Дилларни дилларга боғлаган байрам тадбири — Бруклинда ватандошларнинг Янги йил байрами

1526237_398265533641132_286240990_n

Хабарингиз бор, жорий йилда ташкил этилган “Vatandosh” жамияти Америкада истиқомат қилаётган ватандошларимизни бирлаштириш, уларнинг ўзаро яқинлигини мустаҳкамлаш мақсадида турли тадбирларни ўтказиб келмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири сентябрь ойида бўлиб ўтган эди. Маҳаллий тил билан айтганда пикник, аниқроғи бунақа катта йиғилишда тахминан 600 нафарга яқин ватандошлар, меҳмонлар йиғилишиб яқинлари, таниш-билишлари даврасида мазмунли ва асосийси қувонарли вақт ўтказишди.

Яна шундай тадбирлардан бири — Янги йил айёми ҳам ана шундай кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Янги йил айёми бундай катта миқёсдаги иккинчи йирик тадбир бўлиб, байрам оқшомида 350 нафарга яқин киши иштирок этди. Тадбирни Ўзбекистон Республикасининг Нью-Йоркдаги Бош консули ёрдамчиси Салоҳиддин Сиддиқов очиб берди.

Ўзаро фикр алмашиш, чин маънода дўстона дастурхон атрофида мулоқот қилиш, куй-қўшиқларимиз оғушида рақсга тушиш таомилида ўтган мазкур байрамда болажонлар учун турли ўйинлар, ҳамма иштирокчилар учун лотерея ўйинлари ташкил қилинди. Ҳамюртларимиздан бири эса ана шундай лотерея ўйинида ноутбук ютиб олди.

 Жамият кайвонилари ва фаолларидан бўлмиш Жўра Бўтакўз, “Ўзбек гуллари” — Замира Салим ҳамда Фароғат Зокировага жамият номидан ташаккурнома тақдим этилди.

Айниқса, “Vatandosh” жамияти қошида ташкил этилган тил курслари ўқитувчилари — Жефф ва Криснинг ўзбек тилида меҳмонларни байрам билан қутлаши барчанинг гулдурос қарсакларига сазовор бўлди.

Санъаткорлар, хусусан, Муҳаббат Шамаеванинг чиқиши Янги йил айёмига ўзгача шукуҳ ва кайфият бағишлади.

1538900_398350223632663_27131817_n

Жамият аъзолари ушбу тадбирни уюштиришни ёрдам берган барчага чин дилдан ташаккур билдириб, Янги йилда муваффақият, омад, оилавий хотиржамлик тилайди.

1506767_398351330299219_1659144617_n

IMG_2119