Ўзбекистон — Қирғизистон: ўзаро муносабатлардаги турғунлик даври тугаяптими?

 

Қирғизистон бош вазири Жанторо Сатибалдиев (чапда) ва Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев.  Gov.Kg
Қирғизистон бош вазири Жанторо Сатибалдиев (чапда) ва Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев. Gov.Kg

2013 йил 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қирғизистон Республикасининг Тошкентдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Эмилбек Узоқбоевни қабул қилди. Учрашувда икки давлат ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шуни қайд этиш керакки, шу йилнинг 24-25 декабрь кунлари Тошкентда Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари даражасида сиёсий ва консуллик масалалари бўйича маслаҳатлашувлар бўлиб ўтади.

Маслаҳатлашув Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон бош вазири Жанторо Сатибалдиев ўртасида 28 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда эришилган келишувларга мувофиқ ташкил этилмоқда.

Маслаҳатлашувлар доирасида иккитомонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги муносабатлар, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларининг иккитомонлама ва кўптомонлама форматдаги истиқболларини муҳокама қилиш режалаштирилмоқда.

Хўш, бу учрашувлар нимадан дарак беради?

Тан олиш лозим, бугун Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кўнгилдагидек деб бўлмайди. Айниқса, трансчегаравий дарё сувларидан фойдаланиш, чегара масаласида икки давлат ўртасидаги ҳал қилинмаган қатор муаммолар бор. Шу билан бир қаторда, ўзаро иқтисодий ва савдо алоқалари яхши ривожланмагани натижасида ўзаро товар айирбошлаш 150 – 250 миллион долларни ташкил қилмоқда.

Икки давлат ўртасидаги бевосита сиёсий мулоқотлар ҳам анчадан бери суст бўлиб турганди.  Ҳатто 2013 йилнинг бошига қадар икки йил мобайнида Ўзбекистон Қирғизистонга элчи тайинламай келаётган эди. Шу йилнинг бошида Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси Комил Рашидовдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиш маросимида бунга алоҳида урғу берган эди.

“Бизни Ўзбекистон, Тожикистон сингари давлатлар билан Яратганнинг ўзи бирлаштирган. Биз ҳеч қачон қанақадир провакацион ҳаракатларга алданиб қолмаймиз. Фақат кўпасрлик дўстлик, қўшничилик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш йўлидан борамиз. Бизда неча йилки Ўзбекистон элчиси йўқ эди. Умид қиламанки, сиз турли провакация, миш-мишлар шароитида, Ўзбекистонга ҳақиқатни етказишга ва вазиятни ойдинлаштиришга барча саъй-ҳаракатларингизни йўналтирасиз. Биз Ўзбекистон раҳбарининг донишмандлигига бир неча бор — 2010 йилда, ўтган йили ҳам, бу йил ҳам гувоҳ бўлганмиз”, деди Атамбаев, жумладан.

А.Атамбаев (чапда), К.Рашидов (ўнгда). Қирғизистон президенти расмий веб-сайти.
А.Атамбаев (чапда), К.Рашидов (ўнгда). Қирғизистон президенти расмий веб-сайти.

Шу йилнинг ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг саммити доирасида Тошкентга ташриф буюрган Қирғизистон бош вазири Жанторо Сатибалдиев Шавкат Мирзиёев билан олиб борган мулоқотларидан сўнг узоқ йиллик турғунлик тарқалаётганидан дарак берувчи ҳаракатлар бошланди.

Шавкат Мирзиёев  мазкур учрашувда аниқ таклифни ўртага ташлади: «Жанторо Жўлдошевич, келинг, келишиб оламиз, бугунги учрашувимиз якунига кўра на сиз томондан, на биз томондан бирорта вазир ўзаро муносабатлар масаласини келишиб олмагунича, ҳеч қаерга кетмайди. Жорий учрашув бизга иккитомонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари фикр алмашиш ва энг муҳими – мураккаб масалалар ечимини топиш бўйича яхши имкониятдир», – дея қайд этди бош вазир.

Ўшанда Ўзбекистон бош вазири учрашувга кўплаб вазирлик ва идоралар раҳбарлари таклиф этилганини қайд этди. «Чегаранинг қайд этилган қисмлари бўйича зарур ҳужжатларни имзолашдан манфаатдормиз», – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўз навбатида, Жанторо Сатибалдиев Қирғизистон томони ўзбек-қирғиз муносабатларининг барча жиҳатлари бўйича конструктив мулоқотга тайёр эканлигини билдирди.  «Сўнгги вақтларда кўплаб муаммолар тўпланиб қолдики, уларни ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ҳал этиш керак. Қирғизистон Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга катта аҳамият беради. Ҳукуматлараро қўшма комиссия имкониятларидан фаолроқ фойдаланишни таклиф этаман. 2009 йилдан бошлаб комиссиянинг бирорта ҳам мажлиси ўтказилгани йўқ. Биргаликда саъй-ҳаракатлар натижасида яқин вақт ичида Қирғизистон-Ўзбекистон ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг навбатдаги мажлисини Бишкек шаҳрида ўтказа олишимизга ишончим комил. Ҳар доим исталган масала бўйича консенсус топиш мумкин, муҳими – мулоқотни бошлаш. Бугунги учрашувимиз ўзаро ҳамкорлигимизни сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқиш учун катта умид беради», – деди Жанторо Сатибалдиев.

Мазкур учрашувда Бош вазирлар ҳамкорликни ривожлантиришга халал бераётган масалаларни босқичма-босқич ҳал этишга келишиб олишганлиги қайд этилган эди.

Умуман, Ўзбекистон — Қирғизистон ўртасидаги бугунги “илиқлашув”ни ўзига хос давр талаби сифатида баҳолаш мумкин.

Аввало, Ўзбекистоннинг Хитой билан ҳар томонлама алоқалари тобора кенгайиб бормоқда. Хитой, ўз навбатида, Марказий Осиё бозори ва табиий ресурсларига янада чуқур кириш мақсадида турли лойиҳаларни амалга оширмоқда. Янги транспорт коридорлари, “Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой” темир йўл магистралини барпо этиш ва бошқа инфратузилма иншоотларини қуриш режалаштирилмоқда. Шу боис Ўзбекистон имкон қадар тезроқ ушбу мамлакат билан “орани очиқ қилиш”га  ва ўзининг транспорт коридорлари  бўйича қарамлигига барҳам беришга интилмоқда.

Иккинчидан,  Ўзбекистон минтақада кечаётган интеграция жараёнларини (Божхона иттифоқи, Евроосиё ҳамжамияти) жиддий кузатиб бормоқда. Ўзбекистон МДҲ доирасида ҳамда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бугунги кунда мамлакат учун энг мақбул йўл деб ҳисобламоқда. Қирғизистон ҳам Божхона иттифоқига кириш ниятини билдирган бўлса-да, унинг мамлакат миллий манфаатларига нечоғли мос тушишига шубҳа билан қарамоқда. Чунки Қозоғистон ва Беларусь аллақачон бу интеграция жараёнидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар зиён кўраётганини қайд этишмоқда.  Шу йилнинг май ойида Божхона иттифоқига кириш учун ариза берган Қирғизистон раҳбари Алмазбек Атамбаев яқинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Биз ҳеч кимнинг босимига учмаймиз. Мамлакатимиз миллий манфаатлари ҳисобга олинган ҳолдагина Божхона иттифоқига қўшиламиз”, деди. Шунинг учун Ўзбекистон учун бу жараёнларда ёлғизланиб қолиш кўп ҳам фойда келтирмайди.

Учинчидан, Ўзбекистон — Қирғизистон ўртасидаги оғриқли масалалардан бири — газ етказиб бериш масаласи кун тартибидан қарийб олиб ташланди. Гап шундаки, “Қирғизтрансгаз” компанияси яқинда “Газпром” тасарруфига ўтди. Бу ўз-ўзидан Қирғизистонни табиий газ билан таъминлаш Қирғизистон ҳукуматининг эмас, балки Ўзбекистоннинг яқин ҳамкори бўлган “Газпром”нинг зиммасига ўтди, дегани.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Қирғизистон билан ҳамкорлик алоқаларида ўта очиқ ва фаол иш олиб боради, ўзаро муносабатларда янги босқич бошланди, дейишдан йироқмиз. Чунки Қирғизистондаги давлат ва жамият қурилиши тизими, одамларнинг дунёқараши Ўзбекистонникидан анча фарқ қилади. Бу шароит ҳам Ўзбекистоннинг босиқ, совуққон ва ёпиқ сиёсий ҳаракатлар олиб боришини талаб қилади.

Энг муҳими, ҳар қандай шароитда ҳам икки қўшни давлат ўртасидаги мулоқотларнинг жадаллашаётганини ижобий ютуқ сифатида қабул қилиш лозим. Чунки эртами-кечми, икки давлат ижтимоий-иқтисодий интеграция жараёнларига киришади. Шу боис бу жараёнга ҳозирдан тайёргарликни бошлаб, ўзаро мулоқот механизмларини шакллантириб олиш айни муддаодир.

Мурод ҒОФУРОВ.