиги ва самарадорлигини таъминлашда, уларнинг ролини кучайтиришда муҳим ўрин тутади.

    Ватандош: Сиз инсон, бола ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари бўйича БМТнинг тегишли тузилмалари миллий маърузаларни тақдим этиб келишда бош-қош бўлиб келасиз. Айтинг-чи, халқаро ташкилотлар бу борадаги Ўзбекистон фаолиятини қандай баҳоламоқда, бу борадаги ишларни янада яхшилаш учун қандай тавсиялар бермоқда?

    Акмал Саидов: Истиқлол йилларида юртимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланди. Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, қонуний манфаатларни таъминлашда изчил ва тизимли сиёсат барча йўналишларда амалга оширилмоқда. Жумладан, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари тобора такомиллашиб бормоқда.

    Ўтган даврда инсон ҳуқуқлари муҳофазаси йўлида мустаҳкам қонунчилик тизими барпо этилди. Жумладан, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир 8 та конституциявий қонун, 15 та кодекс ва 600 дан ортиқ қонун қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Хайрия тўғрисида”ги каби қонунларнинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга пухта замин бўлиб хизмат қилди.

    Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари устунлиги конституциявий асосда эътироф этилади. Бугунги кунда мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан зиёд халқаро ҳужжатлар, хусусан, БМТ томонидан инсон ҳуқуқлар бўйича қабул қилинган 10 та асосий халқаро шартномани ратификация қилиб, ўзининг халқаро мажбуриятларини мунтазам равишда бажариб келмоқда. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш соҳасида миллий манфаатларимизга мос тамойиллар асосида хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган.

    Хусусан, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари координатори, Халқаро меҳнат ташкилоти, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, хорижий мамлакатларнинг элчихоналари, Халқаро қизил хоч жамияти, Германиянинг техник ҳамкорлик бўйича жамияти, Ф.Эберт, К.Аденауэр номидаги жамғармаларининг ваколатхоналари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг фаол ҳамкорлари қаторига киради. Халқаро шериклар билан ҳамкорликда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада мустаҳкамлаш, ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга йўналтирилган турли лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.

    Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва давлат органлари фаолиятининг амалиётига инсон ҳуқуқлари бўйича асосий халқаро ҳуқуқий ҳужжатларнинг имплементация қилиниши мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини яратишга ёрдам берди. Ўзбекистонда БМТнинг шартномавий қўмиталарига ҳисобот бериш бўйича халқаро талабларга жавоб берадиган тизим шакллантирилган.

    Бу айниқса мамлакат зиммасига олган халқаро мажбуриятларини бажариш юзасидан миллий маърузаларни ўз вақтида тайёрлаши ва жўнатиши мисолида яққол намоён бўлмоқда. БМТ шартномавий қўмиталарининг даврий миллий маърузаларни кўриб чиқиш якунлари бўйича Якуний тавсиялар ва таклифларни бажариш бўйича Миллий ҳаракат режаларини тайёрлаш ва қабул қилиш ушбу тизимнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

    Кейинги 15 йил ичида БМТнинг шартномавий қўмиталарига фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича 30 тадан зиёд маъруза тақдим этилди ва 10 тадан ортиқ Миллий ҳаракат режалари қабул қилинди. Хусусан,  2013 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 24-сессиясида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг аҳволи тўғрисидаги Универсал даврий шарҳ доирасида Ўзбекистон Республикасининг иккинчи Миллий маърузаси муҳокама қилинди ва мазкур масала бўйича якунловчи ҳужжат қабул қилинди.

    Ҳозирги вақтда фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек халқаро шериклар билан кенг кўламли маслаҳатлашувлардан сўнг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг тавсияларини бажариш юзасидан Миллий ҳаракат режаси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Унда Универсал даврий шарҳ доирасида тавсияларни амалга ошириш бўйича аниқ тадбирлар, ижро муддатлари ҳамда давлат органлари, таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат масъул ижрочилар белгилаб қўйилади. Миллий ҳаракат режаси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши тавсияларини бажаришда ҳам миллий, ҳам халқаро шерикларнинг ҳамкорлиги учун асос вазифасини ўтайди.

    Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин. Энг муҳими, нуфузли халқаро ташкилотлар, БМТнинг шартномавий қўмиталари тавсияларини амалга оширишда Ўзбекистон миллий қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштиришга, шунингдек аҳолининг энг ночор гуруҳлари, хусусан, болалар, аёллар, имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга жиддий эътибор қаратаётганини алоҳида таъкидлашни истардим.

    Ватандош: Сизнинг нотиқлигингиз, ёш бўлишингизга қарамай қўлга киритган ютуқларингиз кўплаб ёшлар учун ўрнак бўлади. Бугун Ўзбекистон ёшлари Ватан тақдирига муносабатини, ўз етакчилик қобилиятларини намоён эта оляптими? Уларнинг фаолиятидан қониқаяпсизми?

    Акмал Саидов: Ўзбекистонда 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилингани бежиз эмас. Умуман олганда, мустақиллик даврида баркамол авлодни вояга етказиш нуқтаи назаридан юртимизда ҳар бир йилнинг муайян аниқ ном билан аталиши ва тегишли давлат дастурининг изчиллик билан амалга оширилиши эзгу анъанага айланган. Ва бу ўзининг ажойиб самараларини бермоқда.

    Етмиш йилдан ортиқ муддат ҳукмбардорлик қилган собиқ тузум давомида ўз куч-салоҳияти, билими ва иқтидори, санъати ва маҳоратини халқаро майдонда намойиш эта олган ўзбек ёшлари битта қўлнинг бармоқлари билан санайдиган даражада озчиликни ташкил қилган бўлса, истиқлол шарофати билан ҳар йили юзлаб ёшларимиз дунё миқёсида ўтказилаётган турли беллашувларда Ўзбекистон байроғини, демакки, эл-юртимиз шаън-шавкатини юксакларга кўтармоқдалар.

    Масалан, яқинда ақл-заковат мусобақаси бўлмиш шахмат бўйича жаҳон чемпиони унвонига эришган 8 яшар Нодирбек Абдусатторов эндигина бошланғич синфда таълим олмоқда. Юртимизнинг яна бир жажжи ва шавкатли фарзанди – 5 яшарлигида шахмат бўйича Осиё чемпиони бўлган Исломбек Синдоров эса ҳали мактаб остонасини ҳатлаш арафасида турибди.

    Ҳолбуки, ана шу иқболи порлоқ Ўзбекистон ёшларининг ота-оналари, бобо-бувилари куни кеча буюк аждодларимиз Алишер Навоий ҳазратлари 9 яшарлигида битган ғазали билан ўз устозини ҳайратда қолдиргани, Заҳириддин Муҳаммад Бобур 12 ёшида тахтга ўтиргани ҳақидаги тарихий далилларни фақат китобларда ўқиган, уларга орзу-ҳавас қилиб яшаган одамлардир. Демак, мустақиллик Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсоннинг ёруғ орзу-истаклари ушалиши учун ҳам буюк имкониятлар яратди. Юртимиз ёшларига эса учқур қанот берди.

    Истиқлол даври ёшлари, албатта, Ватанимизга садоқат, халқимизга меҳр-муҳаббат, буюк келажагимизга комил ишонч руҳида камол топмоқда. Биз ёшларимизга ишонамиз, улар билан фахрланамиз. Президентимизнинг таъбири билан айтганда: “Биз таянчимиз ва суянчимиз, ғуруримиз ва ифтихоримиз бўлмиш болаларимизга, фарзандларимизга ишонч билан, ҳурмат-эътибор билан қарашни келажагимизга бўлган ишонч, миллатимизга, халқимизга бўлган ҳурмат-эҳтиром ифодаси, деб биламиз”.

    Ватандош: “Ватандош” газетаси учун интервью беришга розилик берганингиз учун ташаккур билдирамиз.

    SHARE