Ўзбекистонда байрам кунлари хавфсизлик чоралари кучайтирилади

1320913261_8692

Ўзбекистонда  Президент арчаси, Янги йил байрами тадбирларининг юқори савияда, муносиб ва кўтаринки руҳда ўтишини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Раҳмат Маматов ЎзА мухбири билан суҳбатида маълум қилган.

Мазкур режага мувофиқ, айни кунларда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар, барча шаҳар ва туманлар марказларида, қишлоқ ва маҳаллаларда, байрам тантаналари ўтадиган ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, фавқулодда ҳодисаларнинг олдини олиш, ёнғин ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш юзасидан алоҳида гуруҳлар иш олиб бормоқда.

Ҳар бир қишлоқ, овул, қўрғон ва маҳаллада ички ишлар идоралари ходимлари, профилактика инспекторлари, маҳалла посбонлари, фаоллар, маҳалла оқсоқоллари, таълим-тарбия соҳаси вакиллари иштирокида аҳолини огоҳлик ва ҳушёрликка даъват этувчи учрашувлар, маърифий тадбирлар ўтказилаётир.

Мамлакатнинг чегара ҳудудларида ички ишлар идоралари ходимларининг хизмати кучайтирилган тартибда олиб борилиши йўлга қўйилди. Шаҳарлар ва туманлар марказларида ички ишлар идоралари ходимлари ва маҳалла посбонларидан иборат патруль гуруҳларининг ҳушёрлиги ва фаоллиги янада оширилди.

Ички ишлар идораларининг муҳим вазифаларидан бири бўлган фуқароларнинг паспорт-виза қоидаларига амал қилишини таъминлаш борасида фуқароларни доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан яшаш ҳолатларини аниқлаш, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатимиз ҳудудида бўлиш қоидаларига амал қилиши алоҳида назоратга олинган.

Байрамни тинч ва осуда ўтказиш учун жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни янада кучайтириш, жамоат тартибини сақлаш, жиноят содир этишга мойил шахсларни аниқлаб, уларга жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда ижобий профилактик таъсир кўрсатиш мақсадида “Тозалаш – антитеррор” тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилмоқда. Бундай тадбирларда маҳаллий ҳокимликлар, ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотларининг яқин ҳамкорлиги йўлга қўйилгани қўл келмоқда. Профилактик ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида маҳаллалар, корхоналар, ташкилотлар ва ўқув муассасаларида учрашувлар ўтказилмоқда.

Байрам тадбирлари ўтказиладиган жойларда нохуш ҳолатларнинг юзага келишига йўл қўймаслик мақсадида маҳаллий ҳокимликлар қошидаги оммавий тадбирларни ўтказиш бўйича махсус комиссиялар аъзоларидан иборат гуруҳлар ташкил этилиб, байрам билан боғлиқ барча объектларнинг техник ва ёнғин хавфсизлиги ҳолати атрофлича ўрганиб чиқилмоқда.

Вазир ўринбосари кўра, пиротехника воситаларини қонунга хилоф равишда мамлакатимизга олиб кириш, сотиш ва фойдаланиш ҳолатлари, кам бўлса-да, ҳамон учраб турибди. Шу боис ички ишлар, солиқ идоралари, божхона қўмитаси ва жамоатчилик вакилларидан иборат махсус гуруҳлар иштирокида мамлакатимиз ҳудудида пиротехника маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бўйича тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.

SHARE