Ўзбекистонда Tethys Petroleum Ltd фаолиятини текшириш бошланган

    Tethys Petroleum Limited
    Tethys Petroleum Limited

    Ўзбекистонда Tethys Petroleum Ltd компанияси фаолияти юзасидан комплекс текшириш бошланган. «Новый век» газетаси сайтининг “РИА Новости”га таяниб хабар беришича, компания қазиб олинган нефтни ўзлаштиришда гумон қилинмоқда.

    Агентлик манбасининг айтишича, қазиб олинган ҳамда Ўзбекистон тарафига тегишли бўлган нефтни ўзлаштирганини аниқлангани боис компаниянинг молиявий-хўжалик фаолияти текширилмоқда. Манбанинг маълум қилишича, компания 30-40 миллион доллар атрофида давлат мулкини  ўғирлаган бўлиши мумкин.

    Хабарда келтирилишича, ноябрь ойида нефтни ўғирлаганликда айбланиб, республика ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Tethys раҳбари Баҳром Салоҳиддинов ҳибсга олинган. Агентлик айни пайтда компания ходимлари билан боғланиш имконини бўлмаганини айтади.

    Tethys Petroleum Ltd компанияси 2010 йилдан Қашқадарё вилоятидаги “Шимолий Ўртабулоқ” конида суюқ углеводорд қазиб олиш бўйича лойиҳани амалга ошириб келаётган эди.

    Ҳозирги кунда мазкур конда кунига 1,5 минг баррель атрофида нефть қазиб олинади. 2012 йилда Tethys Petroleum Ltd “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси билан “Чегара” конида нефть қазиб олишни ошириш тўғрисида шартнома имзолаган. Ўзбекистон мутасаддиларининг қайд этишича, бу шартноманинг йиллик миқдори 390 минг тоннани ташкил қилади.

    Tethys Petroleum Ltd матбуот котиби Женнифер Макдональдс компания Ўзбекистон қонунлари асосида фаолият юритганини қайд этиб, компания ходимларига нисбатан эълон қилинган айбловни “асоссиз” деб атаган.