БЎТАКЎЗНОМА: Ватандошлар ҳаётидан саҳифалар

Туркистонни мустамлака сифатида ушлаб турган “Оқ империя” (1721-1917) ва “Қизил империя” (1917-1991) даврларини ўрганиб, улардан керакли хулоса чиқаришда сусткашлик борлиги аниқ. Тарих – ҳақиқат чироғи. Ҳақиқат эса шуки, тарихимизнинг бу қора саҳифаларида минглаб аждодларимиз қатлиом қилиниб, моддий ва маънавий бойликларимиз талон-тарож қилингандир.

Она юртинг омон бўлса,  ранги рўйинг сомон бўлмас,  
Гарчи бошқа ҳеч вақонг йўқ,  ўтган кунинг ёмон бўлмас.
Қурбақадек сайрасанг-да,  сенингдек хуш забон бўлмас,  
Юртингдек йироқ-яқин,  кўрганингдек замон бўлмас.

                                                                                                           Жўра БЎТАКЎЗ

Жўра Бўтакўз
Жўра Бўтакўз

Рус халқи билан миллий ва сиёсий низоларнинг олдини олиш мақсадида тарихнинг бу қонли саҳифаларини кўрмасликка олиш ёки “унутиш” ҳақиқат юзига оёқ қўйиш билан баробар ва бу йўлда қурбон бўлган аждодларимиз руҳига ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас.  Қолаверса,  рус халқининг ҳам мазкур империализм ва болшевизмдан кўрган талофатлари талайгина.

“Бўтакўзнома” болалик чоғида болшевиклар зулмидан Ватанни тарк этишга мажбур бўлган Жўра Бўтакўзнинг ҳаётий кечинмаларини акс эттирган.  Муаллиф ушбу асари орқали нафақат ўз ҳаётини,  балки ўзига ўхшаган минглаб ватандошлари тақдирини ҳикоя қилади.

Туркистон халқининг хорижий мамлакатларга чиқиб кетиши турли даврий воқеалар билан боғлиқ бўлиб,  энг катта кўчиш Октябрь инқилобидан сўнг,  Совет ҳукумати қурилиб,  20-30-йилларда қишлоқ хўжалигини коллективлаштириш “ислоҳоти” орқали хусусий ерларнинг тортиб олиниши оқибатида юз берган.  Жўрақори Бўтакўз ва у каби бошқа минглаб ватандошларимизнинг чет мамлакатларга чиқиб кетиши шу даврга тўғри келади.

Бўтакўз ўз кўзи билан кўрган воқеаларни ҳикоя қилиб бериш орқали ўша даврдаги ижтимоий ҳаётни,  халқнинг ички кечинмаларини,  зулм,  адолатсизлик ва босқинчиликнинг оддий ўзбек оилалари ҳаётида қандай акс этганини тасвирлаб берган.

Ватанни тарк этиш қанчалар оғир бўлгани туркистонликлар Амударёдан кечиб ўтаётиб ўқиган қуйидаги дуодан маълум:

“Ей азиз юртимиз,  биз сени ташлаб кетаётганимиз йўқ.  Ўз юртида оч қолиб,  сенга ҳужум қилиб кириб келаётган босмачи руслар зулмидан қочиб кетишга мажбур бўлдик.  Берган нозу неъматингга рози бўл,  она юртим.  Қайтиб кўра оламизми йўқми,  билолмаймиз.  Доимо кўнглимизда яшайсан. Сени унутмаймиз.  Авлод-аждодимиз ҳам унутмайди.  Энди,  улуғ тангрим,  бизга марҳамат қил,  бизга оқ йўл бергин,  омин”.

Botako'znomaДунёнинг турли бурчакларига сочилиб кетган бу юрт фарзандларининг айримларига Ватанни қайта кўриш насиб этди,  аксариятига эса йўқ…

Жўра Бўтакўз ана ўша оз сонли бахтиёрлардан.  У нафақат Ватанига қайта олди,  балки унинг озодлигини ҳам кўрди, у ерда узоқ йиллар ишлаб яшаш шарафига ҳам муяссар бўлди.

Бу китобнинг Ўзбекистонда чоп этилиши,  ундаги кўп сўзларнинг бугун кенг оммага эркин ва тўғри етиб бораётгани ана шу озодликдан,  бахтиёрликдан,  дейди Бўтакўз.

“Эй азиз улусим,  асирликдан қутилганимизга керагича шукур қилмаяпмиз.  Чет элларда юртимизни кўролмаганлар бор.  Тамалда ҳар жиҳатдан юртни,  улусни юқориларга кўтариб,  ривожланган давлатлар изидан бормоқдамиз”,  – дея ёзади муаллиф.

Жўра Бўтакўз 1928 йил Андижон шаҳрида туғилган.  Ватанни тарк этгандан кейин дунёнинг кўплаб давлатларида яшади.  1996-йилдан бери АҚШда истиқомат қилади.  Ўзбекистонда “Ватан ва Жамият”,  “Ойдин” газеталарида ишлаган.  “Турклар бирлиги”,  “Сани шаънингга ўлкам”,  “Ҳийлагар тулки” китоблари муаллифи.  Навбатдаги китоби автобиографик асар бўлиб,  муаллифнинг ўз кўзи билан кўрган кўплаб тарихий воқеа-ҳодисаларни жамлагани боис катта илмий-тарихий аҳамият ва қимматга эга.

Китоб 2013 йил Алишер Навоий Миллий кутубхонаси нашриёти томонидан чоп этилган.  365 саҳифадан иборат.  Масъул муҳаррир Тоҳир Малик.

Китобни ўқишга қизиққан ватандошларимизни info@vatandosh.com электрон почтаси орқали бизга мурожаат қилишларини сўраймиз.