Владивосток туғуруқхонаси қабул қилмаган Шоира Улашева Ўзбекистонга қайтиб келган

    Шоира Улашева (с) kp.ru
    Шоира Улашева (с) kp.ru

    Ноябрь ойида Владивостокдаги туғуруқхона акушерлари қабул қилмагани учун кўчада кўзи ёришига бир баҳя қолган Ўзбекистон фуқароси Шоира Улашева Ўзбекистонга қайтди.

    “РИА Новости”нинг хабар беришича, у болалари билан поездда Ўзбекистонга етиб олган. Поезд чипта ҳақини эса ўзбекистонликлар ва ўзбекларнинг “Адолат” жамоат ташкилоти олиб берган.

    Агентликнинг ёзишича, Шоира Улашеванинг эри оиласига пул жўнатиб туриш учун Владивостокда қолган.

    Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи бошида Россия Федерациясининг Владивосток шаҳридаги туғуруқхона “тез ёрдам” бригадаси томонидан олиб келинган ўзбекистонлик ҳомиладор аёлни қабул қилмаган. Маҳаллий аҳоли дард тутган ҳомиладор аёлни йўл ёқасида кўришган.

    Тунги соат 1.00да туғуруқхона эшиги қўнғироғини чалиб, ёрдам сўрашган, полиция ва фавқулодда вазиятлар бўлимига телефон қилишган. Воқеа жойига биринчилардан бўлиб полиция етиб келган. Улар “тез ёрдам” бригадаси шифокорлари билан биргаликда аёлни туғуруқ учун қабул қилишга акушерларни кўндиришга муваффақ бўлишган.

    Шунга қарамай, тиббиёт муассасасининг кичик ходимлари ҳомиладор аёлга ёрдам беришга мажбур бўлишганидан норози бўлишган. Ўзларининг бевосита вазифасини бажаришдан бўйин товлаган шифокорлар ўз ҳаракатларини ҳомиладор аёл Ўзбекистон фуқароси эканлиги ва тиббий суғурта ҳамда туғиш учун тегишли маблағга эга эмаслиги билан исботлашган.

    Полиция ходимлари махсус замбилда олиб киришган. Орадан кўп ўтмай гўдак дунёга келди.