Ислом Каримов: “Сарҳадларимиздаги вазиятни жиддий тарзда мураккаблаштириши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз вақтида аниқлашни таъминлаш Қуролли Кучларнинг асосий вазифаси”

    10786

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 22 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табриги йўллади. Табрик ЎзА сайтида эълон қилинди.

    Табрикда бугунги кунда дунёда ва ён-атрофимизда юз бераётган можаро ва тўқнашувлар, радикализмнинг кучайиши, Афғонистондаги урушнинг ҳамон давом этаётгани ва бу муаммони ҳал этиш борасида мавҳумлик сақланиб қолаётгани, терроризм ва диний экстремизмнинг фаоллашаётгани, тажовузкор наркотрафикнинг кенг тус олаётгани, чегараларимизга бевосита яқин ҳудудларда хавф-хатар кучайиб бораётгани – буларнинг барчаси бизда чуқур ташвиш ва хавотир уйғотмасдан қолмаслиги тилга олинади.

    Президентнинг қайд этишича, тинчликпарвар кучларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар учун жиддий синовга айланиши, бизнинг жанубий сарҳадларимизда ва чегарадош ҳудудларда кескинликнинг янада кучайишига олиб келиши мумкин.

    “Бундай мураккаб ва оқибатини олдиндан айтиб бўлмайдиган жараёнларнинг барчаси бугунги кунда ҳаммамиздан юксак даражадаги ҳушёрлик ва огоҳликни, чегараларимизда кескинликни келтириб чиқаришга қаратилган уринишларга йўл қўймаслик бўйича қатъий чораларни кўришни, мамлакатимизга қарши қаратилган ҳар қандай тажовузкор хуружларга Қуролли Кучларимизнинг ўз вақтида ва муносиб зарба бериш қобилиятини таъминлашга доимо тайёр туришимизни талаб этмоқда”, — дейилади президент табригида.

    Ислом Каримов чегарадош ҳудудларда ва бутун минтақадаги тез ўзгариб бораётган аҳволни аниқ мақсад асосида тизимли равишда чуқур таҳлил ва прогноз қилиб бориш, сарҳадлардаги вазиятни жиддий тарзда мураккаблаштириши мумкин бўлган террорист ва экстремист кучлар хатти-ҳаракатларининг фаоллашув эҳтимоли билан боғлиқ бўлган хавф-хатарларни ўз вақтида аниқлашни таъминлаш Қуролли Кучлар, Мудофаа вазирлиги, Бош штаб ва ҳарбий округлар штабларининг асосий вазифаси бўлиши кераклигини айтади.

    Мамлакат хавфсизлигига нисбатан, биринчи навбатда, чегара ҳудудларида вужудга келадиган хатарларнинг олдини олиш бўйича, ҳарбий округлар ва чегара қўшинлари бўлинмалари томонидан биргаликда олиб бориладиган ўзаро мувофиқлаштирилган жанговар операцияларни ўтказиш учун, доимий тайёргарликни таъминлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш даркорлигини таъкидлар экан, бундай шароитда Давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш учун жалб этиладиган бўлинмаларнинг бир-бирининг ўрнини босишга ҳар томонлама қодир бўлиши ва юксак даражада келишиб ҳаракат қилиши, шунингдек, уларнинг биргаликдаги жанговар тайёргарлиги ҳал қилувчи роль ўйнаши зарурлигини уқтиради.

    “Бу борада Қуролли Кучлар ва ҳарбий округлар қўмондонлиги томонидан қўшинларнинг амалдаги ўқув ва жанговар тайёргарлик тизимининг танқидий баҳоланиши ўта муҳим аҳамият касб этади. Ушбу тизим яқин ва ўрта муддатга мўлжалланган истиқболда минтақада юзага келадиган реал ҳарбий-сиёсий вазият талабларига тўла жавоб бериши керак”, — деди президент.

    Ислом Каримов, шунингдек, хорижий мамлакатларда тўпланган тажрибани атрофлича ўрганиш асосида чегара қўшинлари ва Мудофаа вазирлиги қисмларининг, вертолёт-ҳужум ва махсус операцияларни амалга оширадиган бўлинмаларнинг, биргаликдаги ҳаракатларга жалб этиладиган бошқа қўшин турларининг ўзаро ҳамкорлиги бўйича, турли модель ва вариантларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган.

    Президентнинг айтишича, қисм ва бўлинмаларни мазкур тузилмаларнинг жанговар қобилиятини сезиларли равишда ошириш имконини берадиган, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника турлари билан таъминлаш бўйича қабул қилинган режа ва дастурларни тўлиқ ва ўз вақтида амалга ошириш асосий вазифамиз бўлиб қолиши даркор.

    Жанговар тайёргарликни сақлаш учун, шунингдек, янги қурол-яроғ ва ҳарбий техника намуналарини ишлаб чиқарадиган ва уларни модернизация қиладиган қўшма корхоналарни ташкил этиш учун мамлакатдаги ишлаб чиқариш ва таъмирлаш базасини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни кучайтириш лозим.

    Президент ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларини ҳал этиш, уларни ҳар томонлама қулай уй-жойлар, замонавий социал-маиший шарт-шароитлар, сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш бўйича қабул қилинган давлат дастурларини тўлиқ рўёбга чиқариш ва ана шу мақсадлар учун ажратиладиган “бюджет маблағларини янада кўпайтириш масалалари ҳам эътиборимиз марказида бўлиб қолиши даркор”лигини алоҳида айтиб ўтган.