Ўзбекистонда Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллиги нишонланади

13159774248620-big

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарорга имзо чекди. Қарор матни ЎзА сайтида эълон қилинди.

Қарорда келтирилишича, миллий адабиётимиз ва маданиятимизни ривожлантириш, халқимиз маънавияти, онгу тафаккурини юксалтириш, ёш авлод қалбида ўзликни англаш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини, эзгу фазилатларни камол топтириш борасида ёрқин истеъдоди, бетакрор бадиий асарлари, ибратли ижтимоий фаолияти билан катта ҳисса қўшганини инобатга олиб ҳамда таваллудининг 60 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланади.

Мазкур таклиф билан Президентга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва жамоатчилик вакиллари мурожаат қилган.

Ташкилик қўмитага бир ой муддатда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини юқори савияда нишонлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш топширилган. Ушбу режада шоирнинг “Сайланма” асарларини, “Муҳаммад Юсуф замондошлари хотирасида” тўпламини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, шоирнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш, мамлакатдаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида шоир ижодига бағишланган учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш кўзда тутилиши белгилаб берилган.

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф яшаган Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Пушкин-Солор кўчаси, 1-уйда ёдгорлик лавҳаси ўрнатилади.

Президент мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилишни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклатган.

SHARE