Ўзбекистон ҳақида нега хорижлик сиёсатшунослар таҳлилларини ўқиймиз?

Фарҳод Толипов/Gazeta.Uz
Фарҳод Толипов/Gazeta.Uz

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов мамлакатда сиёсатшунослар роли ва аҳамияти жуда паст бўлиб қолмоқда. Сиёсатшуноснинг Gazeta.Uz сайтида ёзишича, Ўзбекистонда кечаётган сиёсий жараёнлар ҳақида хорижлик муаллифларнинг илмий ишлари ва таҳлилий мақолаларини ўқишга кўпроқ ҳаракат қилинади. “Биз ўз мамлакатимиз ҳақида жуда кам ҳолатларда ўзимизнинг, миллий таҳлилчиларимиздан таҳлилий материалларни ўқиймиз”, — деб ёзади муаллиф.

Олимнинг фикрича, мабодо Ўзбекистон олимларининг қандайдир илмий изланишлари чоп этилса ҳам, уларнинг хорижлик олимлар даражасига етишига анча бор бўлади. Ўзбекистонда сиёсий тадқиқотларнинг илмий-назарий ва ресурс базаси жуда кучсиздир.

Фарҳод Толипов “Ўзбекистон сиёсатшунослик мактаби” шаклланмаганлигини ёзади.

Муаллифга кўра, 2013 йилнинг бошидан мамлакатда сиёсатшуносликка ихтисослаштирилган факультет ва кафедраларнинг барчаси расман ёпилган. Сиёсатшунослик бўйича докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича илмий кенгашлар ҳам тугатилган. “Ўзбекистонда сиёсатшунослик факультетларининг ёпилишига тузукроқ жавоб топиш қийин, бу вақтинчалик қарор, деб умид қиламиз”, — деб ёзади Фарҳод Толипов.