Сирожиддин Саййид: “ётоқхонада, ёрнинг қулоғига шивирлаб айтилиши лозим бўлган, ҳатто, шунга ҳам арзимайдиган “изҳор”ларни ашула қилишдан уялиш керак”

DSC07819_1

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг фикрича, шоир қанақадир далли-девона, хаёлий ё бетутуруқ бир кимса эмас, бугунги дунё, жамият, ҳаёт ва тирикликнинг бор орзу ва изтироблари, эврилишлари ва соғинчларини ўзида мужассам этган ўйчан чуқур мулоҳазали, собит қиёфадаги жиддий шахс сифатида намоён бўлиши керак.

Шоир “Оила даврасида” газетаси ўқувчилари саволларига жавоб берар экан, ҳозир ўзи ёзиб, ўз куй басталаб, ўзи ижро этадиган, ҳатто рақсига ҳам ўзи тушиб берадиган ажабтовур ижрочилар пайдо бўлганини айтиб ўтди.

“Уларнинг “қўшиқ” қилиб айтаётган пойинтар-сойинтар гаплари авваламбор шеър эмас, иккинчидан қўшиқ сифатида бирор-бир кўнгилга таъсир қилишига ишонмайман, илгари ҳам айтувдим: ётоқхонада, ёрнинг қулоғига шивирлаб айтилиши лозим бўлган, ҳатто, шунга ҳам арзимайдиган “изҳор”ларни ашула қилишдан уялиш керак”, — дейди шоир.

Сирожиддин Саййид, шунингдек, ҳар бир хонадон ўзбек халқ достонлари туриши учун уларнинг янги қайта нашрлари масаласини жиддий ўйлаб кўриш кераклигини айтади. “Масалан, мен ўзимга керак бўлган “Тоҳир ва Зуҳра”ни яқинда тасодифан кўҳна китоблар дўконидан топиб олдим”, — дейди халқ шоири.

Сирожиддин Саййид бугунги ўзбек адабиётининг хориж тилларига таржимасидан кўнгли тўлмаслигини айтади. Шоир Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси бу борада айрим ишларга қўл ураётганини таъкидлади. Унинг фикрича, иқтидорли талабалар ва тил билгич муаллимлардан иборат янги таржимонлик мактаби йилдан-йилга шаклланаётир.