Ислом Каримов: салбий иллатлар «андиша» ва «ўзбекчилик» билан оқланмаслиги керак

     Сарвар Ўрмонов / ЎзА
    Сарвар Ўрмонов / ЎзА

    Аввал хабар қилинганидек, 19 декабрь куни Ўзбекистон президенти фармони билан Сурхондарё вилояти ҳокими ўз лавозимидан озод қилинди. Президент  Фармонига асосан, Эшдавлат Турсунович Жўраев Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимига тайинланди.

    Ислом Каримов ушбу қарори ҳақида фикр юритар экан, вилоят бошқарувида тартиб-интизом сусайиб, ишни самарали ташкил қилиш эътибордан четда қолаётганини, юзага келаётган ўткир муаммо ва камчиликларни гўёки сезмагандек, кўрмагандек, беғам-бепарво бўлиб юриш ҳолатлари тобора кучайиб бораётганини айтиб ўтди. “Ва бундай нохуш ҳолат барчамизни ташвишга солмаслиги мумкин эмас», — деди Ислом Каримов.

    Ислом Каримов ўз сўзида давом этар экан шундай деди: раҳбарлар борки, уларнинг бепарволиги, ўз манфаатини, ҳузур-ҳаловатини кўзлаб, манманлик, бошқаларни менсимаслик, қўполликка берилиб, ахлоқий томондан, ўзининг юриш-туриши билан бошқаларга ўрнак бўлмаслиги, албатта, мутлақо тескари натижа ва оқибатларга олиб келиши муқаррар.

    Президентнинг сўзларига кўра, Н.Чориев, айниқса Сурхондарё вилояти ҳокими этиб тайинланганидан кейин, ўз лавозимини суиистеъмол қилишга, турли ички майлларга, хоҳиш-истакларга берилиб кетгани, фақат ўз ҳузурини ўйлагани, шунинг ҳисобидан вилоятнинг қанча-қанча муаммолари ечилмасдан қолиб кетгани бугун тобора аён бўлмоқда.

    «Албатта, барчамиз яхши тушунамиз, халқимиз ўртасида юзхотирчилик, одамнинг шаънига тегмаслик, уни аяб гапириш каби одатлар азалдан мавжуд. Бунинг номини андиша дейди. Лекин бугунги кунда раҳбар ёки унинг атрофидаги одамларнинг хато ва камчиликларини билатуриб айтмаслик, уларни яшириб юришни ҳам андиша деган сўз билан изоҳлашга уринишлар бўляпти. Бошқача айтганда, эскидан қолган иллатларни оқлайдиган ҳолатларга индамасдан қараб туриш ҳам андишага айланиб қоляпти. Биз андишани бундай тушунишлардан мутлақо халос бўлишимиз керак», — деди президент.

    Н.Чориевнинг ён-атрофидаги одамларнинг унга бўлган муносабатини балки шундай тушуниш ҳам мумкин. Лекин эй барака топкур, гап фақат сенинг ўзинг ҳақингда эмас, балки эл-юрт манфаати ҳақида борганда ҳаддидан ошган раҳбарни, келинг, эй жаноб, бир гаплашиб олайлик, деб айтмаслик – бу ўзбекона андиша эмас. Бундай қарашларга бутунлай чек қўйиш шарт, деди давлат раҳбари.

    Ҳаммамиз бир ярим йил олдин бу одамга катта ишонч билдириб, уни Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасига сайлаган эдик, деб фикрини давом эттирди Юртбошимиз. Ўтган вақт давомида бу раҳбарнинг дунёқараши, маънавий савияси қандай экани яққол аён бўлди.

    Биз раҳбарларга доҳий деб эмас, аввало эл-юрт манфаатини ҳамма нарсадан улуғ қўйиб, унга хизмат қиладиган инсон деб қараймиз.

    Айтиш керакки, доҳийлик эски совет даврига хос иллат бўлиб, унинг қолдиқлари баъзи жойларда ҳозирги вақтда ҳам кўзга ташланиб туради.

    Ўзини доҳий деб ҳис қилиш, доҳий сифатида кўрсатиш, шунга интилиш ва ишониш – бу ҳам бир касаллик. Агар бу касаллик бўйича тегишли мутахассис шифокорнинг фикрини сўрайдиган бўлсангиз, у бундай одамга аниқ ташхис қўйиб беради.

    Президент шу борада яна бир бало борлигини айтдики, у ҳам бўлса, раҳбарнинг ён-атрофида доимо парвона бўлиб юрадиган хушомадгўй лаганбардорлардир. Улар ўз ишини битиргунча “ака-ака” деб, “буюринг, хизматингиздамиз” деб, иродаси заиф бўлган раҳбарни бузади, йўлдан оздиради.

    “Ўзбекистон” телеканалида намойиш этилган кўрсатувда қайд этилишича, Ислом Каримов   «вилоятнинг биринчи раҳбари Нормўмин Чориев томонидан ўзига бино қўйиш, қўл остидаги ходимларга қўпол муносабатда бўлиш, айш-ишратга берилиш, шунинг оқибатида эл-юрт олдида обрўсини йўқотиш, унга билдирилган ишонч ва ҳурматни бутунлай унутиш»гача борганлигини таъкидлаган.